Маълумки, аср вабоси дея аталмиш ОИВ инфекцияси ҳам ҳаёт учун жиддий хавф туғдириши билан бирга жамиятга катта ижтимоий ва иқтисодий зарар етказмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу касалликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда.
Қабул қилинган Президент қарорларига мувофиқ одамнинг иммунитет танқисли вируси келтириб чиқарадиган хасталик тарқалишига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, Мингбулоқ ва Учқўрғон туманларида очилган туманлараро диагностик лабораториялар ОИВнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Мингбулоқ туманлараро диагностик лабораторияси Жомашўй шаҳарчасида қад ростлади. Унинг биносини "ODN ODIL STORY" МЧЖ қурувчилари бунёд этишди. Объектда 1 миллард 320 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағи ўзлаштирилди. Фойдаланишга топширилган лаборатория Мингбулоқ ва Наманган туманлари фуқароларидан олинган қон намуналарини таҳлил қилишга ихтисослашган. 8 киши фаолият олиб борадиган тиббиёт маскани ҳудудда ОИВ инфекцияси билан зарарланган беморларни эрта аниқлаш, аҳолини мазкур инфекциядан муҳофазалаш ишлари самарадорлигини ошириш имконини беради.
Яқинда мазкур масканнинг тақдимоти ўтказилди. Унда сўз олганлар мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар кўлами ортиб бораётганлигини таъкидлар эканлар, диагностик лаборатория фаолиятига омадлар тилашди.
Куннинг иккинчи ярмида Қўғай қишлоғида Учқўрғон туманлараро диагностика лабораторияси ҳам очилди.
ВССБ ахборот хизмати