Чекиш-бу соғлигингизга катта хатардир. Чекиш оқибатида нафас олиш йўллари, юрак, саратон ва бошқа хасталиклар пайдо бўлади. Сизнинг чекишингиздан оила аъзоларингиз ҳам зарар кўришлари мумкин. Уларнинг нафас йўллари, кўкрак, бурун, қулоқ, томоқ инфекцияларига дучор бўлиш хавфи бор. Оила аъзоларингиз мазкур касалликларга дучор бўлиш эҳтимоли чекиш сабабли икки-уч маротаба ортади. Агар чекувчилар бор хонадонда ёш гўдаклар бўлса, улар ҳам хавф остидадирлар.

Кашандаликдан келиб чиқадиган касалликлар нафақат бевақт ўлимга, балки узоқ йиллик дард ва ногиронликка олиб келади. Доимий чекувчиларнинг 50 фоизи узоқ яшамайди. Агар сиз ўрта ёшгача чекишни ташлай олсангиз, соғлигингизга етказилажак хавф-хатарнинг олдини бирмунча барвақт олган бўласиз. Ҳатто ўрта ёшда ҳам чекишни ташлаш кеч эмас.

Чекишдан воз кечишни ҳозирданоқ бошланг, ёшингиз нечада бўлишидан қаътий назар, соғлигингизга хавф келтирувчи омиллар сони пасаяди. Чекишни ташлаш кунини қатъий белгиланг. Иложи борича стрессдан ҳоли, ўзингизни осойишта сезган кунни танланг. Уйингизда бор тамаки маҳсулотларини, кулдон, гугурт, чақмоқчаларни кўздан йўқ қилинг. Чунки улар чекишга бўлган истагингизни уйғотувчи бир манба бўлади.

Чекишга энг эҳтиёж сезган кун ёки соатни белгиланг ва ўша онларда иродангизни мустаҳкамлигини авваламбор ўзингизга кўрсатинг. Чекиш васвасасидан қутулиш учун унинг ўрнига сизни овунтирадиган бир нарса топинг.

Агар чексангиз, чекишни ҳозирданоқ тўхтатинг. Шу билан бирга соғлигингизга зиён келтирувчи хавф- хатарни камайтиришингиз мумкин ва бундан саломатлигингиздаги ижобий ўзгаришлар дарҳол бошланди. Никотин- ўзига ўргатиб қўювчи гиёҳванд моддаларнинг бир тури. Тамаки чекишни ташлаганингизда сиз айрим нохуш аломатларга дучор бўласиз. Масалан, иштаҳангиз бирданига пасайиб кетиши мумкин. Кейинчалик бу нормал ҳолатга қайтади. Яна бошқа аломат- уйқусизликка йўлиқишингиз мумкин. Баъзи одамлар тушкунлик ёки ғазабланиш, баджаҳллик каби кайфиятларга тушишлари, бош­қалар эса, бош оғриғи каби кўнгилсиз ҳолатга йўлиқишлари мумкин. Шунинг учун бундай пайтда оила аъзоларингиз ва дўстларингиз томонидан сизга нисбатан кўпроқ илтифот кўрсатилиши лозимдир.

Баъзи мамлакатларда никотин ўрнини босувчи терапияда никотин сақич ёки никотин пастила деган турли хил воситалар бор. Булар салбий аломатлардан қутулишда ёрдам беради. Зарарли одатлардан қутулсангиз асосийси касалликларга дучор бўлиш хавфи камаяди. Озиқ-овқат, кийим-кечак учун кўпроқ пул тежай оласиз. Ўзингизни дурустроқ ҳис қиласиз. Ва ниҳоят оила аъзоларингизнинг соғлом турмуш тарзини танлашларига ижобий таъсир кўрсатасиз.

А. ЭШОНЖОНОВ,

И. ТОЖИТДИНОВ,

вилоят наркология

диспансери шифокорлари.

Ж. ЭГАМБЕРДИЕВ,

жамоатчи мухбир.