Маълумки, давлат тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш билан ёнма-ён диагностика ва муолажалар учун алоҳида пуллик бўлимлар ташкил қилинган.

Улар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси пуллик хизмат бўлими бошлиғи Ҳошимжон Асқаровга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

- Ҳошимжон ака, кўпчилик пуллик хизматни фақат хусусий тиббиёт муассасаларида деб тушунишади. Уларнинг назарида, давлат тиббиёт муассасаларида, айниқса шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли шифохоналарда барча хизматлар бепул-ку, деган эътирозлар уйғонади. Шу ҳақда алоҳида тушунча бериб ўтсангиз?

- Тўғри таъкидладингиз. Юртдошларимиз орасида, шу маънода ўзимизга ҳам баъзан мурожаат бўлиб туради. Бепул ва пуллик хизмат тўғрисида батафсил маълумотлар берганимиздан сўнггина, улар қайси хизматдан фойдаланиш танловини ўзлари ҳал қилишади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ давлат тиббиёт муассасаларида ҳам пуллик хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги 2107-сонли Фармони бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, вилоятимизда ҳам аралаш молиялаштириш тизими йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сонли "Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори негизида бюджет муассасаларидаги бўш турган ҳамда фойдаланилмаётган бино-иншоотлар, ерлардан оқилона фойдаланиш мақсадида ижарага бериш ҳамда аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатиш (кафолатланган бепул хизматдан таш­қари) йўлга қўйилган ва бу жараён ҳанузгача давом этмоқда.

Аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларга яхши имконият ва шарт-шароитларни яратиш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасида ҳам тўлиқ ҳўжалик ҳисобидаги бўлим фаолият юритиб келмоқда.

- Сизнинг мазкур бўлимга мутасадди этиб тайинланганингизга олти ой бўлди. Назаримизда, шу қисқа вақт мобайнида фаолият доирасида анчагина ўзгаришларга асос солишга ҳам улгурдингиз?

- Шифохонага ишга келгач, бу ердаги шароитларни ўрганиб, раҳбарият билан келишган ҳолда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Бирлашма бошлиғи Шокиржон Ҳайдаровнинг ташаббуси, ишбилармонлиги, барча ишга сидқидилдан ёндашиши оқибатида яқин 3 ой ичида пуллик хизмат кўрсатишдан топилган маблағнинг соф фойдаси ҳисобига собиқ маъмурий бино мукаммал таъмирланиб, 20 ўринли тўлиқ хўжалик ҳисобидаги бўлимга айлантирилди. 4 та икки ўринли ва 1 та бир ўринли "люкс" ва "ярим люкс" хоналар барпо этилди.

- Янглишмасак, пуллик хизмат негизида пластик хирургия амалиёти йўлга қўйилган. Бу вилоятда ягона ҳисобланади, шундайми?

- Албатта. Шифохонада самарасиз ишлаётган бўлим ўрнида пластик жарроҳлик бўлимини ташкил қилдик. Бўлимнинг очилиши вилоят ва шаҳар аҳолисининг Тошкент ва бошқа олис ҳудудларга бориб пластик жарроҳлик амалиётини ўтказиш муаммосидан халос этди. Бундан фуқаролар жуда мамнун бўлишмоқда.

Шу билан бирга ИФА лабораторияси фаолиятини ҳам ташкилладик. Бу қулайлик шаҳардаги барча тиббиёт ходимларининг тиббий кўрикдан ўтишида шу ернинг ўзида гепатит В, гепатит С каби касалликларга таҳлилларни топшириш имконини беряпти.

- Келгусида аҳолига яна қандай қулайликларни яратиш кўзда тутиляпти?

- Ҳозирда шаҳар тез ёрдам бўлимини 4-оила поликлиникаси биносига кўчириб ўтказилиш арафасида. Яқин орада унинг ўрнида бальнеология ва физиотерапия бўлимларини очмоқчимиз. Шифобахш минералларга бой ванна, циркуляр душ, массаж хизмати йўлга қўйилади. Парафинда даволаш бошланади. Электр ёрдамида даволовчи турли ускуналар келтирилади. Натижада беморлар учун янада қулай шароит ва қўшимча ишчи ўринлари яратилади. Мазкур хизматлар ҳисобига, албатта, пуллик хизмат кўлами ҳам кенгая­ди.

Ҳалқимизни малакали ва сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлишлари учун шаҳар туғруқ комплексининг гинекология бўлимида пуллик хизмат турларини очишни режалаштирганмиз. Шунингдек, кўп тармоқли марказий поликлиникадаги пуллик тиббий кўриклар хизмати кўламини кенгайтирмоқдамиз.

Манзура ЭРГАШЕВА суҳбатлашди.