Гул, гуллар шайдолари фақат эзгуликни кўнглига тукканлардир. Айни шу кунларда мана шундай дилгир, қалби эзгулик билан тўлганлар шаҳримиз меҳмони бўлиб турибдилар. Бу йил 60 йилдан бери нишонлаб келинаётган гуллар байрамининг қутлуғ юбилей тўйи. Нафақат республикамиздан, балки узоқ-узоқ юртлардан, хориж давлатларидан ташриф буюраётган азиз меҳмонларнинг ҳайрати, ҳаваси ўзгача. Барчасининг бир гапдан нарига ўтолмайди. "Ҳа, айтганларича бор экан. Чиндан ҳам Наманган гуллар диёри экан".
Водий гавҳари бўлмиш гуллар кентида ўтказиладиган фестивалнинг овозаси дунёнинг тўрт томонига тарқалди. Жаҳоннинг 20дан зиёд мамлакатлари, хусусан, Наманган билан биродарлашган ҳудудлари - Туркиянинг Испарта ва Усмонғози, Хитойнинг Циндао, Жанубий Кореянинг Инчеон ва Сеонгнам, Покистоннинг Панжоб, Россиянинг Челябинск ва Екатеринбург, Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳарлари вакилларига таклифномалар юборилди.
Шунингдек, гуллар фестивалининг халқаро майдонда кенг ёритиш учун жаҳоннинг 31 мамлакатидан хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ҳам Наманганда жам бўлди. Бундай аҳил иттифоқлик, меҳр-муҳаббат ила ирқи, миллати, динидан қатъий назар барчани бирлаштира олган гўзаллик байрами ана шу жиҳатлари билан Наманганнинг шуҳратини бутун оламга танитмоқда, албатта.
Фестивалнинг старт нуқтаси вилоятимизнинг ҳаво дарвозаси Наманган аэропортидан бошланди. Гуллар билан безатилган 200 дан ортиқ енгил автомобиллар, ҳарбий техникалар, кран, трактор, комбайин ва ҳаттоки антиквар машиналар аэропортдан бошлаб Ислом Каримов кўчаси, Темир йўл вокзали айланмаси, Амир Темур, Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланган автокарвон шаҳар марказидаги очилиш маросими майдонига етиб келди.
Фестивал ўтказилаётган асосий майдонлар, хиёбонлар ўзгача тусга кириб, замонавий ландшафт дизайни билан безатилган. Шаҳар атрофи шу кунгача 10 миллиондан ортиқ гулларга бурканди. Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур маданият ва истироҳат боғига турли навдаги ўн миллиондан ортиқ манзарали, мавзумий гуллар билан безатилди.
Боғни безатишда ҳеч бир йўналиш дизайнерлар назаридан четда қолмади. Спорт дейсизми, "Беш муҳим ташаббусми" ёки IT-дастурлар асосидаги павилионларми барчаси моҳир безовчилар санъати билан бунёд этилди. Айниқса шахмат-шашка клуби қурилди. Тўртта катта гулхона, беш гeктарлик майдонда 500 га яқин ноёб манзарали дарахтлар парвариш қилинди.
Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Қирғизистон, Қозоғистон, Корея, Буюк Британия, Туркия, Россия каби хорижий давлатлардан таклиф қилинган ва юртимизнинг барча ҳудудларидан келган меҳмонлар, вилоят фаоллари иштирок этди.
Фeстивал доирасида бадиий мусиқий, композицияли дастурлар, "Гул билан яшнасин олам", "Кимнинг гули чиройли?", "Кактуслар оламида", "Кўнгилларда гул васфи", "Гуллар маликаси", "Дўппидек палов" каби кўрик-танловлар ташкил этилиб, ҳунармандчилик, миллий либослар ва фотосуратлар намойиши ўтказилиши ҳам байрам дастуридан ўрин олган.
Қарийб ўн кун давомида гул етиштириш ва ландшафт дизайни бўйича маҳорат сабоқлари, миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъат асарлари намойиш қилинади.
Фестивалнинг ташкилий қўмитаси томонидан гуллар сайлида энг яхши гул кўргазмаси билан фаол иштирок этганлар тақдирланади. Ғолибларга мукофот сифатида "Ласетти" автомашинаси топширилади.
Ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган, 60-анъанавий Халқаро гуллар фестивали тантаналари байрамона руҳда давом этмоқда.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
Санжарбек ҲАМИДОВ.