Вилоят қон қуйиш марказида 14 июнь - Халқаро донорлар кунининг тадбирлари юқоридаги шиор остида ўтди.
Бир пиёла чой устидаги тадбирда марказ бош врачи Зокиржон Ҳожимирзаев сўзга чиқиб, донорларни қутлуғ айём билан муборакбод этди.
"Қизил ярим ой" жамияти вилоят ташкилоти раиси Дилоромхон Сайфиддинова қон хизматида фидоийлик билан фаолият юритаётган шифокор ва ҳамшираларнинг 10 нафарига ҳамда 25 нафар фаол донорларга эсдалик совғаларини тақдим қилди.
Тадбирда "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосарлари Баҳодир Болтабоев, Ёрқиной Ҳожиматова, мазкур партиянинг шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимовлар ҳам донорларни байрам билан чин дилдан табриклашди. Сўнгра, қимматбаҳо совғаларини топширишди.
- Қон хизматида ишловчи тиббиёт ходимидан ўз вазифасига ҳушёрлик ва масъулият билан ёндошиш талаб этилади, - дейди бўлим мудири Нурбек Муҳсинов. - Шу боисдан ҳам жамоамиз бирдам, ҳамфикр ва ҳамнафас. Касбимизга ҳамиша сидқидилдан ёндошаверамиз. Биз тайёрлаган, биз барча синов ва текширувлардан ўтказган донорларнинг қон ва қон компонентлари кимнингдир умрига умр қўшаётганидан мамнунмиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.