Норин туманидаги 16-оила поликлиникасида маҳаллабай ишлаш тизими намунали йўлга қўйилмоқда. Айниқса, аҳоли ўртасида соғ­лом турмуш тарзига риоя қилувчи оилалар сафи тобора кенгайтирилмоқда.

Бу ерда "Қозоқовул", "Шўрариқ", "Дўмар", "Найманобод" ва "Шаҳидмазор" каби маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда фаол иш олиб бориляпти. Энг аввало, Президентимизнинг 6110-сонли Фармонига мувофиқ аҳолининг тиббий хатлови ғоят уюшқоқлик билан, қисқа фурсатда, тўла-тўкис ниҳоясига етказилди. 16 мингдан зиёд кишининг тиббий маълумоти юксак талаблар асосида шакллантирилди. Улар электрон тизимга киритилди. Эндиликда ҳар бир хонадонда яшовчиларнинг саломатлик ҳолати нафақат ҳамширалар, балки оила шифокорларига ойнадек аён. Натижада аҳолининг касалланиш кўрсаткичи камайиб, соғайиш даражаси тобора кўтарилмоқда. Одамларнинг тиббий хизматдан ризолигига изчил эришиляпти. Ҳеч бир киши меҳр ва эътибордан четда қолдирилмаяпти.

Агар оилавий поликлиникадаги тадбирларнинг ижросига назар ташланса, мазкур тиббиёт муассасасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ўзига хос тажриба яратилганини кўрамиз. Жумладан, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш мақсадида вилоят ҳокими томонидан маҳаллалар кесимида энг фаол маҳалла ҳамда оилаларни рағбатлантириш учун "Менинг маҳаллам - соғлом маҳалла", "Соғлом турмуш тарзига риоя этувчи энг фаол оила", "Зарарли одатлардан ҳоли оила", "Жисмоний фаол оила", "Фарзандларига энг ғамхўр оила", "Ота-онасининг соғлигини асрашдаги фаол фарзандлар" "Сурункали касалликлар қайд этилмаган оила", "Эъзозли аёлларнинг фаол клуби" каби номинациялар бўйича ўтказилаётган танловдаги иштироки юқори баҳоланди. Шунинг учун поликлиника жамоаси "Дамас" русумли санитар автомашинаси мукофотига лойиқ деб, топилди.

Ана шу мукофотни топширишга бағишланган тантанали маросим ташкилланди. Уни Норин тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Наима Ҳолмирзаева кириш сўзи билан очди. Сўнгра вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов йиғилганларни қўлга киритган қувончли ютуқлари билан қизғин табриклади. Вилоят ҳокимлигининг сов­ғаси - автомашина калитини оилавий поликлиника мудири Маъмурахон Назаровага йиғилганларнинг олқиш қарсаклари остида топширди.

Маҳалладошлар номидан меҳнат фахрийлари Нўъмонжон Назаров ва Акбарали Мўминовлар сўзга чиқишиб, бу муносиб рағбат учун вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига катта миннатдорчилик изҳор қилишди.

Туман ҳокимининг ўринбосари Сайдулло Сиддиқов эса қозоқовуллик саломатлик пос­бонларини янада яхши фаолият кўрсатиб, эл соғлиғини мустаҳкамлашдаги тажрибаларини тобора бойитиб боришга даъват этди. Чунки, мукофотга берилган автомашина тиббиёт ходимларининг узоғини яқин қилади, қимматли вақтларини тежашга қулай имконият туғдиради. Янги автомашинада мобиль тиббий гуруҳ маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча ва хонадонма-хонадон юриб, барча оилаларнинг ҳолидан ўз вақтида хабар олиши учун хизмат қилади, албатта.

Содиқ САЙҲУН.