12 май - Халқаро ҳамширалар куни бу йил ўзгача шукуҳда нишонланди. Байрам тадбири пандемия тартиб қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда онлайн тартибда ўтказилди.

Вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида фидокорона хизмат кўрсатаётган энг илғор ўрта тиббиёт ходимлари ҳам соғлиқни сақлаш вазирлиги биносидаги асосий студияга уланган касаба уюшмалари вилоят кенгашидаги байрам тадбирига таклиф қилинди.

Видеоконференция алоқа тарзида ўтган онлайн тадбирда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситханованинг табриги ҳамширалар учун юксак фахр ва ифтиҳор ҳиссини туйдирди. Вазир ўринбосарининг устозлари ҳамширалар бўлганлигини тинглаган залдагиларнинг қалблари ўзгача хаяжонга тўлди. Нотиқ таъкидлаганидек, юксак савиядаги касбий маҳоратга ва инсонийлик фазилатлари мужассам устозлик мақомига эга бўлган ҳамширалар вилоятимизда ҳам жуда кўп.

Ўзбекистон Республикаси соғ­лиқни сақлаш вазирлиги, соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси билан ҳамкорликда анъанага кўра ҳар йили ўтказиб келинадиган "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими кўрик-танлови"нинг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Танловда 13 та номинация бў­йича 39 нафар ғолиблар аниқланди. Ҳаяжонли дақиқалар... Республика бўйича "Йилнинг энг яхши фармацевти" йўналиши бўйича фахрли 1-ўринга Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ички дорихона бўлими фармацевти Гулчеҳра Сотиболдиева лойиқ кўрилганда зал гулдуррос қарсакларга тўлди.

"Йилнинг энг яхши катта ҳамшираси" йўналиши бўйича фахрли 3-ўринга Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали хирургик реанимация бўлими катта ҳамшираси Раънохон Назарова муносиб топилди.

Ғолиблар "Соғ­лиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Байрам тадбирида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Баҳриддин Сиддиқов, тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси вилоят бўлими бошлиғи Неъматжон Қир­ғизбоев, РИКИАТМ Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Дилмурод Қодиров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова, тармоқ касаба уюшмаси раиси Аббосхон Мамадалиевлар қизғин муборакбод этдилар. Матонатли ва машаққатли касб эгаларининг келгусидаги фаолиятларида улкан муваффақиятлар тиладилар.

Шунингдек, вилоят даволаш-профилактика муссасалари, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларида хизмат кўрсатаётган барча ҳамшираларнинг вакилларига вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг алоҳида байрам табриги битилган ёрлиқлар топширилди.

Манзура ЭРГАШЕВА.