27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

Ўтган асрнинг 70-йилларида Тўрақўрғон туманида нашр этила бошлаган "Машъал" газетаси ҳудудда ижодий муҳит шаклланишида муҳим рол ўйнаган эди. Орадан ярим аср вақт ўтди. Наманган журналистикасининг дарғаларидан ҳисобланган Иброҳимжон Юсупов, Ғуломжон Акбаров, Алижон Абдуллаев, Абдулла Абдужалилов, Ҳабибулла Эргашев, Ҳамидулла Аҳмедов, Баҳром Солиев ва бош­қа устозлардан сабоқ олган ўнлаб ижодкорлар нафақат вилоят, балки республика даражасида ном қозонган қаламкашларга айланишди. Улар орасида сермаҳсул ва серқирра журналист, айни пайтда кўзга кўринган адиб ва публицист Содиқ Сайҳун алоҳида ажралиб туради.

Етмишни қоралаётган таниқли ижодкорнинг журналистик фаолиятини салкам эллик йил бевосита ва билвосита кузатиб борган ҳамкасб сифатида айта оламанки, у республика матбуотининг чинакам заҳматкаши даражасига етди, бадиий ижодда эса ўз овозига, ўз йўлига эга шоир ва адиб сифатида танилди. Беназир истеъдод соҳиби миллий адабиётимиз равнақига ҳам фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Албатта, унинг бу йўналишдаги мавқеига адабиётшунослар баҳо беришади. Ҳозир адибнинг ижоди бў­йича олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар якунида бунга амин бўламиз, албатта.

Кўп эслайман, жамоатчи мухбирлик пайтимиз "Машъал"ни долзарб мавзулардаги мақолалар билан тўлдиришга интилар эдик. Содиқжон ака биз каби ёшларда "С.Тожибоев" имзоси қўйилган, жуда ҳам тиниқ ёзилган ўнлаб материаллари билан кўп бор ҳавас уйғотган. У кишидай бўлишга, унга эргашишга астойдил ҳаракат қилардик. Орадан йиллар ўтиб, аввалги "Машъал"нинг издоши "Давр"да ёнма-ён ишладик. Эндиликда иқтидорли ижодкор журналистиканинг таҳлилий жанрлари устаси, қатор-қатор очерклар муаллифига айланган.

Кўп йиллик кузатувларим давомида Содиқ Сайҳуннинг қаламига мансуб мақола ва публицистик чиқишларни ўқиганимда доимо ҳайратланаман, ҳаёт ҳодисаларини талқин этиш маҳоратига қойил қоламан. Мавзуга хос услуб танлаш, керак бўлса ифодаланаётган янгилик, воқеа ва тажрибаларни мутахассислардан ҳам ўтказиб тасвирлаб бериш лаёқати унинг устун жиҳатларидан биридир, десам сира хато қилмаган бўламан.

Тақдирни қарангки, айни чоғдаям Содиқжон ака билан биргаликда фаолият олиб бораяпмиз. "Шифокор ва ҳаёт" газетасининг ҳозирги нуфузини сафдошимнинг хизматисиз тасаввур этиш қийин. Таҳририят соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин самараларини тўлақонли ёритишида муайян натижаларга эришяпти. Чунки қаторимизда Содиқ Сайҳун бор. Унинг узоқ йиллар шаклланган бой журналистик тажрибаси маҳсуллари газета саҳифаларини безамоқда.

Бугунги тиббиёт - кечаги тиббиёт эмас. Мустақиллик йилларида тармоқ тубдан янгиланди. Хизмат сифати яхшиланди, ходимлар малакаси ўсди. Ҳозир вилоятимиз тиббиёти салоҳият бобида пойтахтдаги шифохоналар билан деярли бўйлашмоқда, тенглашмоқда. Хорижда қўлланилаётган технологиялар дадиллик билан татбиқ этилмоқда. Мана шу мўъжизавий ўзгаришлар моҳиятини газетхонларга тўлақонли етказишда Содиқ Сайҳун чинакамига шахсий намунаси кўрсатмоқда. Маҳоратли ижодкорнинг ўнлаб мақолаларида долзарб мавзулар жуда моҳирона ифодаланганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Биргина кардиология соҳасига бағишланган мақолаларини эслашнинг ўзи кифоя. Вилоятимиз бу йўналишда водийда анча илгарилаб кетган. Янги технологиялар асосида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, беморларнинг умри узайтирилмоқда. Мана шу муҳим янгиликларни талқин қилиш асносида журналист янги - жароҳатсиз жарроҳлик амалиёти схемасини чуқур ўрганиб, инсон юрагининг тож томирларида олиб борилаётган ўта нозик ва қийин операцияларни сўзлар воситасида шунақанги тасвирлаб беряптики, унинг бу услуби ёш журналистларга "маҳорат дарси" сифатида кўрсатишга муносиб. Таниқли ҳамкасбимизнинг мавзуга кириб бориш, унинг аҳамиятини белгиловчи жиҳатларини пухта билиб олиш ва мақолада бирма-бир тизимлаш ҳамда таърифлаш борасидаги тажрибасини оммалаштириш фойдадан ҳоли эмас. У танланган мавзуни обдон ўрганади. Гўёки шифокорлар беморга укол қилишда вена қон томирига қанчалар зийраклик билан тушсалар, малакали журналист ҳам мавзу йўналишини шу қадар усталик билан илғайди. Мана шу боис ҳам Содиқ Сайҳун қаламига мансуб ижод намуналари газетхонлар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.

Ижодкор маҳоратининг эътиборли томони шундаки, баъзан қаҳрамоннинг ўзи мақоладаги таърифу тавсифлардан лол қолади. Тўрақўрғонлик шифокор Ёқубжон Бозоров, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази болалар урологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирзо Нурматов, вилоят кардиология маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов, невролог Ғуломқодир Асханов ҳамда бошқа қатор таниқли тиббиёт ходимлари ҳақида ёзилган очерк ва мақолалар бунга яққол мисолдир.

Газетамизнинг ўтган сонида чоп этилган "Математиканинг хайратли ва мароқли олами" сарлавҳали мақола газетхонлар ўртасида қўлма-қўл бўлиб ўқилгани ҳам бежиз эмас. Муаллиф мақолани шу қадар қизиқарли ва таъсирчан тарзда ёзганки, Наманган муҳандислик-қурилиш институти доценти Олимжон Эгамбердиевнинг "Математик олимлар ва математик атамаларнинг луғавий маъноси" номли рисоласини беихтиёр қидириб топиб ўқигингиз, математиканинг сирли оламидан завқ олгингиз келади.

- Устозимиздан кўп нарсани ўрганяпмиз,- дейди "Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири Манзура Эргашева. - Мураббий сифатида мақолаларни таҳрирдан ўтказишнинг жуда ҳадисини олганликлари учун каттами-кичикми ёзганларимизни гўёки уста дурадгордек рандалаб, силлиқлаб юборишлари биз шогирд­лар учун ўзига хос рағбатга айланиб қолган. Ҳар маҳал беминнат маслаҳатларини аямайдилар. Камолотимизга қанот бағишлашдан қувонадилар. "Сизлар ҳали кўп ва хўб ёзишда бизлардан ўтиб кетасизлар. Фақат изланишдан, ўрганишдан тўхтамасаларинг бас!"- дея мотивация беришларигача ҳам гап йўқ.

Устозлик мақомида ҳануз жўшиб қалам тебратаётган Содиқ Сайҳун барчага ибратли умр йўлини босиб ўтган. Туман матбуотида 39 йил хизмат қилганлигининг ўзиёқ ёрқин истеъдод соҳибининг касбига меҳр-муҳаббати ғоят юксаклигидан нишона. Ўн йилдирки, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири ўринбосари. Унинг шогирду издошлари беҳисоб. Ўзимни шулардан бири, деб ҳисоблайман. Устознинг кўпйиллик самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Кўксини 2000 йилдан буён "Шуҳрат" медали безаб турибди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 1995 йилги танловида "Йилнинг энг яхши журналисти" номинацияси ғолиби, "Энг азиз, энг улуғ" кўрик-танловининг бир неча бор вилоят босқичи совриндори бўлган. 2018 йилда "Турон" Фанлар академиясининг академиклари сафига қўшилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоларидир.

- Ҳамма даврларда ҳам журналистларга қўйиладиган талаб ягона, у ҳам бўлса ҳаётдаги янгиликларни тез англаб, зудлик билан оммага етказишдир, - дейди биз билан суҳбатда устоз. - Бу борада мос жанр­ни танлаш янада муҳим. Чунки, ахборот, репортаж, лавҳа ва очеркнинг ўзига хос хусусиятларини яхши ўзлаштириб олиш бизлар учун беҳад қўл келади. Ҳаққонийликнинг устуворлиги эса бош вазифа саналади. Мен ўз фаолиятим давомида ҳамиша шуларга амал қилдим. Ёшларга озми-кўпми ижобий ва ижодий хислатларимни юқтира олсамгина мураббийлик мартабасига муносиблигимни ҳис этаман. Янги Ўзбекистоннинг янгича дунёқарашдаги ёш қаламкашлари учун энг зарур туйғу ватанпарварлик ва халқпарварлик эканини бирор дақиқа эсдан чиқармасликдир.

Содиқ Сайҳун вилоятимиз матбуоти тарихини бо­йитишга ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. "Шифокор ва ҳаёт" газетасининг ўн беш йиллигига бағишланган рисоласи, чоп этишга тайёрлаб қўйилган "Хайр "Машъал", салом "Давр" номли китобларида қайд этилган маълумотлар матбуот ва матбаачиликка оид нодир манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Юксак маҳорат, катта иқтидор соҳиби ҳақида ҳали жуда кўп ёзиш мумкин. Ушбу мақолада Содиқ Сайҳуннинг матбуот соҳасидаги фаолиятининг айрим қирраларинигина очиб беришга ҳаракат қилдик, холос. Аслида устознинг ҳаёт йўли, ижодий битиклари, шогирдлар тарбиялашдаги бағрикенглиги, юксак инсоний фазилатлари, қимматли насиҳатлари ҳақида ҳатто китоблар битилса арзийди. Дарҳақиқат, қаламга садоқат - ибратли саодатдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ,

"Жасорат" ва "Соғлом турмуш"

медаллари соҳиби.