УЧ КУНДА УЧ БЕМОРДА БИРИН-КЕТИН АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Бу ўта мураккаб жарроҳлик амалиётини академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий марказининг юрак-қон томир хирургияси бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Шамсиддинович Баҳриддинов ўзининг наманганлик шогирдлари Баҳодир Режаббоев ва Муроджон Тошпўлатовлар билан биргаликда муваффақиятли уддалади.

Дастлабки операция қарийб икки ярим-уч соат атрофида давом этди. Чортоқ туманининг Чорсу маҳалласида яшовчи 21 ёшли Дилноза Аҳмаджоновага онаси Ёқутхон Муталиеванинг бир буйраги ғоят эҳтиёткорлик билан кесиб олиниб, хаста қизининг танасига трансплантация қилинди. Энг муҳими, ҳар иккиларининг аҳволи тиббий талаблар меъёрида. Ҳадемай, улар кўз очишганида, бемор қизнинг ҳам, меҳрибон онанинг ҳам кўзларида севинч ёшлари қалқишига, мўъжизавий муолажа шарофатидан ўз нажоткорларига мамнун жилмайиб, "Мингдан-минг раҳмат, сизларга!" дейишларига ишончимиз комил. Чунки биз операция олдидан бемор билан ҳам, донор билан ҳам ҳаяжонли суҳбат қурган эдик.

- Не-не умидлар билан турмуш қургандим, лекин оналик бахтига эришолмадим, - деган эди Дилноза. - Буйрагим хасталиги учун етти ойлик фарзандимдан айрилдим. Ўтган йилдан буён дард тортаман. Яшашга бўлган умидим тобора сўниб бораётганди. Яхшиям юртимизда инсон аъзосини кўчириб ўтказадиган моҳир шифокорларимиз бор экан, яхшиям меҳрибон онажоним бор экан, бугун кўнглимга ҳайратона ёруғлик югуриб турибди...

- Тўрт қизимдан бири бўлмиш Дилнозам учун наинки буйрагимни, ҳатто жонимниям беришга тайёрман, - дея нигоҳларида умид чақнаган эди Ёқутхон Муталиеванинг. - Фуқаросига бу қадар меҳр-мурувватли юрт қаерда бор. Милён - милён харажатни талаб қиладиган операцияни бепул ўтказиб берилишидан бошимиз гўёки кўкка етди. Янги Ўзбекистонлик эканимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Операция столига ётқизилган кейинги бемор поплик 30 ёшли Муҳриддин Маҳкамов эди. У темирйўл ишчиси экан. "Ёшлар дафтари"да турган йигитнинг саломатлиги панд берганига ҳали кўп вақт бўлмабди. Аввалига Қўқондаги темирйўлчилар поликлиникаси врачларига учрабди. Буйрак шамоллаши аниқлангач, шифохонага ётқизилибди. Афсуски, тузалиш у ёқда қолиб, аҳволи бадтар оғирлашаверибди. Ниҳоят Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимига мурожаат қилибди. Ҳафтасига 2-3 мартадан гемодиализ аппаратида қонини тозалатиш билангина яшаш имконияти вақтинча тикланиб турибди. Бундай оғир ҳолатга қачонгача чидаш мумкинлигини ўйлаб, тушкунлик кайфиятида юрганида пойтахтдаги юқори малакали уролог-жарроҳлардан кутилмаган хушхабарни эшитибди. "Биз сизни ҳамма қатори ҳаёт тарзига қайтарамиз, Наманганга бориб, ўша жойнинг ўзида яроқсиз буйрагингизни соғломига алмаштирамиз, фақат донор топсангиз бас..." дейишибди. Чодак қишлоғининг "Боён" маҳалласида яшовчи бемор йигит жонига оро киритадиган олийҳиммат инсонни қидириб узоққа бормабди. Бу хабарни эшитган акаси Муроджон Маҳкамов "Эҳ укажоним-а, укажоним-а, сен учун битта соғлом буйракни мен бермасам, ким берарди" дебди ҳеч иккиланмай. Бугун эса улар ёнма-ён ётишибди...

Ана, жарроҳлик амалиётига тайёр туришган ёш эру хотин Жавоҳир билан Наималар. Уларнинг ҳаяжони бир олам. Аммо эртанги яхши кунларига умидлари мустаҳкам, ишончлари қатъий.

- Янгиқўрғоннинг Ғовазон қишлоғиданмиз, - дейди 24 ёшли бемор Жавоҳир Эргашев. - Ҳаёт ўзи катта синов экан. Бир йилу тўрт ойдан бери гемодиализ аппаратига "боғланиб" яшаётгандим. Ҳафтасига 3 марта қонимни тозалатишга мажбур эдим. Икки кунда такрорланадиган бундай муолажа одамни эзиб юборади. Яхшиям давлат томонидан бепул, беминнат хизмат кўрсатилади. Бўлмаса, аллақачон ширин ҳаётни тарк этиб кетармидим. Ниҳоят, қуриган буйрагим ўрнига соғломини кўчириш мавриди келиб қолди. Ким бундай инъомни менга лойиқ кўрганини айтсам, нақадар бахтли инсонлигимни англаб етсангиз керак. Беихтиёр "Ўша олийҳимматни билсак бўладими?" дедик қизиқиб.

- Умр йўлдошим Наимахон-да! - деди у овозлари титраб, кўзларида севинч ёшлари қалқиб.

- Бу менинг, аввало жуфти-ҳалоллик бурчим, қолаверса инсонийлик вазифам, икки ёшли ягона ўғлимиз Хушнудбек ҳамма қатори отасининг бағрида беармон улғайиши учун сўнгги ҳал қилувчи имкониятимдир! - деди Наима Қаюмова Жавоҳирнинг ёнида ўзини жилмайганча хурсанд ва дадил тутиб. Худо хоҳласа, операциядан кейин яна бизлар катта иноятлар қилган инсонларга ол­қишларимизни етказиш учун ҳам келишларингни кутиб қоламиз...

Ҳозиргача бундай жарроҳлик амалиётига республикамизнинг ҳеч бир вилоятида қўл урилмаган эди. Бу ҳол Ўзбекистонда тиббиёт тараққиёти қисқа фурсатда жаҳон андозалари даражасига кўтарилаётганидан дарак беради. Меҳрибон Президентимиз тармоқдаги мазкур йўналишга катта эътибор қаратиб келмоқдалар. Мамлакатимизда 2017 йил 23 октябрда қабул қилинган "Буйрак ва жигар тўқималарини трансплантация қилиш ҳақида"ги вақтинчалик Низомга мувофиқ тиббий амалиётнинг муваффақиятли ижроси ҳозиргача фақат пойтахт Тошкентда изчил таъминлаб келинаётган эди. Энди эса Наманганда дадил бошлаб юборилди. Бир йўла уч нафар "қуриган" буйрак ўрнига соғломи кўчириб ўтказилди.

- Беморларимиз ва донорларнинг руҳи тетиклиги, айниқса умид ва ишончлари мус­таҳкамлиги, кайфиятлари баландлиги биз жарроҳларни ҳар бир жараённи юксак тиббий талаблар даражасида олиб боришга илҳомлантириб юборди, - дейди пойтахтдан ташриф буюрган олим-шифокор Фазлиддин Баҳриддинов. - Ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, беморларимиз бири онасининг, бири акасининг, бири турмуш ўртоғининг танасига кўчириб ўтказилган соғ­лом буйраги туфайли узоқ ва ҳаловатли умр кечиради. Давлатимизнинг тиббий ислоҳотлар учун ҳеч аямай сарфлаётган катта маблағлари сира бесамар кетмайди. Президентимизнинг халққа ғамхўрликлари ҳамиша ўзининг қувончли шарофатини яққол кўрсатаверади.

Шу ўринда биргина беинкор факт ва далилни келтириб ўтсак: бундан тўрт-беш йил муқаддам буйрак трансплантацияси республикамизнинг моҳир жарроҳлари учун ҳам кўп вақтлардан буён ушалмаётган орзу эди. Халқимиз орасида буйрак етишмовчилигидан озор чекаётган бемор ҳамюртларимиз милён-милён маблағлар эвазига Ҳиндистон ва Россия давлатида буйракларини "янгиси"га алмаштириб келишга мажбур эдилар. Бунга кимларнингдир кучи етарди, кимлардир маблағ тополмай, чорасиз минг азоблар билан яшарди, охири... Ҳа, буни айтишга тил ҳам айланмай қолади. Бугун Наманганда оламшумул тиббий амалиёт ҳеч шов-шувларсиз ғоят муваффақиятли бажариляпти. Халқимиз Президентимиз олиб бораётган сиёсатдан беҳад рози бўлмоқда. Бундан ортиқ бахт қаерда топилади!

* * *

Биз 11 май куни яна шифохонага бориб, эзгу ишнинг ташкилотчилари билан суҳбатлашдик.

- Уч беморга буйрак кўчириб ўтказиш муваффақиятли бажарилгани учун уларни соғу саломат уйларига кузатдик, - дейди уролог Баҳодир Режаббоев. - Профессор Фазлиддин Баҳриддинов, тиббиёт фанлари номзоди Зоҳиджон Маткаримовлар билан биз - хирург Мурод Тошпўлатов, невролог Бобур Иномиддинов ёнма-ён турганимиздан, устозлар малакасини ўзлаштирганимиздан беҳад фахрланамиз. Трансплантологларнинг ташрифлари шу билан тугаб қолмайди, ҳали ҳамкорликда кўп ишлар қила олишга умидвормиз.

Содиқ САЙҲУН.