Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида коронавирусда гумон қилинган 416 нафар янгиқўрғонликлар карантинга олинган бўлиб, текширишлар натижасида уларнинг 33 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланди. Беморларнинг 18 нафари соғайиб кетди. 7 нафари вилоятимиздаги махсус шифохонада, 8 нафари эса врачларнинг назорати остида, уй шароитида даволанмоқда. Коронавирус билан оғриган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 80 ўринли заҳира жойлар кислородлари билан тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, зарур миқдордаги кислород концентратори, тиббий жиҳоз, дори-дармонлар воситалари заҳираси етарли.

Айни дамда Янгиқўрғон туманида ҳам вакцинация жараёнлари белгиланган тартибда амалга ошириляпти. Тайёргарликдан ўтказилган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари эмлаш жараёнларида иштирок этмоқдалар.

- Туманимизда яшаётган 18 ёшдан 100 ёшгача бўлган 164 минг нафардан зиёд фуқаро вакцина билан эмланиши режалаштирилган, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Лайло Аҳмедова. - Шу кунгача 12 мингдан зиёд аҳоли эмланди. Жумладан, 65 ёшдан ошган 8900 нафар, "Диспансер" назоратида турувчи 3126 нафар, МТМ ходимларининг 931 нафари, мактаб ходимларидан 2823 нафар ва 1800 нафар тиббиёт ходимлари зарур вакциналар билан эмландилар. Ҳаракатдаги тиббий бригадамиз ходимлари ётиб қолган беморларнинг уйларига бориб эмлаш ишларини бажаряптилар.

Айтиш жоизки, бугун туманда 15 та эмлаш пункти ташкил этилган бўлиб, уларда 15 нафар шифокор, 30 нафар ҳамшира ва 15 нафар рўйхатга олувчи ходимлар сидқидил меҳнат қилмоқда. Айниқса, иммунолог врач Эркиной Маткаримова, Зебохон Жабборова, Султонхон Раҳмонов ва Гулсорахон Сойиббоева, ҳамширалардан Дилфузахон Маматова, Кароматхон Муллажонова, Дилором Сайфиддиноваларнинг меҳнатлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Эмлаш бўйича ҳисоботларни бехато юритишда Садриддин Собиров, Ҳусанбой Абдуллаев ва Улуғбек Усмоновлар жонбозлик кўрсатмоқдалар.

- Кунлик белгиланган режага мувофиқ, - дейди иммунолог врач Зебо Жабборова, - сурункали касалликлари бор бўлган инсонлар, ўқитувчилар, мактабгача таълим ташкилотлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам эмланмоқда. Барча эмлаш жараёнлари малакали мутахассислар назоратида амалга ошириляпти. Ҳозиргача эмланган фуқароларда ҳеч қандай нохуш ҳолат кузатилмади.

Соҳа мутасаддилари билан суҳбатимиз жараёнидан англадикки, коронавирусга қарши вакцина - замонавий тиббиётнинг улкан ютуғи. Коронавирус инфекциясидан сақланишнинг ягона йўли - бу эмлаш эканлигини унутмаслигимиз даркор.

Қамбар ҲАЙДАР.