Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинган эди.
Мазкур ҳужжатнинг 4-бандида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб, давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат фуқаролик хизматчиларида юксак касбий ахлоқ-одобни, коррупцияга қарши туриш маданиятини ва унга тоқатсиз муносабатни шакллантириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш деб белгилаб қўйилган. Фармон ижросини таъминлаш ҳамда юқоридаги вазифалар юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини амалга ошириш мақсадида вилоят эндокринология шифохонасида "Меҳнат ҳуқуқи - қонун ҳимоясида" мавзусида мутахассислар иштирокида семинар ташкил этилди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасалари раҳбар ходимлари иштирок этишди.
Соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат муносабатларини ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар, соҳа ходимларида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда тизимда мавжуд коррупциоген вазият таҳлили, меҳнатга оид муносабатларни ташкил этишда ҳуқуқни қўллаш амалиёти мавзуларида вилоят бандлик, прокуратура ҳамда адлия бошқармаси масъул ходимлари томонидан таҳлилий маърузалар қилинди. Иштирокчилар ҳам соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига амалий жавоблар олдилар.
Семинарда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари Шуҳратжон Тўхтабоев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовлар бу каби семинарларни келгусида ҳам давом эттириш лозимлигини таъкидладилар.
Санжарбек ҲАМИДОВ.