Халқимизнинг "Бирники мингга, мингники туманга" нақли бежиз айтилмаган. Кўп бор гувоҳи бўлганимиздек, қаерда инсонлар ўртасида бир-бирига ҳурмат, аҳиллик, ҳамжиҳатлик бўлса, тартиб-интизом, қонун-қоидага амал қилинса, ўша жойда тинчлик-осойишталик, ривожланиш барқарор бўлади. Одамлар фаровон ҳаёт кечиради. Бунинг учун жуда кўп мисоллар келтириш шарт эмас. Биргина коронавирус инфекцияси хавф солган пандемия даврида жаҳон мамлакатларидаги вазиятларга бир назар ташласак, кифоя.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жонс Хопкинс университети томонидан берилган маълумотларга кўра, охирги сутка давомида дунёда 408 минг нафардан ортиқ янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 178 миллион 436 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда, Шундан, охирги бир кунда 9749 нафар, пандемия бошидан буён 3 миллион 864 минг нафардан зиёд киши вафот этган.
Эътироф этиш керакки, дунё халқлари бошига энг оғир синовларни солган коронавирус балосига қарши курашиш йўлида мамлакатимизда кенг кўламда чора- тадбирлар амалга оширилди ва узулуксиз давом эттирилмоқда. Натижада жиддий тус олган вазият хавфини бир мунча пасайтиришга ҳам муваффақ бўлинди. Аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида ҳам тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Кунига 40 минг нафарга яқин аҳоли эмланиши таъминланяпти. Шу кунгача мамлакатимизда жами 2918909 доза вакцинадан фойдаланилди.
Аммо кўрилаётган чора- тадбир, кенг кўламда амалга оширилаётган тарғибот ишларига қарамасдан, юртимизда вазият кўнгилдагидек эмас. Коронавирус инфекцияси юқтираётганлар сони камайиш ўрнига ортиб бораётир. Сўнги кунлик кўрсаткичлар республикада 400 нафарни, Наманганда эса 16 нафарни ташкил этмоқда.
Ана шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда касалланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама этилди. Йиғилишда масъул раҳбарлар ҳисоботлари эшитилиб, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинди.
Биринчи навбатда касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини кучайтириш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари ижросини таъминлашини назоратга олиш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, эмлаш тадбирларида аҳоли фаоллигини ошириш мақсадида, 50 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқароларни ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини, хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами қаторида босқичма-босқич давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эмлаш тадбирларини янада жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Республика махсус комиссияси Афғонистон Ислом Республикасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлигини инобатга олиб, ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.
Синов тариқасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Ўзбекистон Республикасига чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келган барча шахслардан, республика ҳудудига кириб келганларидан сўнг 7-кунига қадар коронавирус инфекциясига полимераза занжирли реакция текширувини ўтказиш ва бунда тест харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тизими жорий этиладиган бўлди.
Азиз ҳамюртлар! Кимки, бугунги вазиятга тўғри баҳо бермай, аҳоли коронавирус инфекциясига қарши вакциналар билан эмланаяпти, дея хотиржамликка берилаётган бўлса, қаттиқ янглишади. Чунки, коронавирус ҳали тўлиқ ўрганилмаган касаллик бўлиб, уни яна қандай сир-синоати, "жоду"лари борлигини ҳеч ким билмайди. Шундай экан, унга қарши курашиш йўлида энг аввало карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз зарур ва шартлигини асло унутмайлик. Ниқоб тақиш, оралиқ масофани сақлаш, қўлимизни антисептик воситалар билан зарарлантириш соғлигимиз гарови эканини асло ёдимиздан чиқармайлик. Энг асосийси сизларга яратиб берилаётган эмланиш имкониятидан ўз вақтида, самарали фойдаланиш!
Мамасоли ТЎРАБЕКОВ,
вилоят СЭО ва ЖС
бошқармаси бошлиғи.