ёҳуд Қонунларни билмаслик жазодан қутулишингиз учун баҳона бўлолмайди
Қайси соҳада бўлмасин коррупция, таъмагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларнинг олди олинмас экан, у жойда ривожланиш, тараққиёт ва ижобий ютуқларга эришиш жуда қийин.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда бу каби иллатларга қарши кураш бўйича тизимли тушунтириш ва тарғибот тадбирларини амалга ошириб келмоқда. Афсуски, гурунч курмаксиз бўлмаганидек, соҳа ходимлари орасида нафс қутқусига учиб, номига доғ тушираётганлар ҳам учраб турибди.
Вилоят Эндокринология диспансери мажлислар залида бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, бош мутахассислар, вилоят даволаш - профилактика муассасалари бош врачлари, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда тиббиёт муассасаларида назорат органлари томонидан ўтказилган текшириш якунлари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов бошқарди. Вилоят прокуратураси бўлим прокурори Қаҳрамон Тўлашев Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга карши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг мазмун-моҳиятини йиғилганларга атрофлича тушунтирди.
Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси Наманган вилояти бўлими бошлиғи Неъматулла Қирғизбоев сўзга чиқиб, тизимда коррупция кўпроқ қай кўринишларда намоён бўлаётгани ва қандай юзага келаётганлиги ҳақида батафсил маълумот берди.
Вазирликнинг Наманган вилояти бўйича ички аудит ва молиявий назорат хизмати бошлиғи Абдуғани Қирғизбоев жорий йилнинг 1-чорагида тиббиёт муассасаларида амалга оширилган ўрганиш ва профилактика тадбирлари натижасида аниқланган хато ва камчиликлар тўғрисида тўхталди. Нотиқнинг қайд этишича:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларининг врач ва фармацевтика ходимларига 2015-2020 йилларда берилган малака тоифа сертификатларини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтидаги маълумотлар базасига солиштириб кўриш бўйича ўтказилган ўрганишларда вилоятдаги 11 та тиббиёт муассасасида ишловчи 110 нафар врачнинг малака тоифа сертификатлари қалбаки эканлиги аниқланган. Натижада, 2015-2020 йиллар давомида уларга салкам 3 миллиард сўм иш ҳақи ортиқча ҳисобланиб, тўланишига йўл қўйилган.
Йиғилишда тиббиёт ходимлари ўз зиммаларидаги вазифаларини тўлақонли бажаришини таъминлаш, ҳар қандай моддий қийматга эга "ҳадя"ларни берилишига ёки бошқа "имтиёз"лар таклиф қилинишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, фуқаролар томонидан коррупциянинг олдини олиш ва ходимларнинг коррупцион хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадида муассасалар бино ва иншоотларига ахборот стендлари, ижтимоий реклама плакатлари жойлаштириш каби ишлар амалга оширилиши зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Манзура ЭРГАШЕВА