У БУНДАН ЙИГИРМА САККИЗ ЙИЛ МУҚАДДАМ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ЭДИ
Истиқлолга эришилгач, орадан икки йилча вақт ўтар-ўтмас Наманганда мана шундай жуда зарур ва хайрли қадам ташланганини бугун улуғ ёшдагилар яхши эслашади. Чунки, ўша пайтларда юрак хасталигидан озор чекаётганлар, вақтида юқори малакали муолажа ололмай ҳаётдан эрта кўз юмаётганлар тез-тез учраб туриши ҳам аччиқ ҳақиқат эди. Бу, албатта, катта-кичик раҳбарликда узоқ йиллар фаолият юритиб, юраги чарчаганларга айни муддао бўлди.
Наманган вилоят ҳокими Бургутали Рапиғалиевнинг 1993 йил 8 апрелдаги "Вилоятда юрак хасталикларини даволаш марказини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори барчани бирдай қувонтирди. Ахир юрак-юрак, усиз ҳаёт йўқ, хасталанса ёруғ оламдан насибангиз узилиши яқинлашганидан дарак. Кечикмай даволансангиз умрингиз узаяди. Ким ҳам кўпроқ яшашни хоҳламайди. Шундан янги муассасани очишга ҳаракат кучайди. Қисқа фурсатда Наманган шаҳрида маҳаллий кенгашлар маблағи ҳисобига қурилаётган кўп тармоқли касалхона ўрнида 120 ўринли кардиология маркази иш фаолиятини бошлаб юборди.
Орадан роса ўн йил ўтди. Мазкур масканда юрак қон-томир касалликларини аниқлаш ҳамда даволашнинг кўлами кенгайди. Биринчи Президентимизнинг 2003 йил 26 февралдаги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 240-сонли қарори марказнинг янада ривожланишига олиб келди. Фарғона водийсида аҳолига кардиология хизматини замон талаблари даражасига кўтариш учун минтақавий давогоҳга айлантирилди. Бу билан ҳам чекланиб қолинмади. Президентнинг 2009 йил 6 августдаги 1170-қарори ва шу асосда қабул қилинган республика Инвестиция дастури доирасида марказ капитал таъмирланиб, зарур реконструкция ишлари амалга оширилди. Уч қаватли кардиология блокида жарроҳлик ва лаборатория хоналари, реанимация, стерилизация ва рентгенэндоваскуляр бўлимларида, текшириш-даволаш хоналарида шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам киройи шароитлар яратиб қўйилди.
Давлат томонидан йилма-йил кўрсатилаётган юксак эътибор тиббиётчиларнинг масъулиятини кескин оширди, уларни билим ва малака-маҳоратларини тобора орттиришга ундади. Натижада жамоа фаолияти такомиллашиб, даволаш кўрсаткичлари тинимсиз юқорилади. 2016 йилнинг апрель ойида "Кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалалари"га бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман вилоятимизда ўтказилди. Меҳмонларнинг аксарияти Наманган кардиологиясининг салоҳиятига тан беришди, қўлга киритилаётган ютуқларни ўрганишди, ўзлари тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашишди. Ҳар томонлама манфаатли анжумандан кейин ҳам яна бир бор олдиндаги долзарб вазифалар аниқланиб, уларни муваффақиятли уддалаш йўллари белгилаб олинди.
Сўнгги беш йил ичида кардиологлар ҳар қачонгидан кўра фаоллашишди. Жамоадаги врачларнинг илмий салоҳияти юқорилади. Ҳозирда тиббиёт фанлари доктори Азимжон Ҳикматов, тиббиёт фанлари номзодлари Солижон Мўминов, Нуриддин Баҳриддинов, Ҳасанбой Муҳиддиновлар билим ва тажрибаларини уйғунлаштирган ҳолда беморларни юрак дардларидан фориғлашда ҳамкасбларига шахсий намуна бўлишаётир. Яқинда Акмалжон Жалилов "Сурункали юрак ишемик касаллиги бўлган беморларда тож томирларни ангиопластикадан ва стендлашдан кейинги рестенозни прогнозлаш" мавзусида тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PHD) диссертациясини ҳимоя қилди. Марказда илмий изланишлар сира тўхтамайди. Айни маҳалда Абдусалом Хўжамбердиев, Шокиржон Зиёвиддинов, Н. Худойбердиев каби изланувчан врачлар астойдил илмий-тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Тиббиёт - оламий фан, оламий амалиёт. Шундан бу борада ҳамкорликсиз кутилган натижага эришиш қийин. Халқлар бир-биридан ўрганади. Хусусан, устозлик мақомида тиббиётчи аҳли дониш олимлар, қўли енгил амалиётчиларнинг маҳорат сабоқлари жуда -жуда қимматли ва қадрли. Ҳамкорлик харитасидаги манзиллар кардиологлар учун тобора кўпаяётгани, меҳмон сифатида келиб, мезбондек хизмат қилиб кетадиган соҳадош мураббийу, дўсту қадрдонларнинг марказдан қадамлари узилмай қолганлиги беҳад ижобий ҳол. Бугун бемор нажоткорини пойтахт ёки хориждан изламайди. Намангандаги марказга келса кифоя. Халоскорларнинг ўзлари ҳозиру нозир туришгани истиқлол ислоҳотларининг мамнунбахш шарофатидандир.
Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказнинг Наманган филиали ҳисобланмиш бу муассасада кардиология ва кардиохирургия, интервенцион кардиология соҳасини такомиллаштириш ниятида хориждаги бир неча давлатларнинг институт, клиника ҳамда марказлари жамоалари билан алоқалар ўрнатишга эришилган. Борди-келдилар икки томонлама манфаатга қурилган. Мавсумийлик эмас, мунтазамлилик касб этишига ҳаракат қилинмоқда.
Россиялик ва қозоғистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликнинг давомийлиги беморларни даволашда янги - янги натижалар бермоқда. Чунончи, рентгенэндоваскуляр хирургия бўйича таниқли мутахассис, тиббиёт фанлари номзоди Александр Каледин ўнга яқин юраги хасталарни жароҳатсиз жарроҳлик амалиёти билан оёққа турғазди. "Темир дафтар"даги хастаҳол Озода Турсунова имтиёзли операциядан баҳраманд бўлди.
Энг муҳими, тажрибали хирург билан наманганлик ҳамкасблари ёнма-ён туриб, малакаларини мукаммаллашди. Маҳорат сабоқларини олишди. Инчунин, бу ердаги камёб амалиётлар республикада ҳам ноёб ва мураккаб ҳисобланиб, бугун Наманганда жорий этилгани катта аҳамиятга эгадир.
Ҳозирда "Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалини модернизация қилиш" лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Австриянинг "AME International" компанияси ҳамкорлигида жиҳозлаш режалаштирилган. Лойиҳа амалга ошгандан сўнг Наманганда юракдаги туғма нуқсонларида кўкрак қафасини очмай инвазив йўл билан "оклюдер" билан бартараф этиш, юракнинг мураккаб маромини бузилиш касалликларида "абляция" амалиётини, юракнинг чап тож томир стволига стентлаш, Электрокардиостимулятор имплантацияси, Кава фильтр имплантацияси, СRT-кардиовертер-дефибрилятор имплантацияси, ишлаб турган юракда "Аорта коронар шунтлаш, "Гибрид" операциялар (бир вақтда "Аорта коронар шунтлаш" сунъий клапан протезлаш ва аневризмаэктомия), бир вақтда 3 та клапан операцияси, Бентал операцияси, "Тетрадо Фалло" бир этапда радикал нуқсонни бартараф этиш, 30 килограммдан енгил бўлган беморларни юрак туғма нуқсонларини бартараф этиш, аортал клапанни интервенцион усулда ўрнатиш (TAVI), онкологик беморларда химиотерапевтик препаратларни селектив шикастланган жойга юбориш (онко-интервенция), жигар циррозларида эндоваскуляр усулда портакавал анастамоз ўрнатиш (TIPS), ишемик инсульт ўтказган беморларда томирларни стентлаш амалиёти, бош мия қон томирлар аневризмасида эмболизация (нейро-интервенция) йўлга қўйилади.
Демак, филиалнинг истиқболи порлоқ. Аҳил жамоа юрак хасталиклари туфайли ҳаётдан умиди сўнаётганларга қайтадан яшаш имкониятини ато этишдек ғоят хайрли ва савобли фаолиятидан ҳар доим ҳар қанча фахрланишга ҳақли.
Содиқ САЙҲУН.