Чортоқда ўтказилган очиқ мулоқотда туман ҳокимлиги ва вазирлик мутасаддилари иштирокида ёшлар масалаларига ечим изланди.
Туманларда ҳоким ва секторлар раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари анъанага айланди. Вазирликлар мутасаддиларининг туманларга келиб ёшларнинг муаммо ва камчиликларини биргаликда муҳокама этишаётгани ҳам айни муддао бўлмоқда. Чунки ёшларни қийнаётган муаммолар, масалалар орасида республикага боғлиқ бўлганлари ҳам учрайди. Бу каби очиқ мулоқотлар ана шундай мурожаатларга тезкор ечим топишга туртки бўлаётгани билан аҳамиятлидир.
Чортоқ маданият марказида ўтказилган "Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви"да Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амирулло Иноятов, туман ҳокими Анваржон Отаходжаев иштирок этиб, ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб бордилар.
Туман ёшларининг даволаниш, ногиронлик аравачаси олиш, ишга жойлашиш, уй-жой, контракт тўлови учун ёрдам, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби масалалардаги мурожаатлари эшитилди.
Очиқ-ошкора руҳда ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, муаммолар юзасидан мутасаддиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, саволларига тўлақонли жавоблар олишди. Аксарият масалаларнинг жойида ҳал этилгани мурожаат қилган ёшларга катта мотивация бўлди. Қолганларининг ижобий ечими юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Шунингдек, бир гуруҳ ёшларнинг даромад манбаини яратиш мақсадида уларга парранда инкубаторийлари топширилди.
"Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви"да доирасида Чортоқ туманидаги ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Чортоқ тумани "Дилдош" маҳалласида яшовчи Муножот Юсуббаеванинг хонадонига борилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Шунинг баробарида унинг фарзанди Асадбек Ёқубовга ногиронлик аравачаси берилиб, "Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви"да йўлланган мурожаат шу куннинг ўзида қаноатлантирилди.