Вилоят психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйи эрталабдан байрамона тусга кирди. Чунки, 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бу ерга турли ташкилот, корхона, ўқув муассасалари, маҳалла ва ҳокимлик вакилларидан иборат меҳмонлар керакли анжомлар, ўйинчоқлару ширинликлар билан келишиб, жажжи ўғил-қизларнинг шодлигига шодлик қўшишди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг махсус совғалар билан ташриф буюргани эса мурғак қалб соҳибларига бир олам хурсандчилик, завқу-шавқ бағишлади.
Бошқарма бошлиғи эътиборга муҳтож фарзандлар парвариши ва тарбияси билан виждонан шуғулланаётган Назира Ҳамдамова бошчилигидаги фидоий жамоани қутлуғ айём билан табриклади. Уларнинг савобли, заҳматли ва машаққатли фаолиятларига улкан муваффақиятлар тилади.
- Болажонларга яратилган барча яхши шароит ва имкониятлар Юртбошимизнинг кўнгли ўксикларга юксак эътиборию, ғамхўрлигининг олий намунасидир, - деди А. Иминов. -Тақдир тақазоси ва турли сабабларга кўра бу ерда тарбияланаётган ва соғломлаштирилаётган болажонлар асло ёлғиз эмас. Уларни чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиш, зарур ҳолатларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш ҳамиша бизнинг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади.
Байрам тадбирида юз-кўзларида табассум жилваланган кичкинтойлар шеърлар ўқишиб, рақсларга тушишиб меҳмонлар кўнглини хушнуд этишди. Айниқса, Абдураҳмон, Омадбек, Ойшахон, Шаҳзода, Нилуфар ва Самияхонлардан иборат рақс гуруҳининг чиқишлари барчани ҳайратлантирди.
Манзура ЭРГАШЕВА.