Шу йил февраль ойида Президентимиз вилоятимизга ташрифи давомида Наманган шаҳридаги "Саховат уйи" шароитлари билан танишгач, ушбу маскан учун замонавий бино қуриш юзасидан топшириқ берганди. Орадан тўрт ой ўтиб, Давлатобод туманининг Орзу маҳалласида 120 ўринли, шинам ва барча қулайликлар муҳайё бўлган "Саховат уйи" фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқов, Республика Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори Алишер Инақов сўз олиб, мазкур маскан якка-ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ўз бағрига олиб, меҳр ва ғамхўрлик оғушида кексалик гаштини суришлари учун барпо этилган ижтимоий муассаса сифатида хизмат қилажагини таъкидладилар.
- Бунёдкорлик жараёнларини икки сменада ташкил этдик, - дейди бош пудратчи - "Келажак мегастрой" МЧЖ раҳбари Адҳамжон Сувонов. - Биринчи сменада 450 нафаргача, иккинчи сменада эса 130 нафаргача қурувчи астойдил меҳнат қилди. 3 ойу 25 кунда иншоот битказилди. 120 ўринли мазкур уйни қуриш мобайнида Президентимизнинг кўрсатмаси диққат-эътиборимизда бўлди. Ишимиз ҳам сифатли, ҳам ўз муддатида бажарилиши учун масъулиятни чуқур ҳис қилдик. 1,68 гектар майдонда лойиҳа қиймати 18 миллиард 300 миллион сўм бўлган қурилиш, пардозлаш-жиҳозлаш ишларини амалга оширдик.
Ўтган давр мобайнида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан уч марта ушбу маскандан фойдаланувчилар иштирокида саёҳат уюштирилди. Бундан асосий мақсад қўшимча қулайликлар борасида билдириладиган мулоҳазаларни инобатга олиш эди. Вақтни мазмунли ўтказиш учун кутубхона, сартарошхона, чеварлик, рассомлик ва устачиликка шароитлар бўлишини - таклифлар сирасидан дейиш мумкин. Бугунги кунда 1090 тренажёрлар билан жиҳозланган спорт соғломлаштириш зали, ички бассейн ва гимнастика, волейбол майдончаси, сайргоҳ ташкил этилди. Физиотерапия хонаси, махсус ҳамшира пости бор. Муайян касаллик боис имконияти чекланганлар учун душхоналарда махсус таянч-туткич мосламасини ўрнатиш ҳам эътиборимизда бўлди. Хоналарда телевизор, музлаткич, суҳбатхона, душ-ҳаммом, ҳожатхона ва ҳаттоки, чақирув тугмачаси ҳам мавжуд. Умумий овқатланиш ва алоҳида хонанинг ўзида овқатланишга ҳам имконият бор. Деворлар одатдагидек бўёқ билан эмас, худди хусусий-ҳашаматли квартира-ю ҳовли хонадонларидаги каби бежирим обойлар билан безатилди. Атроф-ҳовлидаги 5770 метр-квадрат жой кўкаламзорлаштирилиб, 5448 метр-квадрат майдон асфальтланди. Каштан, Қрим соснаси, арча ва мевали дарахтлар ҳамда 500 метр-квадратга алвон гул кўчатлари экилди.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ.
Суратлар Медиадепартамент томонидан тақдим этилди.