Вилоят эндокринология диспансерининг мажлислар залида шифохона ичи инфекцияларига қарши курашни кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, шаҳар ва туманлар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамият саломатлиги бўлимлари раҳбарлари ҳамда бош ҳамширалар таклиф этилди. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари видео-конференц алоқа воситасида иштирок этдилар.

Республика санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоятимизда ўтказган ўрганиши якунлари муҳокама этилди. Республика ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари мониторинг тафсилотларини слайдлар воситасида изоҳлаб бердилар. Камчиликлар қайд этилган тиббиёт муассасаларининг раҳбарларидан масъулият талаб этилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, Республика санитария-эпидемиологик осо­йишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Ҳолмамат Норбоев, Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Йўлдошевлар сўзга чиқиб, даволаш-профилактика муассасаларидаги ташвишли ҳолатларни қайд этар эканлар, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этилиши ва шифохона ичи инфекциялари тарқалишининг олдини олиниши устидан талабчанликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев иштирок этди.