Вилоятимиз халқини тиббий хизматдан розилигини таъминлаш бў­йича соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимли ишларни олиб бормоқда. Тиббий кўриклар билангина кифояланиб қолмай, жойларнинг ўзида раҳбар ва мутахассисларнинг сайёр қабуллари уюштириляпти. Бу галгиси дастлаб Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида ташкилланди.

Марказий поликлиникага Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, таниқли шифокор Шуҳрат Мухторов ташриф буюрди. Пойтахтдан келган меҳмонга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармасининг Наманган вилоят бўлими бошлиғи Неъматулла Қирғизбоев ҳамроҳлик ва ҳамкорлик қилишди.

Марказий поликлиниканинг ўзида урология ва бошқа ёндош хасталиклардан озор чекаётган бетобларнинг мурожаатлари навбатма-навбат тингланди. "Касаллик тарихи" варақалари, тиббий аппарат текшируви хулосалари, рентген плёнкалари синчиклаб ўрганилди. Ҳар бир беморни соғайтириш учун зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди. Муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Энг муҳими, улар қабулига кирганларнинг деярли барчаси қониқиш ҳосил қилишди, мамнунлик кайфияти туйишди.

- Аввалроқ вилоят онкология шифохонасида даволангандим, ўнг буйрагимдаги ҳосилани олиб ташлашган эди, - дейди пенсионер Раҳимберди Ҳотамов. - Тошкентдан келган Шуҳрат Турсуновичнинг юқори малакали мутахассис сифатида берган маслаҳатлари кўнглимни янада кўтариб юборди. Хотиржам бўлмасдан ойда бир марта врач кўригидан ўтиб турсам, дарддан бутунлай қутулишим мумкинлигини уқтирдилар. Энди кўнглимга равшанлик югурди. Яхшиям сайёр қабулда бўлганим, буйрагимни асрашнинг энг зарур йўлларини ҳам эринмасдан тушунтириб қўйишди. Уларга катта раҳмат!

- Йигирма тўрт йил бурун ўнг буйрагимни жарроҳлар олиб ташлашган эди, агар эҳтиёткор бўлсам, яккасининг ўзиям узоқ умр кўришимга ярайверар экан, - деди қабулдан юзларига табассум югуриб чиққан Мирзасоли Усуббоев. - Керакли дори-дармонларни ёздириб олдим. Тавсияларга қатъий амал қилсам, соғлигимдаги муаммо чекинишга ишончим мустаҳкамланди. Бизлар учун узоқдан келиб, фойдали маслаҳатларини аямаётган мутахассис инсонларнинг меҳрибонлигига гап йўқ, бахтимизга ўзлари ҳам омон бўлишсин.

Залда педиатр - врач Саидахон Саидовани учратдик. У бемор болани етаклаб олган экан.

- Ўн бир ёшли Диёрбекнинг танасидаги оғриқни пасайтиришга эришгандим, юқори малакали уролог пойтахтдан келиб, шу ернинг ўзида беморларни қабул қилаётгани биз шифокорлар учун ҳам айни муддао бўлди, - дейди ёш ва изланувчан педиатр. - Хурсандлигимнинг боиси, Шуҳрат Турсунович "Сиз ташхисни тўғри қўйиб, муолажани тўғри олиб боряпсиз" дея таъкидладилар. Яна қўшимча даво тадбирларини ҳам билиб олдим. Сайёр қабул мен учун гўё ўзига хос маҳорат дарси ролини ўйнади.

Тушликка қадар 27 нафар бемор сайёр қабулга кирди. Уларнинг ҳар бирига катта эътибор кўрсатилди. Нафақат урологик, балки ёндош касалликларни ҳам қўшиб даволаш чора - тадбирлари белгиланди. Бир нечалари вилоятдаги кўп тармоқли тиб­биёт марказига, кардиология, эндокринология марказларига йўлланди.

Куннинг иккинчи ярмида сайёр қабул Чуст туман тиббиёт бирлашмасида давом эттирилди. Худди юқоридагидек бетобларнинг аҳволларини енгиллаштиришга, уларга имкон қадар бепул даволанишлари учун қулай шароитлар туғдиришга ҳаракат қилинди. Жумладан, "Аёллар дафтари"да турувчи Буҳадича Давлатова қабулга кирганида, унинг юрак порогидан қийналаётгани аниқланиб, ўша лаҳзадаёқ Неъматулла Қирғизбоев вилоят кардиология маркази директорига телефонда боғланди. "Бемалол юбораверинглар, сайёр қабулдаги муаммони ечиш учун врачларимиз беминнат хизматга тайёрлар" деди кардиологлар раҳбари Солижон Мўминов.

Шунингдек, бемор Фарида Рустамовага навбат келганида меҳмонларга ҳамроҳу ҳамкорлик қилаётган вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Баҳодир Раҳимов жарроҳлик операцияси билан боғлиқ муаммонинг ечимини ўз зиммасига олди. Қабулдаги Барот Жўраевнинг урологик хасталиги неврологик етишмовчиликларга дахлдорлиги аниқлангач, бу масалани ҳам ВКТТМда ҳал этиш режаси белгиланди.

Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати, хабар топиб келгану, лекин юқорига кўтарилиш имкони йўқларнинг олдига мутахассисларнинг ўзлари чиқишди. Автомашинанинг ичидаги беморга зарур тиббий маслаҳатлар, тавсиялар берилди.

- Республикадаги ихтисослаштирилган илмий - амалий марказлар билан ҳамкорликдаги бу каби сайёр қабуллар халқимиз манфаати учун, аҳоли соғлигини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш учун ташкилланмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов. - Президентимизнинг соҳага беқиёс эътиборлари бизнинг зиммамизга ҳам ҳар қачонгидан юксак масъулият юклайверади. Ҳеч бир беморнинг ўз вақтида кўрсатиладиган малакали муолажадан бебаҳра қолишига йўл қўймаймиз. Шифохоналаримиз шароитлари тобора яхшиланаверади, барча врачларимизнинг, айниқса ихтисослашган мутахассисларимизнинг бутун билим ва малака - маҳоратларини эл соғлигини кўз қорачиғидай асрашга сафарбар қилаверамиз.

Содиқ САЙҲУН.