Қон организмдаги энг муҳим жараёнларда иштирок этади. Инсоннинг тана ҳужайраларигача озиқ моддалар, айниқса, ҳаво билан тўйиниши мана шу мўжизавий суюқлик билан амалга ошади. Унинг ўрнини ҳеч қайси дори воситаси, препаратлар босавермайди. Турли ҳодисалар, организм касалланиши, эҳтиётсизлик оқибатидаги шикастланишлар туфайли қоннинг маълум қисми йўқолиб, бемор ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Ўшанда олийжаноб ва олийҳиммат кишилар ўзгалар жонига оро киритишади, яъни қонларидан беришади. Ана шу қонни олиш, сақлаш ва зарур чоғда беморларга тарқатиш вазифалари вилоят қон қуйиш маркази ходимларининг зиммасига юклатилган.

Аҳил жамоада 11 нафар врач ҳамда 24 нафар ўрта тиббиёт ходими хизмат қилади. Улар ишга ҳамиша катта масъулият билан ёндашаётганлари туфайли кейинги пайтда юқори натижаларни қўлга киритишмоқда.

- 2020 йилда марказимизда донорлар қони ва унинг таркибий қисмини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш борасида фаол ҳаракат қилдик,- дейди мамнуният билан марказ бош врачи Зокиржон Ҳожимирзаев. - Шунинг учун муассасамиз аввалги 4-категориядан 3-категорияга ўтказилди. Бу катта ютуқ. Энди жамоамизнинг сафи янада кенгаймоқда. Қон жамғариш ҳамда таъминот миқдори ва сифатини тобора кўтариш ҳаракатидамиз. Амалда ойма-ой шунга эришаётирмиз. "Наманган саховат" чилари ҳисобига донорларимиз муттасил кўпайиб бораётгани жуда-жуда қувонарли ҳолдир.

Биз марказда бўлганимизда ғоят хайрли тадбирнинг устидан чиқдик. "Адолат" социал-демократик партияси томонидан 1 июндан "Беғараз донорлик" акцияси бошланибди. Дастлабки куниёқ 20 киши ихтиёрий равишда қон топшириб кетишди. Ибратли тадбирни ой сўнгигача давом эттирилиши мўлжалланган. Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳам донорлик ҳаракатининг пешқадамлари бўлишяпти.

Донорларнинг марказдаги йўли шартли равишда " Хайрли иш сари 7 қадам" дейилиши бежиз эмас. Ким ташриф буюрса биринчи қадами рўйхатхонадан бошланади. У ҳақдаги керакли маълумотлар билан ҳужжатлар тўлдирилади, кейин тиббий сўровнома. Бу иккинчи қадам саналади. Бармоқдан гемоглабин миқдорини аниқлаш мақсадида қон олиш учинчи қадам. Тўртинчиси шифокор қабули. Бешинчиси қон топширишга рухсат берилгандан сўнг кетадиган суюқлик ўрнини босиш учун донорни иссиқ чой билан сийлаш. Олтинчиси қон бериш. Еттинчи қадам-саховат якунлангач, донорнинг 10-15 дақиқа дам олиши ва енгил овқатланишидир. Энг муҳими, ана шу топширилган қон эртага, ё ундан кейин кимнинг­дир ҳаётини сақлаб қолишга, кимнингдир соға­йишини таъминлашга асқотади.

Эзгу мақсад йўлида хизмат қилаётган донорлик бўлими мудири Азимжон Давронов, врачлар Илҳомжон Тўланов, Адҳамжон Исабоев, лаборатория бўлими мудири Мақсуджон Жўрабоев, ИФА таҳлили бўлими мутасаддиси Комила Раҳимжоноваларнинг номларини бугун алоҳида тилга олиш керак. Чунки, ҳар бирлари зиммаларидаги вазифани ҳалол ва фаол бажариб келишмоқда.

Шифокорлар билан ёнма-ён ишловчи Марғуба Мирзамиддинова, Саида Тўхтабоева , Назокат Солиева, Гавҳар Қосимова сингари ҳамширалар ҳам доимо ўз ишларини аъло бажаришга интилишади.

Донорлар кунининг тантанали нишонланиши уларнинг кўнглида бежиз фахр туйғуларини уйғотмайди. Негаки, марказдаги врачу ҳамшираларнинг ўз ишларини виждонан бажаришаётгани қон маҳсулоти беморларга сифатли етиб боришини дои­мий кафолатлайди.

Содиқ САЙҲУН.