Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Ровшан Изамов ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Хуршид Фазилов томонидан 2021 йилнинг 23 февралида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга асосан Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раҳбари раис ўринбосари Абдунўъмон Сиддиқов ва бўлим бошлиғи Ойбек Таджиевлар РИКИАТМ функционал диагностика бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Феруза Бекметова ҳамда аритмия бўлими катта илмий ходими, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Жамшид Ирисовлар билан биргаликда Наманган вилояти кардиология марказига ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган мақсад Наманган вилоятида телеметрик ускунани қўллаган ҳолда тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича илк лойиҳани амалга оширишдан иборат эди. Мазкур ускуна мажмуаси таркибига UNET мажмуаси ва 15 та Ucard-100 электрокардиографлар киради. Мутахассислар томонидан филиал ходимларига Ucard-100 электрокардиограф ёрдамида беморларнинг электрокардиограммалари (ЭКГ) РИКИАТМнинг UNET мажмуаси билан жиҳозланган инновацион марказига узатилиши ва келиб тушган ЭКГ баҳоси билан юқори малакали шифокорлар шуғулланиши тушунтириб ўтилди.
Ушбу телеметрик ускуна вилоятларда замонавий стандартлар даражасида скрининг, профилактик кўрик ташкиллаштириш ва юрак-қон томир касалликларини ташхислаш имконини беради. Вилоят аҳолиси Тошкентга бормасдан туриб, энг яхши пойтахтлик мутахассислардан тиббий ёрдам олиш имконига эга бўлади. Бунда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғин даражасидаги тиббий ёрдам кўрсатиш сифати сезиларли даражада ошади. Ташхислашнинг юқори сифат даражаси, профессионал ёндашув бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ҳудудларидаги шифокорларнинг малакасининг ошишига ёрдам беради.
Шундай қилиб, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган кўникма ва услубларнинг изчиллиги таъминланади. Телеметрик ускуна, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни жалб этишга бўлган харажатларни ҳам камайтиради. Бир вақтнинг ўзида уларнинг хизмати билан мамлакатнинг турли бурчакларида яшайдиган аҳолининг кўпроқ қисмини қамраб олиш имконини беради.
Бунда мазкур ускунадан профессионал даражада ва самарали фойдаланиш учун Миллий палата томонидан барча зарур маслаҳатлар, ахборотлар, техник ёрдам кўрсатилди. Қўшма илк лойиҳа Ўзбекистон аҳолиси учун, унинг қаерда яшашидан қатъий назар-пойтахтдами ёки мамлакатимиз ҳудудидами, қандай қилиб юқори даражадаги тиббий ёрдам ташкиллаштиришни амалда намойиш қила олади.
Телетиббиёт беморга ўз вақтида ташхис қўйиш ва зудлик билан даволашни бошлаш имконини беради, шу билан бирга малакали мутахассислар вилоятга чиқмасдан, ўзининг иш жойида бўла туриб беморга ёрдам кўрсатиши мумкин.
Лочинбек БЎРИЕВ,
Миллий палата ҳудудий бўлинмаси бўлим бошлиғи.