Дунё "Covid-19"дан ҳамон азият чекмоқда. Кўплаб мамлакатлар ўз вақтида қатъий чора-тадбирлар қўллагани учун унинг ёвуз чангалидан халқини имкон қадар камталофат билан олиб чиқиб кетмоқда. Бизнинг Ўзбекистонимизда ҳам шундай. Халқ давлат паноҳида омонлик топди. Оммавий жудоликлар рўй бермади. Лекин эҳтиёткорликни унутганлар кўп уқубат тортишди. Кимлардир яқинларидан ҳам айрилди. Шунга қарамай, икки муҳим омил туфайли вируснинг урчишига барҳам беришга эришилди ҳисоб.
Аммо, ҳали қувонишга, хотиржам кайфиятга берилишга эрта. Буни ҳозирги ҳолатнинг ўзиёқ кўрсатиб турибди. Ҳаёт маромига тушиб бораётган бир пайтда ниқобсиз юриш, оралиқ масофани сақламасликнинг оқибати ташвиш ва кулфатни туғдириши аён ҳақиқат. Шунинг учун Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борадаги аввалдан ўрнатилган тартибларни давом эттиришни, коронавирусдан ҳимояланиш талабларини кучайтиришни мақсадга мувофиқ, деб топмоқда. Янги ҳафтадан коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи яна кенгайди.
Республика махсус комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда масъул раҳбарлар ҳисоботлари эшитилиб, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинди.
Биринчи навбатда касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирларида аҳоли фаоллигини ошириш мақсадида, 50 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқароларни ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами қаторида босқичма-босқич Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эмлаш тадбирларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, сўнгги кунларда инфекция билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлигини инобатга олиб, ҳудудларда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга йўналтирилган тиббиёт муассаларининг тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилиш ва зарур дори воситалари захирасини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кунларда айрим қўшни мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлиги, шу жумладан мамлакатимизда ҳам ушбу инфекция билан касалланиш бироз ортганлигини инобатга олиб ҳалқимиздан шахсий масъулиятни оширган ҳолда жамоат жойларида ниқобда бўлиш ва ижтимоий масофани сақлаш каби талабларга риоя этишларини сўраб қолади.