- дея таассуротларини баён этаётган меҳмонлар 1978 йилда Тошкент медицина институтининг санитария-гигиена факультетини тамомлаган собиқ курсдошлар экан. Улар анъанага кўра 2020 йилда Наманганда учрашишни режалаштирган бўлиб, пандемия сабаб бу тадбир ушбу йилга қолдирилган эди.
- Менга курсдошлардан қўнғироқ бўлиб, Наманганда учрашишлигимиз етказилганда қалбим шодлик ва ҳис-хаяжонга тўлди. Боиси қадрдонлар дийдори, қолаверса, кейинги 3-4 йил ичида бу вилоятда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, ўзгаришлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали бохабар эдим. Ана шу улуғвор ўзгаришларни ўз кўзим билан кўриш имконияти туғилганидан бошимиз осмонга етди, - дейди Қашқадарё вилоятининг қадим Шаҳрисабзидан ташриф буюрган Яшин Турсунов.
- Эрта тонгда бизга ажратилган иккита автобусда олис Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳига етиб бордик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Республика Ҳукумати томонидан миллий қадриятларимиз кўзгуси бўлган зиёратгоҳларга берилаётган эътиборнинг амалдаги исботини гувоҳига айландик. Ўн беш, йигирма йил олдин кўрганимиз "Балиқли кўл" номи билан аталувчи қадамжой билан бугунги масканнинг тафоввути ер билан осмон қадар эканини қалбдан хис этдик, - дея даврага қўшилди Нишон туманидан келган Иброҳимжон Усмонов.
- Учрашувимиз аввалида безатилган автомобиллар паради ақлимизни шоширган бўлса, шодон кайфиятимиз "Гуллар фестивали"га макон бўлмиш З. М. Бобур номли боғда авж пардасига кўтарилди. Республикамизнинг барча вилоятларидан келган 71 нафар курсдошларимизни "ҳа" деганда чаманзорлар сеҳридан ажратиб бўлмади. Улар гўё дунёни унутиб, минг бир рангда ифор таратаётган гуллар аро тинмай сайр этган, суратларга тушган. Хуллас, халқаро фестивалнинг маҳобатини асирасига айланган эди. Биз бугун дунёнинг нигоҳи қаратилган Наманган шаҳридан бир олам таассуротлар билан қайтар эканмиз, пок ниятли наманган аҳлига кўнглимиз тубидаги энг яхши тилакларимизни айтгимиз келди. Илоҳим шаҳрингизни жамолига, ширин калом одамларингизнинг меҳмондўстлигига,тўкин дастурхонингизга асло кўз тегмасин. Яна кўп бор бу азиз заминда учрашишлик, шакаргуфторлик қилишлик барчамизга насиб этсин, - дея суҳбатимизга якун ясади - Тошкент вилоятидан Умида Абдурасулова.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ суҳбатлашди.