Назиржон - Норин фарзанди. Эллик тўрт кўкламни кўрган бу йигит, аввало, инсон сифатида элда обрў - эътибор топган, қолаверса, яхши мутахассис, самимий ва бетаъма раҳбар мақомига муносиб яшаяпти ва ишлаяпти. Сийловларга мушаррафлиги ҳам шунга яраша. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, вилоят тиббиёт бошқармасининг қатор - қатор Фахрий ёрлиқларига сазоворланган. "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони соҳиби. Баъзиларга ўхшаб кибрга бериладиганлардан эмас. "Бу иш менинг раҳбарлигимда бажарилди" деб кўкрак керадиганлардан эмас. Қанчалик куйинчак бўлса, шунчалик суюнчакдир у. Мўлжалидаги иш силжимаса, қовоғи уюлади-ю, кейин юришиб кетса, юзларига табассум дарров ёйилади. Гиналардан нарилиги тенгу тўшига ҳам, кичигу каттага ҳам маъқулу манзур.
У кўп ишласаям, кам гапирадиганлар тоифасидан. Мақтанишдан йироқ, хушомадга хуши йўқ. кўнгли қилдек нозик. Ноҳақликни, адолатсизликни кўрса озор чекмасдан туролмайди. Ҳақ гапни ўрнида юзингизга айтишга одатланган. Ортингиздан тош отишни билмайди. Бу хислату одатларининг ҳаммаси унинг атрофида дўсту қадрдонларни кўпайтирди. Даврадошлари яхшиларнинг сараси бўлишига имкон яратди.
Вилоятда хусусий тиббиётни ривожлантиришга раҳномолик Назиржоннинг зиммасига 2008 йили юклатилган эди. Яқингача ҳалол ва фаол уддалади бу ўта масъулиятли вазифани. Шу ўтган ўн тўрт йил мобайнида ВССБнинг лицензиялаш ва аккредитациялаш секторининг бош мутахассиси сифатида эҳ-ҳе-е, қанчадан-қанча ўзгаришлар, янгиликлар жараёнини оқилона тутуми билан барқарор мувозанатда ушлаб тура олди. Ислоҳотлар рўёби учун қонунлар доирасида фаолият юритишга тадбиркор-шифокорларни сафарбар этиш заҳматини сира-сира чекишдан чарчамади.
Унинг учун таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик, дўсту биродарлик ўз йўлига. Ноқонуний хатти-ҳаракатни кўрса ёки эшитса, тоқат қилолмайди. Ўз ўрнида ундайларни "тормозлайди" яхши гап билан, оқибатини аввалдан англатиш билан врачнинг фойдаси беморнинг зиёнидан келмаслигига эришади. Фақат ва фақат икки томонлама манфаатли қутлуғ қадамларни қўллаб-қувватлайди. Халқнинг ризолигини бош масала деб ҳисоблайди. Инчунин, ризолик бор жойдан одам аримайди. Топилаётган ризқдан барака аримайди, врачу бемор ўртасидан қадр-қиммат, меҳр оқибат аримайди. Шуни доимо уқтиради у ҳамкасбларига, соҳадошларига.
Назиржондаги хотиржамлик - лоқайдлик эмас, аксинча, хусусий секторга тааллуқли Ўзбекистон Республикаси Қонунларини, Президент Қарор ва Фармонларини яхши билгани ва илгаридан фаолият юритаётган ҳамда янги очилаётган нодавлат хусусий давогоҳларда изчилу тўкис бажарилишини йўлга қўйганидан эди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ўзим гувоҳиман, айрим янги муассаса очаётган тадбиркор-шифокорлар қатъий тиббий талабларни юз фоиз бажарилиши учун зарур шароитлар яратмасидан рухсат кутадилар. Назиржон эса, шошилмайди. Бориб кўради, тайёрлигидан кўнгли тўлсагина фаолият бошлаши мумкинлигини айтади. Ахир яхши ниятдаги ишнинг ортидан эртага ташвиш устига ташвиш туғилишини асло-асло истамайди. Ана энди хусусий сектор тармоқлари кенгайиши, кўпайиши ва юксалишини тасдиқловчи рақамларни келтирсак: агар Назиржон янги ишга киришган пайтлар вилоятда 80 - 90 та хусусий тиббий муассаса ташкилланган бўлса, ҳозирда 430 тага етди. Ёки 4 - 5 бараварга кўпайди. Яширишнинг ҳожати йўқ. Эндиликда шундай шифогоҳлар борки, улар давлатга қарашли энг илғор муассасалар билан бемалол рақобатлаша олади, ҳатто илгарилаб кетганлари ҳам анчагина. Намангандаги ислоҳотлар Республика миқёсида юқори баҳоланаётгани бежиз эмаслигининг далолати булар.
Яқинда Назиржон Давлатовнинг ҳаёти ва иш фаолиятига доир мамнунбахш хушхабар тарқалди. У Наманган вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармасининг бош мутахассиси лавозимига тайинланди. Демак, керакли кадр - топади қадр. Соҳа нотаниш эмас, хизмат кўлами яна вилоят доирасида кечади. Ҳар, қандай вазифани талаб даражасида бажариш кўникмасини тўла эгаллаган Назиржоннинг қалби эзгу ниятларга лиммо-лимлиги аниқ. Бугунги саъй-ҳаракатлари эртага ютуқларга барокатлар беришига ишончимиз комил.
Назиржоннинг бошқалардан яна бир устун жиҳати бор. У ҳам бўлса, ижодкорлигидир. Тўғри, аслида шоирликка даъвоси йўғу, аммо-лекин кўнглини тўлқинлантирган туйғуларини назмга солмасдан туролмайди. "Шифокор ва ҳаёт" газетаси мухлисларига тез-тез янги-янги шеърларини илиниши керак-ку, ахир! Биз ўзидек самимий, ўзидек ёқимли сатрларидаги сермаъноликни қадрлаб, уларни ўқувчиларга етказишга муяссарланаверамиз. Келинг, яхшиси, улардан бири - "Меҳр кўзда"ни ўқиб кўринг-да, кейин фикр-мулоҳазаларимизни хулосалармиз.
Меҳр кўзда эмас, сўзда,
Чунки сўзнинг кўзи бор.
Кишиларни лол айлаган
Минг турланар юзи бор.
Меҳр кўзда эмас, сўзда,
Сўз ширину аччиқдир.
Гоҳо шодлик, гоҳо қалбга
Озор берар санчиқдир.
Меҳр кўзда эмас, сўзда,
Минг ўйини бор сўзни.
Ростдан ёлғон, мифдан чинни
Бут қилиб боғлар кўзни.
Меҳр кўзда эмас, сўзда,
Сўз - бу оламу борлиқ.
Гар соф бўлса, қалб қўридан
Меҳрни қилар тортиқ.
Меҳр кўзда эмас, сўзда,
Сўзланг ширин чиройлик.
Ахтаришиб бир-биримиз
Оқибатли бўлайлик!
Беихтиёр ўйга толамиз. Нориннинг Тўда қишлоғидаги Узоқбой ота билан Донохон аянинг зурриёди - Назиржон Давлатовнинг давлати намунча кўп? Меҳрибон турмуш ўртоғи, шифокор ўғил-қизлари, элга нафли стоматолог-врачлиги, муносиб мавқеъ-мартабаси, баланд обрў-эътибори, қалбига дастиёр қалами...
Кўз тегмасин сизга ҳеч қачон, Назиржон Узоқович!
Содиқ САЙҲУН.