Саратон ташхисини эшитган кишига ва унинг яқинларига бу жуда ҳам қайғули ҳолат. Гўё бемор учун энди энг бебаҳо неъмат аталмиш тириклик шаъми сўнаётгандай... Аммо, бедаво дарддай кўринган саратонга ҳам ўз вақтида тўғри ташхис қўйилиб, даво чоралари кўрилса, албатта, хасталикни енгиш ва умрни узайтириш мумкин.
Наманган шаҳрида яшовчи Иномжон Содиқов хиқилдоқ саратонига йўлиққан эди. Шифохонада кимёвий терапия ва нур билан даволаниб келарди. Танасига озор бераётган ўсимтани жарроҳлик йўли билан олиб ташлашдан бошқа чора йўқлигини мутахассислар айтишган. Бундай операция фақат пойтахтдагина амалга оширилиши туфайли йўл ҳаражатлари ва бошқа сарфлар учун имкон топилмаётган эди...
Даволовчи онколог-врачнинг кутилмаган ҳушхабаридан бемор беҳад қувониб кетди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали ходимлари Наманганга келишаётгани унинг учун айни муддао бўлди.
Яқинда РИО ва РИАТМ Наманган филиалида марказнинг бош ва бўйин бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Хотамов, бўлим илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори Отабек Абдураҳмоновлар билан маҳаллий шифокор Акмалжон Боймирзаевлар биргаликда И. Содиқовда "Ларингэктомия, бўйин лимфа тугунлари лимфадесекцияси", В. Маҳмудовда "Ларинготомия, хиқилдок олдинги ён резекцияси" каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли бажаришди.
- Ҳозирда беморларимизнинг аҳволлари қониқарли, энг муҳими жароҳатлари битиши бирламчи, ижобий. Тез оёққа туриб, ўзларини яхши ҳис қилмоқдалар, - дейди филиал бош ва бўйин ўсма касалликлари шифокори Акмалжон Боймирзаев.
Операциялар асоратларсиз амалга оширилиб, филиал шифокорлари томонидан амалий кўникмалар олингани, тажрибалар алмашилгани қувонарли. Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, Анвар Эшонов бошчилик қилаётган филиал жамоаси нафақат вилоятимиз аҳолисига, балки қўшни ҳудудлар фуқароларига ҳам намунали тиббий хизмат кўрсатишяпти. Вилоятимизда илк бор қўл урилган юқори технологик операциялар давомида Қўқон шаҳридан келган Умида Жўрабоевада ҳам "Чап томонлама гемимандибулектомия, ўсмани олиш" амалиёти ўтказилди.
- Худога шукр, қўли енгил шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ўсимтадан фориғландим. Энди уларнинг маслаҳат ва тавсияларига қатъий амал қиламан, - дейди Умида нигоҳларига қалқиган маржондай кўз ёшларини яширолмай. - Биз каби беморлар умрини узайтириш учун тинмай ўқиб-изланган, нажот берган, ширинсўз ва меҳрибон шифокорларга мингдан-минг раҳмат. Айниқса, вилоятингизда бу каби ноёб амалиётлар ўтказилаётганидан ҳайратландим. Бу эса бизга ҳам қулай шароит яратди. Довон ошишимизга асло ҳожат қолдирмади.
Дарҳақиқат, вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси изчил таъминланмоқда. Соҳада яқин тўрт йил ичида улкан ўзгаришлар рўй бердики, бундан одамларнинг кундан кун мамнунлиги ортмоқда. Авваллари Тошкент шаҳридагина бажарилган юқори технологик онкологик операциялар эндиликда пойтахтлик етук мутахассислар билан ҳамкорликда вилоятимизда ҳам изчил ўтказилаётир.
Манзура ЭРГАШЕВА.