ГУЛ САЙЛИДА ЯШНАГАН ШАҲАР

Халқаро гуллар фестивали вилоятнинг ҳаво дарвозасидан - Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар, ҳатто юк машиналари, комбайн, трактор, автокрандан тортиб ҳарбий техникаларгача учратиш мумкин. Анвойи гулларга бурканган 200 дан ортиқ автомашина карвони шаҳарнинг марказий Ислом Каримов шоҳкўчасидан Темир йўл вокзали айланма йўли - Амир Темур - Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди. Улар орасида комбайн, трактор, автокран, электромобилдан тортиб, ретро ва ҳарбий техникаларгача бор.

Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Қирғизистон, Қозоғистон, Корея, Буюк Британия, Туркия, Россия каби хорижий давлатлардан таклиф қилинган ва юртимизнинг деярли барча ҳудудларидан келган меҳмонлар, вилоят фаоллари жам бўлишди. "Гуллар байрами мадҳияси" янграгач, Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов байрамга йиғилганларни қутлаб, эзгу тилакларини билдирди.

Меҳмонлар орасида мамлакатимизнинг турли вилоятлари, айниқса, хорижликларнинг ҳам борлиги наманганликларга алоҳида ғурур бағишлади. Хорижий ОАВ мухбирлари, телевидение ва интернет нашрлари томонидан дунё бўйлаб ёритди.

 

ҚАЙСИ ГУЛ ШУҲРАТДА ҒОЛИБ?!

Наманган шаҳридаги "Афсоналар водийси" боғининг файзли оқшоми. Тантанали тақдирлаш маросимига профессионал ва ҳаваскор гулчилар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг гулчилари, туман-шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, мутасаддилар, меҳмонлар таклиф этилган. Гуллар шаҳри Наманганга хос ушбу мафтункор ва бетакрор байрамнинг эсда қоларли лаҳзалари. "Гуллар байрами" мадҳияси билан бошланган тадбир хиёбон амфитеатрига келган минглаб ҳамюртларимизга олам-олам хурсандчилик улашмоқда.

Ғолиблар бирин-кетин турли номинациялари бўйича қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Ҳамма ҳаяжон оғушида. Фестивалдаги иштироки учун бир қатор оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Наманган шаҳар ҳокимлиги, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси жамоаларига Наманган вилояти ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари берилди.

Халқаро гуллар фестивалида бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди: Жўрахон Мўминов - "Энг яхши қадимий гулчи сулола"га 20 миллион сўм, Бекзод Тоҳиров - "Энг яхши ёш гулчи"га 20 миллион сўм, Наманган Давлат университети, Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Наманган муҳандислик-технология институти - "Энг яхши гул композицияси"га 15 миллион, Ҳусанбой Нуриддинов - "Энг яхши гулчилик мактаби"га 15 миллион сўм, Фарҳод Жўраев - "Энг кўп гул етиштирган гулчи"га 15 миллион сўм пул мукофотлари топширилди.

Наманган шаҳрида қарийб ўн кун давомида дилларга ифор ва шукуҳ бағишлаган 60-анъанавий Халқаро гуллар фес­тивали. Асосий ғолибларга номинация­лар бўйича "Нексия 3" автомашиналари калитлари тантанали равишда топширилди. Улар - Поп тумани ҳокимлиги - шаҳар, туман ҳокимликлари ўртасида, Наманган вилояти қурилиш бош бош­қармаси - ташкилотлар ва бошқармалар ўртасида, Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси - "Автопарадда энг яхши гулга безатилган автомашина", Обидхон Қодиров - "Энг яхши дизайнер гулчи". Совринларни ўз эгаларига Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов топширди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Зулайҳо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов, "Божалар" гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновнинг дилрабо ва рақс­боп қўшиқлари янгради.

Ҳа, Намангандаги Бобур чаманзори бундан кейин ҳам кишиларни ҳамиша ўзига чорлаб тураверади. Чин дилдан сўз очиб, "Бир келиб кетинг гулбоғимизга!" деб қоламиз. Хушбўй ҳидлар эса фақат мамлакатимиз эмас, унинг сарҳадларидан ҳам ўтиб, кенг оламга таралаверади. Наманган фарзанди, Халқ шоири Ҳабиб Саъдулла ёзганидек, катта тўйхонага ўхшар Наманган! Эзгу ниятли инсонларни бирлаштирувчи бетакрор ва мафтункор гуллар айёми ҳар бир оила ва хонадонга қувонч ва бахт олиб келсин.

Орифжон ЖЎРАЕВ.