Наркомания сўзи юнонча бўлиб, "нарко" - карахтлик, "мания" - хоҳиш, интилиш маъносини билдиради. Инсоният тарихида биринчи маротаба психоактив таъсирга эга бўлган кўкнори ўсимлиги милоддан аввалги 5000 йилликда, ҳозирги Ироқ ерларида ишлатилган. Европада фолбинлар гиёҳванд моддалардан турли доривор воситалар тайёрлаб, инсонлар онгига таъсир этишда қўллаганлар.

Гиёҳванд моддаларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

1. Канопнинг турли навлари.

2. Опиум - афюн наркотиклари.

3. Психостимуляторлар.

4. Тинчлантирувчи ва ухлатувчи дори воситалари.

5. Галлюциногенлар.

6. Сунъий наркотиклар (аптека наркотиклари).

Гиёҳвандлик касаллиги бир неча бос­қичда ўтади ва гиёҳванд моддага ўрганиб қолиш оқибатида наркоманик синдром пайдо бўлади.

Биринчи босқич гиёҳванд моддага руҳий мойилликнинг туғилиш даври.

Эйфория пайдо бўлиши, гиёҳванд моддани қабул қилиш доимий одатга айланиши, наркотикка қарши ҳимоя реакцияси пасайиши, аста-секин руҳий қарамлик - мойиллик пайдо бўлиши билан ажралиб туради. Гиёҳванд модда бош миянинг барча бўлимларига таъсир кўрсатади ва бемор қайта-қайта ўта ёқимли ҳиссиётларга берилишни хоҳлайди ва доимий равишда гиёҳванд модда истеъмол қила бошлайди.

Иккинчи босқич абстиненция, хумор синдромининг пайдо бўлишидир. Бу пайт­да гиёҳванд моддага бўлган чидамлилик юқори даражага етади, енгиб бўлмас даражада хирс қўйиш билан кузатилади. Беморда компульсив хоҳиш, асабийлашиш, жаҳлдорлик, бош оғриғи, титраш, оёқ-қўлларда оғриқ юз беради. Гиёҳванд моддани истеъмол қилгач, юқоридаги ҳолатлар барҳам топади, лекин мазкур ҳолат маълум муддатдан сўнг яна такрорланади.

Учинчи босқич - руҳий ва жисмоний мойиллик ҳамда гиёҳванд моддаларга чидамлиликнинг пасайиши даври ҳисобланади. Чунки чидамлилик пасаяди, улар таъсири фақат "тетиклаштириш" даражасига етади. Шунинг учун беморларда гиёҳванд моддаларсиз "яшай олмаслик" хусусияти пайдо бўлади ва руҳий, соматик ҳамда оғир ижтимоий оқибатлар келиб чиқиши билан ифодаланади.

Гиёҳванд моддаларни энг кўп учрайдиган турларидан наша типидагилардир. Уларга марихуана, гашиш, банг, киф, хусус, план, харас, дагга киради.

Наша таркибидаги ароматик альдегид - каннабинол мастлик холатига олиб боради.

Мастлик симптомлари наркотик модданинг миқдорига, уни қанчалик тез-тез қабул қилинишига, шахснинг олий нерв фаолиятига боғлиқ. Нашадан ўткир маст бўлиш 1-3 соат давом этади ва оғир уйқу ёки беҳоллик ва лоқайдлик билан тугайди.

Бора-бора туйғу ва ҳиссиётлар хиралашади, апатия юзага келади, атрофдагилардан четга чиқиб колади, таъқибланиш васвасаси пайдо бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик дардига чалинган беморлар ўз ақл-ҳушларини йиғиб, кучли иродаларига ишонган ҳолда, вақтида даволанишга келсалар, бу хавфли дарддан барвақт халос бўладилар. Ҳеч ким гиёҳванд бўлиб туғилмайди, ота-оналар ўз фарзандларининг умри хазон бўлмасин десалар, уларни бу хавфдан ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқлари зарур. Бу борада нафақат ота-она ёки шифокорлар, маҳалла-кўй, жамоат ташкилотлари, барча-барчамиз биргаликда кураш олиб бормоғимиз лозим.

Жамолхон ШЕРАЛИЕВ,

вилоят бош наркологи.