Абдулҳоди ИМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

Жорий йилда соғлиқни сақлаш тизимида изчил кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш кўлами ва сифатини ошириш сари залворли қадамлар қўйилмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишни янги босқичга кўтариш билан боғлиқ ғоят долзарб вазифалар белгилаб берилаётган видеоселектор йиғилишларида айтилган топшириқлар ижроси учун астойдил ҳаракат қиляпмиз.

Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ишига мутлақо янги механизмлар татбиқ этилаётганлиги, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан аҳолига манзилли тиббий хизмат кўрсатилаётганлиги, республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиаллари очилаётганлиги, бутун тизимнинг маҳаллабай тарзда ишлашга ўтганлиги каби ўзгаришлар фаолиятимиз самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Хабарингиз бор, йилнинг илк чорагида бутун вилоят аҳолиси тиббий хатловдан ўтказилди. Бу жараёнда вазирдан бошлаб оддий ҳамширагача сидқидил қатнашди. Хонадонма-хонадон юрилиб, юртдошларимизнинг саломатлик кўрсаткичларига ойдинлик киритиш бўйича амалий чоралар кўрилди.

"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"даги энг мураккаб ва зарурий тиббий тадбир якунига кўра жорий йилда амалга оширишимиз лозим бўлган соғломлаштириш йўналишлари янада равшанлашди. Аниқроғи, аҳолининг сурункали касалликка чалинган ва хасталикка мо­йиллиги бор қатлами саралаб олинди. Айни пайтда бор-куч ва имкониятларимиз хавф гуруҳига кирувчи юртдошларимиз саломатлигини тиклашга сафарбар этилмоқда.

Бу ўринда Юртбошимиз таъбири балан айтганда, "Наманган тажрибаси" қўл келмоқда. Яъни, республика ва вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг энг тажрибали мутахассислари ҳудудларда манзилли равишда иш олиб боришмоқда. Аввало, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" рўйхатига киритилган беморлар ҳузурига борилиб, уларни дарддан халос этиш, оёққа турғазиш борасида амалий ишлар қилиняпти.

Ўтган давр мобайнида пойтахтлик олим-шифокорлар, вилоят мутахассислари ва маҳаллий тиббиёт ходимлари мадади билан юзлаб ҳамюртларимиз соғлом ҳаётга қайтарилганлиги ғоят улуғ иш, элпарвар давлатимизнинг халқимиз учун беқиёс ғамхўрлиги бўлди, десам асло муболаға эмас. Бу ҳам тиббий хизматни янада такомиллаштириш борасидаги янги механизмларнинг амалдаги ифодасидир.

Вилоятнинг энг чекка ва олис ҳудудларида яшовчиларга кўрсатилаётган тиббий хизмат доираси тобора кенгайиб боряпти. Эндиликда вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг энг тажрибали шифокорлари фаолият олиб бораётган манзиллар қаторига Поп туманидаги Гулистон, Мингбулоқ туманидаги Гулбоғ, Янгиқўрғон туманидаги Нанай, Учқўрғон туманидаги Баҳри­обод ва бошқа қишлоқлар киритилган. Ҳозирга қадар минглаб одамлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, беморлар соғломлаштирилди.

Тиббий хизматлар одамларга яқинлаштириляпти. Яъни, беморларнинг оилавий поликлиника ёки оила шифокорлик пунктларига келишлари кутиб ўтирилмаяпти. Аксинча, саломатлик посбонларининг йўл харитасига нафақат барча кўчалар, балки барча хонадонларгача киритилган. Хасталикка чалинган кишиларнинг бирортаси эътибордан четда қолдирилмаяпти. Уйларининг ўзида тиббий текширув ва муолажалар ўтказилмоқда.

Жойларга чиқиб тиббий хизмат олиб борадиган мобил гуруҳларнинг шакллантирилганлиги ғоят ижобий самара бераётир. Ҳозирча вилоят бўйича 30 дан ортиқ шундай саломатлик гуруҳлари ишлаб турибди. Бу катта ишларнинг дебочаси, холос. Келгусида мобил бригадалар сони тағин ҳам орттирилиши белгилаб қўйилган.

Яна бир муҳим янгилик - яқинда "1+1" ташаббуси бошланди. Бу ғоянинг мақсад- мазмуни шундаки, бошқарма бошлиғидан тортиб то қуйи бўғиндаги муассаса раҳбаригача ҳар куни ҳудудга чиқиб, оғир касалликни бошидан кечираётган инсонлар ҳузурида бўлиб, уларни соғ­лигини тиклаш чораларини кўради. Вилоят бўйича 420 нафардан ортиқ тиббиёт муассасаси раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бўлим мудирлари ва бошқа тоифадаги мутасаддиларнинг ушбу ҳаракатдаги иштироки билан кунига минг нафардан ортиқ беморга тиббий кўмак бериш мумкин экан. Соҳа етакчиларининг ибрати, албатта, тизимдаги врачу ҳамширалар фаолияти самарадорлиги кундан-кун ошишига туртки бериши аниқ.

Ишимизни мунтазам равишда ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз доираси янада кенг. Айниқса, пойтахтимиздаги ва хориждаги ҳамкорларимиз билан алоқаларни бундан-да кучайтириб, тиббий хизматга янги технологияларни олиб кириш, чет элларда ўтказилаётган амалиётларни вилоятнинг ўзида татбиқ этиш бўйича ҳам муайян натижаларга эришилмоқда.

Наманганда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилишининг ўзиёқ вилоятимизда пойтахтдагидек шароит ва имкониятлар яратилаётганининг яққол тасдиғидир. Жорий йилда вилоятда республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказларидан 17 тасининг филиали очилади. Кардиология, онкология, эндокринология ва бош­қа йўналишларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этиш кўзда тутилган. Қолаверса, хорижлик сар­мо­я­­дорлар билан ҳамкорликда ўндан ортиқ йирик ло­йи­ҳалар устида ишланмоқда. Бундай эзгу мақсадларнинг рўёбга чиқиши Наманган тиббиёти мисли кўрилмаган даражада юксалаверади, де­йишга тўла ишонч туғдиради.