Коронавирус дея ном олган бало на фақат халқимиз, дунё мамлакатлари аҳолиси бошига ҳам ўта оғир кунларни солди. Хитойнинг Ухань шаҳридан тарқалган вирус қисқа фурсат ичида барча қитъаларга етиб борди. Бу борада муайян тажриба, вакцинага эга бўлмаган соҳа мутахассислари ҳам лол-у ҳайрон эди, ўшанда. Шифохоналар касалланган одамлар ва болалар билан тўлиб, тошди. Фавқулодда кўрилган чора-тадбирлар ҳам аввалига кутилган натижани бермади. Боғча, мактаб, коллеж, олийгоҳ ва қатор ишлаб чиқариш корхоналари бирин-кетин ёпилди. Ҳатто дунёнинг узоғини яқин қилаётган транспорт воситалари ҳам таққа-тақ тўхтади.
Мамлакатимиз Президенти, Республика Ҳукумати аҳоли соғлиги ва ҳаётини сақлаб қолиш, коронавирус инпекцияси тарқалишининг олдини олиш учун учун нимаики зарур бўлса, ҳаммасини қилди. Тезкор усулда барча қулайликларга эга қўшимча махсус тиббиёт масканлари барпо этилди. Чет мамлактлардан зарур дори-дармон, техника, химоя воситалари келтирилди. Тажрибали мутахассислар жалб қилинди.
Яратганга шукрлар бўлсинким, ўта оғир, аянчли кунлар ортда қолди. Аҳиллик, ҳамжиҳатлик, қатъий интизом асосида амалга оширилган режали тадбир ва муолажалар ўз самарасини берди. Коронавирус инфекциясининг ўчоғи секин аста сўна бошлади. Аммо бу дегани ундан батамом халос бўлдик, қутулдик дегани эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилаётган маълумотлар ҳам бу борада қатор мамлакатларда ҳолат ўта аянчли эканлигини кўрсатиб турибди. Қолаверса, мамлакатимиз бўйича кунига 200- 300 нафар атрофида одамларнинг коронавирус инфекциясига чалинаётганлиги бизни янада огоҳ, ҳушёр, сергак, интизомли бўлишга ундамоғи зарур ва шарт.
Азиз ҳамюртлар!
Хабарингиз бор, дунё миқёсидаги олимларнинг, шу жумладан ўзбек мутахассисларининг тезкор ва самарали изланишлари натижасида коронавирус инфекциясига қарши қатор вакциналар яратилди. Синовдан ўтганлари, ЖССТ томонидан амалиётга тавсия этилди. Тезкор жараёнда мамлакатимизга , шу жумладан вилоятимизга ҳам Республика СЭО ва ЖСХ тақсимотига асосан AstraZeneca - 58 000 доза, ZF-UZ-VAC2001 - 183 000 доза, Sputnik-V - 900 доза миқдоридаги вакциналари келтирилди.Ҳозирги кунга келиб 125 805 нафар хавф гуруҳига мансуб бўлганларни қўшиб ҳисоблаганда жами 169 419 нафар аҳоли қатламида эмлашни самарали ўтказишга муваффақ бўлдик. Биринчи ва иккинчи босқичда эмлаш олган аҳоли қатламида уч кунлик патронаж кузатувлари йўлга қўйилди. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, шаҳар ва туман даволаш-профилактика муассасаларига эмлашдан сўнгги ножўя ҳолатлар кузатилганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган.
Юқоридаги факт ва рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, мамлакатимизда, шу жумладан вилоятимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалиши ва ундан батамом халос бўлиш мақсадида кенг қамровли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бироқ , жамоат жойлари, бозор, савдо шохобчалари каби айрим ташкилот, муассасалардаги ўзибўларчилик ҳолатлари, карантин қоидаларини қўпол равишда бузилаётганлиги соҳа мутахассисларини ҳамон ташвишга солмоқда. Халқимизда бекорга "Бирники мингга, мингники туманга" деган нақл бежизга айтилмаган. Юртимизда нишонланаётган байрам тадбирлари, тўй ва маросимларда ҳам ниқоб тақиш, қўлларимизни ҳимояловчи воситалар билан зарарсизлантириш, оралиқ масофани сақлаш каби қоидаларга қатъий риоя этсак, энг аввало ўзимизни, оила аъзоларимизни, халқимизни коронавирус инфекцияси юқушидан асраган бўламиз.
Мамасоли ТЎРАБЕКОВ,
Наманган вилоят СЭО ва ЖСБ бошлиғи.