Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали зиммасига кардиологик касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш-диагностика жараёнларига юқори технологияларни кенг тадбиқ этиш, айниқса юрак туғма ва орттирилган нуқсонларини тезкор ва инвазив йўл билан бартараф этиш каби вазифалар юклатилган.
Наманганлик кардиологлар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишга эришиш билан бир қаторда кардиологик хизматни замон талаблари асосида такомиллаштириш борасида астойдил изланмоқдалар. Пойтахтимизда ва хорижда амалга оширилаётган ғоят мураккаб технологик амалиётларнинг ўнлаб турларини бевосита Наманганда ўтказиш эндиликда одат тусига кириб қолди. Бу ўринда чет эллик таниқли шифокорлар билан ҳамкорлик ижобий натижалар бермоқда. Яқинда яна бир ўта ноёб жарроҳлик амалиёти нафақат вилоятимизда, балки мамлакатимизда илк бора муваффақиятли жорий этилди.
Маълумки, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги И. Мечников номидаги Шимолий-шарқий давлат тиббиёт университети клиникаси эндоваскуляр хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Александр Каледин томонидан 2016 йилда беморнинг дистал билак томиридан кириб жарроҳлик амалиётини олиб бориш усули яратилган эди. Вилоятимизга ташриф буюрган кашифиётчи шифокор-олим рентген-эндоваскуляр жарроҳлик амалиётини "Маҳорат дарси" сифатида олиб бориб, ўн нафардан зиёд беморни оғир дарддан халос этди. Жумладан, Наманган туманида яшовчи, "Темир дафтар"даги рўйхатга киритилган Озода Турсуновага имтиёзли равишда тиббий хизмат кўрсатилди.
Россиялик мутахассис РИКИАТМнинг вилоят филиали шифокорлари иштирокида ўтказилган кўргазмали анжуманда кардиологик касалликларни даволашнинг замонавий усуллари ҳақида маъруза қилди. Савол-жавоблар чоғида эса тиббиётнинг мазкур йўналишига оид долзарб муаммоларни биргаликда ҳал этиш юзасидан фикрлашиб олинди.
- Филиалимиз илмий салоҳияти жуда юқори, яъни тиббиёт фанлари номзодлари ва фан докторлари хизмат қилишади. Кўплаб мутахассисларимиз чет элда малака оширишган. Шу боис ҳам илмий изланишларга, жаҳон тиббиёти ютуқларни дадиллик билан қўллашга алоҳида урғу беряпмиз. Рус ихтирочи-шифокори Александр Калединнинг ташрифи фаолиятимизнинг янги қирраларин очишга имкон яратди, - дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов.
Дарҳақиқат, вилоят кардиологларининг чет эллардаги ҳамкасблари билан ҳамкорлиги доираси тобора кенгайиб бормоқда. Россия Фанлар Академияси А.Н. Бакулев номли Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Е. Н. Мешалкин номли Кардиология ва кардиожарроҳлик маркази, Қозоғистон Миллий кардиология маркази ва бошқа давлатлардаги етакчи илмий марказлар билан алоқалар самараси ўлароқ кардиология ва кардиохирургия, интервенцион кардиология соҳасини такомиллаштиришда ютуқларга эришилмоқда.
Бинобарин, юрак туғма нуқсонларини окклюдер ёрдамида бартараф этиш, мураккаб қон-томир шикастланишларида ретроград усулларида ангиопластика ва стентлаш, переферик қон томирлари диагностикаси ва ангиопластикаси, биклапанли протезлаш, клапанлар пластикаси, аорта равоғида протезлаш, МСКТ артериография ва коронаграфия каби юқори технологик жарроҳлик амалиётлари татбиқ этилган. Энди бундай юқори технологик амалиётлар сони яна биттага кўпайди. Умид қиламизки, бу охиргиси эмас, албатта.
Ғ. АБДУЛЛАЕВ.