"Ёшлар маркази"да вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармасининг "Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг очилишида бошқарма бошлиғи Нурмуҳаммад Турғунов, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси "Нуронийлар" кенгаши бўлим бошлиғи Абдурашид Болтабоевлар сўзга чиқдилар. Улар якка ёлғиз ва кексаларнинг жонкуяр ва ғамхўрлари бўлган ижтимоий ходимларнинг машаққатли ва савобли фаолиятларини мамнуният билан тилга олдилар. Танлов иштирокчиларига муваффақиятлар тиладилар.
Ҳакамлар ҳайъати танлов иштирокчиларининг ҳар бир чиқишларини зийраклик билан кузатиб, муносиб баҳолаб бордилар.
Ниҳоят, 3 нафар ижтимоий ходим ҳакамлар ҳайъатининг эътирофига сазовор бўлдилар. Учинчи ўринга Мунира Йўлдошева (Чуст тумани), иккинчи ўринга эса Гавҳархон Мамаджонова (Тўрақўрғон тумани) лойиқ кўрилдилар. Биринчи ўрин, яъни мутлақ ғолиблик Гулчеҳра Низомовага (Давлатобод тумани) насиб этди. У танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ғолиб ва иштирокчилар танлов ташкилотчиларининг "Фахрий ёрлиғи" ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Манзура ЭРГАШЕВА.