Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш пандемия шароити ҳисобга олиниб, видеоконференц алоқа тарзида ташкилланди. Ҳайъат йиғилишини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов олиб борди.
Кун тартибидаги дастлабки масала - "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2866-сонли Қарори ижроси ҳамда онкология хизматининг келгусида амалга ошириладиган долзарб вазифалари ҳақида" Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Анваржон Эшоновнинг маърузаси тингланди.
Муҳокама чоғида таъкидландики, соҳа равнақи учун кенг имкониятлар яратилаётганлигига қарамай аҳолига онкологик хизмат кўрсатишда қатор муаммолар мавжуд. Уларни бартараф этиш, онкологик касалликларни барвақт аниқлаш билан боғлиқ ишлар самарадорлигини ошириш зарур.
Ҳайъат йиғилишида Инвестиция дастури доирасида тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, қурилиш сифат кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги вазифаларга ҳам эътибор қаратилди.
"Вилоятда стоматология хизматининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва келгусида амалга оширилиши муҳим бўлган устувор вазифалар тўғрисида" маъруза қилган бошқарма штатсиз бош стоматологи Муҳаммаджон Абдуллаев вилоятда болалар тиш касалликларига қарши курашни кучайтириш, айниқса мактаб ўқувчиларига кўрсатилаётган стоматологик хизматни талаблар даражасига кўтариш ўта долзарб вазифа эканлигини таъкидлади.
Вилоятда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик тизимидаги муаммолар ва истиқболдаги вазифалар, юқумли касалликларга қарши эмлаш ишларининг таҳлили, соғлиқни сақлаш тизимида ижро интизомининг ҳолати каби масалалар ҳам Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилди.
Танқидий руҳда кечган муҳокамалар чоғида Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Косонсой, Поп, Чуст, Чортоқ туманлари тиббиёт билашмалари ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларидаги фаолиятнинг қониқарсиз жиҳатларига алҳида урғу берилди. Ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлаётган мутасаддилардан масъулият талаб этилди.
Йиғилишда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, одамларнинг соҳа ишидан рози қилиш чораларини кўриш юзасидан топшириқлар берилди. Ваколат доирасидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.