Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида тизимидаги амбулатория-поликлиника муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини кўтариш, тор доирадаги мутахассисларнинг диспансер назоратидаги оғир беморларни уйда кўригини ташкиллаш, яширин кечаётган касалликларни барвақт аниқлашга, кўрсатилаётган тиббий хизматдан қониқиш ҳосил қилишга эришиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни оширишни тарғиб қилиш, тиббий соҳада "маҳаллабай" ишлаш самарадорлигини таъминлаш мақсадида шу йил 19 майдан 19 июнгача "Зарбдор ойлик" деб эълон қилинди.

Тумандаги мавжуд 67 маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирига биттадан шифокор бириктирилди. Шифокорлар ўзларига бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси ва фаоллари, ҳамкор ташкилотлар, ҳудуд шифокори ва патронаж ҳамширалари билан биргаликда уйда ётиб қолган, оғир касалларни тиббий кўрикдан ўтказиб, даволаниши учун тавсиялар беради.

Маҳаллаларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик тўғрисида суҳбатлар ўтказиб, тарғибот ишларини олиб бориш вазифаси юклатилган. Бажарилган ишлар бўйича ҳисоботлар бирлашманинг "Зарбдор ойлик" деб номланган телеграмм канали орқали йиғиб, умумлаштирилиб борилади. Ойлик якунида намунали иш ташкил қилган фаол ходимларни моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.

Абдусаттор ТЎЙЧИБОЕВ.