Халқ саломатлиги ва соғлом миллат генофонди ҳар бир давлатнинг муҳим бойлиги саналади. Шу боис, мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар янгича мазмун касб этяпти.
Президентимизнинг тиббиёт соҳасининг бирламчи тизимини ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, "электрон соғлиқни сақлаш" тизимини тадбиқ этишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари, бир неча бор ўтказилган видеоселектор йиғилишлари замирида ҳам халқ саломатлигига қаратилган эътибор ва ғамхўрликни англаш, ҳис этиш мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Элмира БОСИТХОНОВА билан суҳбатимиз тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ва эришилган натижалар хусусида бўлди.
- Соғлиқни сақлаш тизимининг мураккаблиги шундаки, у бевосита инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳаётини асраб қолишдек ўта масъулиятли фаолият билан боғлиқ, - деди Э.Боситхонова. - Албатта, бугун дунёда тиббиёт соҳаси жуда ривожланиб бормоқда. Турли касалликларга қарши кураш, уларни бартараф этишга қаратилган нозик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасида эришилган тажрибалар ҳам ортиб, янги тиббий технологиялар кириб келяпти.
Аммо энг асосий масала - ана шу ютуқ ва тажрибалардан, мавжуд тиббий технологиялардан оқилона фойдаланишда.
Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки давридаёқ аҳоли саломатлигини асраш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масаласини устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берди. Соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар ўтказиш, айниқса, оналар, гўдаклар ўлими, ногиронликни имкон қадар камайтириш борасида самарали чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кун тартибига олиб чиқди.
2017 йилнинг ўзида олтита селектор йиғилиши биргина соғлиқни сақлаш тизими фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилгани бежиз эмас. Йиғилишларда мазкур соҳанинг республикамиздаги ҳолати, ривожланишига халал бераётган мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилинди. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тизим фаолиятининг қониқарсизлиги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётгани, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан бажарилаётган ишлар иқтисодий нуқтаи назаридан самарасиз эканига урғу берилди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан ихтисослашган тиббий марказлар фаолиятининг қониқарсиз эканлиги таъкидланганди. Чунки ихтисослашган марказларнинг аҳоли қуйи қатлами билан деярли алоқаси узилиб қолган эди. Хусусан, уларнинг халқаро стандартларга жавоб бермаслиги, клиникаларда халқаро алоқалар йўлга қўйилмагани ҳам қайд этилганди. Табиийки, барча жабҳада, жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам ривожланиш учун халқаро тажрибалар сув ва ҳаводек зарур.
Кейинги йилларда кадрлар масаласида ҳам камчиликларимиз кўзга ташланиб қолди. Айниқса, чекка ҳудудларда оилавий шифокор, умумий амалиёт шифокорларининг етарли эмаслиги, баъзи ҳудудларда тор соҳа мутахассислари йўқлиги, малакали мутахассислар кўпроқ Тошкент шаҳрида фаолият юритиши республика соғлиқни сақлаш тизими раҳбарияти томонидан ҳам таҳлил қилинди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги айрим йўналишлар ривожида оқсашлар сезилди. Бу, айниқса, гемодиализ, онкология йўналишида кўпроқ намоён бўлаётир. Шунингдек, ихтисослашган ва тез ёрдам хизматида ҳам бартараф этилиши керак бўлган муаммо ва камчиликлар етарли. Жумладан, ҳануз тиббий хизмат кўрсатиш транспортларида IT технологиялар қўлланилмайди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида ҳам бажарилиши зарур бўлган вазифалар йиғилиб қолганди. Болалар поликлиникаси қисқартирилиб, улар умумий кўп тармоқли поликлиникалардаги болалар хоналарига айлантирилганди. Йиғилишларда ана шу масалалар бўйича алоҳида вазифалар белгилаб олинди.
Тўпланиб қолган муаммолардан яна бири шу эдики, туғма ногиронликнинг олдини олиш борасида республика бўйича фақат Тошкент шаҳрида бор-йўғи иккита жойда скрининг ўтказиларди. Бу скрининг текширувининг аҳолини қамраб олиш имконияти ҳам 45 фоизни ташкил этган. Эътибор беринг: бугунги кунда республикамиздаги икки юзта туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси сканер аппаратлари билан таъминланган. Ҳомиладаги нуқсонларни эрта аниқлашга қаратилган эътибор, саъй-ҳаракатлар туфайли скрининг текширувидан ўтказиш қамрови энди 95 фоизгача етяпти. Ҳозир ҳомиладорлиги аниқланган ҳар бир аёл туман марказидаги поликлиникада скрининг текширувидан ўтиб, ҳомиланинг соғлом эканини тасдиқлатиб, унинг тўғри ривожланиши учун керакли чораларни кўриши мумкин.
Аёллар маслаҳатхонаси ҳам тикланди. Ҳар бир марказий поликлиникада алоҳида болалар бўлими ташкил этилди. Туман марказидаги шифохоналарда болалар реанимация маркази тугатилиб, катталар реанимациясига қўшилиб кетган эди. Болаларга оғир ҳолатда ёрдам кўрсатиш эса уларнинг ёшига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда ёндашувни талаб қилади. Шу боис, бугунги кунда болалар реанимацияси бўлими ҳар бир туманда қайта тикланди.
Ихтисослашган марказларда ҳақиқий инқилобий ўзгаришлар рўй берди. Мамлакатимизда юрак нуқсони билан туғилган болаларда йилига уч мингтагача операция ўтказиш эҳтиёжи бор эди. Лекин шу пайтгача академик В.Воҳидов номидаги Республика жарроҳлик ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти болалар кардиологияси бўлимида бир йилда бор-йўғи икки юз нафар бемор боланинг юрагини операция қилиш имкони бўлган. Бугунги кунга келиб, бир йилда 2800 бола операция қилиняпти. Чунки етарли тиббий имконият ва мутахассисларга эга бўлган бўлимлар Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Андижон, Самарқанд вилоятларида ҳам очилди.
Битта соҳа бўйича ихтисослашган ёрдамнинг ҳудудларда ҳам мавжудлиги катта ютуғимиз бўлди, деб ҳисоблайман. Бу клиникалар барча керакли тиббий анжомлар билан таъминланган, уларда малакали жарроҳ, анестизиологлар жамоаси фаолият олиб боради. Булар "Мана биз қуриб қўйдик, биз бўлим очдик" деган бир томонлама қараш учун эмас, халқнинг корига яраш учун ташкил этилган муассасалардир.
Бундай ўзгаришларни барча йўналишларда кузатиш мумкин. Масалан, гемодиализ хизмати аввал фақат Тошкент шаҳрида йўлга қўйилганди. Дори, сарфлов материаллари ҳам етмасди. Бир беморга тўрт соат гемодиализ сеанси олиб борилиши керак бўлса, уни бир соатгача қисқартириб, битта фильтрни битта касал ўзига уч-тўрт марта ишлатишга мажбур бўлган ҳолатлар кузатиларди.
Умуман олганда, охирги тўрт йил ичида буйраги ишламаслиги натижасида аппаратга боғланиб қолган беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва тўлақонли яшаши борасида эътиборга молик ишлар бажарилаётир.
Пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу тўртинчи даражадаги тиббий марказ ҳисобланади. У Корея Республикаси кўмагида барпо этилган. Бу ерда юқори сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатилади. Йилига 1,5 мингдан ортиқ ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти мавжуд. Марказ магнит резонанс томографи, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Муассасада фаолият юритиш учун юздан ортиқ врач ва ҳамшира Жанубий Кореяда малака ошириб келди.
Эътиборга молик жиҳати, жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар мутахассислари ва тиббиёт олий таълим муассасалари ўқитувчилари, талабалари жарроҳлик амалиётини онлайн кўриб туриши мумкин. Замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этилади, даволашнинг таъсирчан усуллари муҳокама қилинади. Ана шундай жараёнларнинг бирига ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Ҳар қандай ота-она бетоб боласини малакали, тажрибали мутахассисга кўрсатгиси келади. Жанубий кореялик профессор томонидан Андижондаги бетоб бола кўрикдан ўтказилган пайтда ота-онанинг қалбидаги қониқиш ҳиссини кўрганингизда эди! Бу қувонч, мамнунлик ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Ўйлайманки, бу ютуқларимиз халқимизга сифатли, самарали тиббий хизмат тизими яратилаётганидан далолат беради.
- 2020 йил 6 ноябрь ва 2021 йил 1 апрелда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бирламчи тизимнинг мутлақо янги механизмларини яратиш зарурати тўғрисида сўз юритди. Белгиланган вазифалар ижроси доирасида қандай ўзгаришлар кузатиляпти?
- Аввал умумий амалиёт шифокори олдига бемор келиши кутиб туриларди. Ёки бўлмаса, шифокор "патронаж қилишим керак", дея маҳаллага кетма-кет, ҳеч бир аниқ режасиз чиқиб кетарди. Бунинг натижасида эътиборга муҳтож хасталар четда қолиб кетган. Натижада поликлиниканинг самараси, имконияти ҳам тўлиқ намоён бўлмаган.
Бу бўйича мутлақо янги механизмлар ишлаб чиқилди. Индивидуал ёндашув ҳамда маслаҳатлар тизимига ўтилди. Поликлиникага мурожаат қилган ёки шифохонага борган инсоннинг саломатлигидан келиб чиқиб, индивидуал маслаҳатлар бериш ва кейинчалик уларни назоратга олиш, маслаҳат ва даволашреабилитация тадбирларига жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Тиббий бригадаларни шакллантириш ва аҳолини хатловдан ўтказиш жараёни бошланди.
Биз аввал фуқаро касал бўлмаса ҳам уйига боришимиз керак эди. Энди бу амалиётдан воз кечиб, фақат оғир аҳволдаги, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари"га кирган хасталар, ногиронлиги бўлган беморлар хонадонига бориб, тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни даволаш чораларини кўряпмиз.
Олдин даволаниш учун ордерни Соғлиқни сақлаш вазирлиги берарди. Ҳозир оилавий шифокор маҳаллада ордер кимга ва қачон кераклигини ўзи белгилайди. Ўйлаймизки, бундай янгича ёндашув ўз самарасини беради.
- Тиббиётда амалга оширилаётган янги тизим - Сирдарё тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари нимадан иборат?
- Ўзбекистон тарихида биринчи марта суғурта тиббиётини Сирдарёда тажрибадан ўтказяпмиз. Сирдарё тажрибаси соғлиқни сақлаш тизимини тиббий суғуртага ўтказиш жараёнини пилот ҳудуд сифатида амалга ошириш учун муҳим. Бюджет томонидан тўланадиган маблағ ҳисобига кўрсатиладиган тиббий ёрдам пакети, пулли хизмат пакети, амбулатор ёрдам, тез тиббий ёрдам ва стационар ёрдамнинг аниқ ҳисоб-китобга асосланган ҳаракатлари ана шу тажрибада синаб кўрилади. Тиббиётни тўлиқ рақамлаштириш тажрибаси ҳам айнан Сирдарёда ўтказилади. Барча илмий-амалий хулосалар таҳлилидан сўнг республика бўйлаб амалиётга татбиқ қилинади. Айни пайтда вилоятда суғурта фонди иш бошлади. Шунингдек, тиббий хизматда ахборот технологияларини киритиш бўйича ҳам лойиҳалар йўлга қўйиляпти. "Электрон поликлиника", "Электрон рецепт", "Электрон хатлов" масалалари айни пайтда шу вилоятда тажриба сифатида ўтказиляпти.
- Республика ихтисослашган тиббиёт марказларининг вертикал иш тизимини оилавий шифокор пункти билан боғлаш борасида қандай ишлар бажариляпти?
- Ихтисослашган марказлар ҳамма жойда бир хил ишлаши керак эмас. Мисол учун, кардиология соҳасида республика бўйича бир хил иш олиб борилмайди. Ҳар бир ҳудуд ўзидаги касалланиш даражаси ва кўрсаткичларига қараб ўша хизматни ривожлантириши керак. Оилавий шифокор ихтисослашган марказдаги шифокор билан ўзининг беморига ихтисослашган ёрдам зарур ёки зарур эмаслигини тиббий кўрик орқали аниқлаб, хулосага келиши зарур. Ихтисослашган ёрдам кўрсатувчи мутахассислар фақат марказда ўтириб эмас, чекка қишлоқларга ҳам мобиль бригада бўлиб бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказяпти. Аниқланган беморлар ажратилиб, уларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Бу нафақат пойтахтда, балки тумандаги кўп тармоқли марказий шифохонада ҳам зарур шароит яратган ҳолда амалиёт ўташ имконини беряпти. Мисол учун, амалиёт ўталадиган хона жаҳон стандартларига жавоб берса, у ерда ихтисослашган кардиологик, урологик, нейрохирургик касалликни ҳам даволаш мумкин. Шу билан вертикал тизим ўз вазифасини бажаради.
- Президентимиз раислигида жорий йилнинг 1 апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида клиник ординатурада ўқитишнинг янги тизими ҳақида гапирилди. Бу тизимнинг афзалликлари нимадан иборат?
- Олий ўқув юртини тугатган мутахассис клиник ординатурада илмий тадқиқот олиб бориш билан бирга, муассасаларда амалиёт ўтайди. У ҳам шифокор сифатида ишлайди, ҳам билими ва малакасини оширади. Бу эса, ўз навбатида, иккита масалага ечим бўлади. Дейлик, у олий ўқув юртини умумий амалиёт шифокори мутахассислиги бўйича тамомлаган бўлса, энди невропатолог бўлиб шаклланиши учун невропатолог клиник ординатурасига ўқишга киради. Неврология клиникасида ёки ўз ҳудудидаги кўп тармоқли марказий поликлиникада невропатолог бўлиб ишлаган мутахассис ўша ҳудудда шу йўналишдаги шифокорга бўлган эҳтиёжни қондиради, ординатурани битиргандан кейин невропатолог дипломига эга бўлади.
- Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз.
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосасига кўра, инсоннинг саломатлиги турмуш даражаси, оилавий шароити, моддий аҳволи каби қатор омилларга алоқадор. Аммо энг кўп, аниқроғи 85 фоиз соғлом турмуш тарзига риоя қилишига боғлиқ экан. Соғлом турмуш тарзи тарғиботини фақат тиббиётнинг зиммасига ташлаб бўлмайди.
Ҳар бир оилавий поликлиника, оилавий шифокор ва унинг патронаж ҳамширалари билан бирга маҳалладаги фаоллар, спорт инструкторлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва ички ишлар профилактика инспекторлари иштирокида спорт мусобақаларини алоҳида тартиб асосида ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Маҳаллаларда саломатлик мактабларини ташкил этяпмиз. Ҳар бир маҳалла идорасидаги саломатлик бурчагидан тиббий бригада тўғрисида маълумот, шифокор ёки ҳамширанинг сурати, телефон рақами, манзили ёзилган стендлар, ҳудуднинг ўзига хос тиббий муаммолари тўғрисидаги эълонлар ўрин олади. Одамларга соғлом турмуш тарзига қандай эришиш йўллари, тўғри овқатланиш тамойиллари тушунтирилади.
"Маҳаллада энг озода хонадон" танловини эълон қиламиз. 15 май - Халқаро оила кунида ғолиблар эълон қилинади ва тақдирланади. Ана шу тарғибот, танлов, тадбирлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилса, ажабмас.
Пандемиянинг оқибатларини ҳар биримиз кўриб турибмиз. Камҳаракатлилик COVID-19 юқиши учун энг асосий омиллардан бири эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Юртдошларимиз ҳам шуни тушуниб етяпти. Буни айни пайтда ҳар бир маҳалла гузаридаги футбол майдончаларининг гавжумлигидан ҳам билса бўлади. Ҳар бир маҳаллага спорт инструктори бириктириляпти. Энди спорт мусобақаларини кўр-кўрона эмас, мутахассис орқали ташкиллаштиришга эришамиз. Бу, албатта, ўзининг натижасини беради.
"Янги Ўзбекистон" мухбири Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.
("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2021 йил 27 апрелдаги № 83-сонидан олинди).