Наманган шаҳар болалар шифохонасининг меҳридарё врачу ҳамширалари кичик беморларнинг нажоткорлари сифатида ота-оналарнинг ишончу ҳурматини қазонишган. Улар кеча-кундуз дард тортаётган ўғил-қизларнинг жонига оро киритиш учун бор билим ва малакаларини ҳеч аямай сарфлашади. Мақсадлари ягона, у ҳам бўлса, беморларни касалликлардан тез ва сифатли фориғ этишдир. Бош врач Абдусамад Исмоиловнинг жамоасидан ҳамиша кўнгли тўқ. Чунки, мавжуд 10 та бўлимда ўз йўналиши бўйича чуқур билим ва етарли малакага эга ходимлар жамулжам бўлишган.
Масалан, неонатология бўлимини олайлик. 30 ўринли бўлимда Зулфия Ғафурова раҳбарлигида фаол иш олиб борилмоқда. Гўдакларга беминнат тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Ҳар доим организми тузук ривожланмаган, тана аъзолари такомиллашмаган чақалоқлар врачу ҳамшираларнинг ғамхўрлиги туфайли соғлом ҳаётни давом эттириш имкониятига мушаррафланишади. Ойбек Эралиев, Мирсаид Иброҳимов, Дилбар Адашева, Адҳам Ғаниев, Солижон Рахимбеков, Равшан Сатторовлар мудирлигидаги беморларни қабул қилиш, болалар, хирургия ва неврология бўлимлари фаолиятидан ҳам хаста ҳол фарзандларнинг ота-оналари доимо мамнунлар, десак асло муболаға эмас.
Аслида шифохонадаги врачларнинг барчаси ўз ишига моҳирдирлар. Комилжон Юсупов, Беҳзод Матмусаев, Маҳмуджон Арслонов сингари лор, невролог ва педиатр врачлар неча-неча ўғил-қизларнинг юзларига табассум ёйилишига сабабчи бўлишаётгани шундан.
Врачларнинг ёнларида ёрдамчиликни қойилмақом қилиб уддалашга қодир ҳамширалар қўпчиликдан олқиш олишмоқда. Бош ҳамшира Мунаввар Абдуллажонованинг айтишича: Моҳира Усмонова, Наргиза Тўхтамирзаева, Шоира Дадамирзаева, Малика Низомова ва Дилдора Раҳмоноваларга ўхшаган ҳамшираларнинг ишлари барча ҳамкасбларга намуна қилишга арзир экан. Уларнинг юқори малакали муолажалари боис даволанаётган болалар тезда соғайиб кетишмоқда.
Шифохона ҳовлисига кирган киши бу ердаги ўзгаришларни дарров сезади. Биноларнинг ташқи қиёфаси ҳам, ички кўриниши ҳам ҳозирги замон талабларига мосу хос равишда кўзга ташланади.
- Тиббий ислоҳотлар шарофати билан шифохонамиз шароитларидан тортиб, таъминотигача тобора яхшиланмоқда, - дейди бош врач Абдусамад Исмоилов. - 300 ўринли муассасамиз қурилиш таъмири учун кейинги икки йилда 34 миллиард сўм маблағ сарфланди. Энг муҳими иссиқ пайтида салқин, совуқ маҳалда илиқ бўлишини таъминловчи зарур қопламалар қилинди. Реанимация ва операция хоналарида мўътадил ҳолат яратилмоқда. Тоза ҳудуд вужудга келтириляпти. Тиббий текширув ва муолажа аппаратларининг янгиланишига эришилмоқда. Дори-дармонлар етарли. Фақат ва фақат ғамхўрликларга жавобан ҳалолу фаол ишлашимиз керак. Чунки, болалар бизнинг эртанги кунимиз эгаларидир. Уларнинг соғлигини сақлаш, турли касалликлардан ҳимоя қилиш масъулиятини бирор лаҳза унутишга ҳаққимиз йўқ.
Дарҳақиқат, кичик беморларга катта эътибор қаратилаётган экан, Наманганнинг эртанги куни соҳиблари соғлигини сақлаш бундан буён ҳам долзарб вазифа бўлиб қолаверади.
Содиқ САЙҲУН.