Шу гаплар сабаб Комилжон ака ҳақида ёзишни ниятладик. Наманган шаҳар болалар шифохонаси бош врачи Дилфуза Каримова ҳам оторинолорингология бўлими мудири фаолиятидан жуда мамнун экан.
- Комилжон Юсуповнинг сочлари шу ерда оқарган, - дейди у бироз ҳазиломуз. - Яхши инсон, етук шифокор, ўз устида тинимсиз ишлайди. Беморларидан, бўлимидаги ходимлардан ҳам ҳеч шикоят тушмаган, аксинча, яхши фикрлар айтишади. Унинг юқори малакасидан шаҳар миқёсида кенг фойдаланилмоқда. Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг бош оторинолорингологи ҳисобланади. Шифохонамизга ёндош РШТЁИМ вилоят филиалининг ҳам соҳа бўйича маслаҳатчиси.
Комилжон аканинг бугунги обрў-эътибори илм олиш, малакасини мукаммаллаштириш йўлида бедор ўтказган тунларию, тинимсиз изланишлари маҳсули, албатта. У 1958 йили Наманган тумани Қоратепа қишлоғида туғилган. Отаси Нишонбой ака ва онаси Турсуной аянинг орзуларини ушалтирган. Акалари Йўлдошали ва Эргашалилар катталар дўхтирлигига ўқишаётган эди, у эса кичикларни даволашни афзал билди. Комилжон мактабни тугаллаб, 1976 йили ҳеч иккиланмай Ўрта Осиё педиатрия институтига ошиқди. Илм даргоҳида малакали устозлардан тиббиёт сабоқларини олди. Интернатурани Наманган шаҳар 3-бирлашган болалар шифохонасида ўтади. Изланувчан ва тиришқоқ йигит атиги 3-4 йилдаёқ устозлар назарига тушди. Алексей Кришенко ва Карим Тўрахўжаевлар сабоғидан баҳраманд бўлди.
У 1992 йилдан оторинолорингология бўлими мудири бўлиб фаолиятини давом эттирди. Раҳбар жуда тўғри танланганлиги боис, 23 йилдирки, бўлим жамоаси беморларнинг ишонч-ихлосини қозониб, ютуқларини муттасил кўпайтирмоқда. Дунёга янги келган чақалоқдан тортиб ўсмир ёшдагиларгача уларнинг мижози. Энг нозик аъзолар - қулоқ, томоқ, бурун касалликларининг моҳир ва уста халоскорлари шу ерда.
Шифохона шаҳар ҳудудига хизмат кўрсатишига қарамай, ҳатто олис туманлардан ҳам мурожаатлар борлиги янада эътирофли. Бунда Усмонали Сайдалиев, Иқболжон Тожибоев, Файзулла Маматвалиев каби шифокорларнинг, Малика Мирабдуллаева, Асилахон Раҳимова, Дилдора Отахонова сингари ҳамшираларнинг ҳам сидқидил хизматлари катта.
- Устозларим Алексей Кришенко, Карим Тўрахўжаев, Тожиддин Жамолиддинов, Адҳам Абдуллаев, Хайрулло Валиевлардан жуда-жуда миннатдорман, - дейди Комилжон Юсупов. - Уларнинг малакаю тажрибаларидан самарали фойдаланяпмиз.
- Комилжон камтар ва самимий инсон, - дейди Зокиржон Шоқаламов. - "Болажонлар - эртамиз эгалари, улар саломатлигида нуқс бўлмаслиги керак" дея беморлари батамом соғайишлари учун ҳеч қачон вақтини ҳам, хизматини ҳам аямайди. Унинг касбига фидойилиги, оиласига юксак садоқати ҳавасга арзигулик...
Дарҳақиқат, хонадон бекаси Холида опа акушер-гинеколог. Беш нафар фарзандининг тўрттаси шифокорлик касбини танлаганлиги ота-она ибратидан эканлигига шак-шубҳа йўқ. Дилрабо - Андижон Давлат тиббиёт институти акушер-гинекология йўналиши магистранти. Ўғиллари Фазлиддин ва Миржалоллар ҳам мазкур даргоҳда даволаш ишлари бўйича магистр ва бакалавр йўналишларида таҳсил олишмоқда. Қизлари Марҳабо эса Наманган тиббиёт коллежини тамомлаган. Қисқаси, Комилжон ака шифокорлар сулоласининг чинакам сарбони ҳамдир.
Манзура ЭРГАШЕВА.