Ҳамшира сўзи ҳамма учун қадрли. Уни тилга олганда кўз ўнгимизда оқ халатли нажоткор хотин-қизлар кўз ўнгимизда намоён бўлишади. Ахир каттаю-кичик саломатлигини сақлаш ва тиклаш учун биринчи галда врачларга учрашса, кейинги жараённи, албатта, ҳамширалар давом эттиришади. Чунки ўрта маълумотли тиббиёт ходимлари ҳисобланадиган заҳматли касб соҳибалари зиммасига муолажаларни олиб бориш масъулияти юкланади.
Улар врачларнинг ёрдамчилари, ҳамкорлари сифатида даволаш жараёнини самарали ва сифатли амалга оширишга масъул ҳамда жавобгар шахс сифатида фаолият юритишади. Демак, ҳамширалар ҳар биримизнинг соғлигимиз учун қайғуришадиган меҳрибон ва жонкуяр, элпарвар инсонлар саналишади. Шунинг учун обрў-эътиборлари ҳамиша баланддир. Ҳалол ва фаол хизматлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб қадрланади. Ҳар йили 12 май санасининг касб байрами сифатида нишонланиши ҳам шундан далолат беради.
Вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасаларида ҳозирда 28 мингдан зиёд ҳамширалар саломатлик посбонлари деган номни сидқидилдан оқлаб келишяпти. Улар кундузни кундуз, кечани кеча демай сидқидилдан хизмат қилишмоқда. Кимдир тез-тиббий ёрдамда, кимдир оилавий шифокор пунктида, кимдир оилавий поликлиникада, кимдир шифохонада беморларни даволаш ҳаракатида. Энг кераклиси, уларнинг билими ҳам анчайин юқори. Врачларнинг ёнида туришиб, ҳамкорликда дардмандларни соғайтириш учун нимаики зарур бўлса, шуни ўз вақтида бажаришмоқда.
Беморларни парваришлаш, ҳароратини ўлчаш, дори тарқатиш, даволаш муолажалари, яъни укол қилиш, томирдан томчи дори юбориш, компресс, горчичник қўйиш каби яна бир қатор вазифаларни тиббий талаб ва меъёрларга мувофиқ уддалашмоқда. Натижада ҳамширалар беморларнинг энг яқин дўстига, меҳрибон кишисига айланишмоқда. Ёқимли, мулойим муомалалари, меҳрли нигоҳлари туфайли аччиқ дорилари шириндай, санчиқли игналари беозордай туюлаётир. Эътиборлиси, турли дардлардан, оғриқлардан қутилиб, соғайганларнинг олқишу дуоларига сазоворлик насиб этаётир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соҳадаги ислоҳотларни замон талаблари даражасига кўтариш борасидаги топшириқларини врачлар билан теппа-тенг, юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда бажариш иштиёқи ҳамшираларнинг кўнглида кучайгандан кучайиб бормоқда. Улар халқ ичига кириб, кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб ишлашяпти. 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6110-сонли Президент Фармони ижроси бўйича кейинги пайтда кенг кўламли ишларнинг иштирокчиси бўлган ўрта тиббиёт ходимларининг маҳаллалардаги обрў-эътиборлари тобора кўтарилмоқда, десак асло янглишмаймиз.
Маълумки, Республикамизда ҳар йили май ойида ҳамширалар кўрик-танлови ўтказилади. Унинг туман, шаҳар ва вилоят босқичлари ғолиблари республика тадбирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Ягона ғолибга енгил автомашина соврин сифатида тантанали топширилади. Худди шундай совринга ҳозиргача наманганликларнинг вакиллари ҳам бир неча бор мушарраф бўлишган. Яна ҳам қувончлиси, тиббиёт институтларига имтиёзли қабул қилинишган. Бу ўз навбатида барча ҳамшираларни фахрлантирган, албатта.
Биз бугун 2018-2020 йилларда фаолиятлари нуфузли кўрик-танловларда юқори баҳоланган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамшираси, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси Саодат Эшонхўжаева, Янгиқўрғон тиббиёт бирлашмасидан шошилинч тиббий ёрдам ҳамшираси Дилафруз Паттаева, "Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси" Кифоятхон Камолиддинова, Чуст туман тиббиёт бирлашмасидан эмлаш ҳамшираси Дилбархон Раҳимова, Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасидан Наима Ваҳобжонова, Косонсой туман тиббиёт бирлашмасидан Моҳира Эгамбердиева,Уйчи туман тиббиёт бирлашмасидан Зулхумор Мамажонова, Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасидан Муаттар Маҳмудова каби илғорларнинг номларини мамнуният билан тилга оламиз.
Узоқ йиллар ҳамширалик хизматида ўзининг фидойилигини фаол кўрсатиб келаётган саломатлик посбонлари Президентимиз Фармонлари билан муносиб тақдирланишаётгани истиқлолли юртимизда тиббиётчилар меҳнати беҳад қадрланаётганининг ёрқин далилидир. Ахир Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Попдаги "Мурувват" уйи хамшираси Муқаддас Тожибоева ҳамда 2021 йил 8 март байрами арафасида Намангангандаги "Саховат" уйи ҳамшираси Буҳалима Тожибоеваларга "Шуҳрат" медаллари берилди. Оддий ўзбек аёли ва тиббиёт ҳамширасининг бундай мукофотларга мушарраф бўлиши уларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшиб юборгани, бошқа ҳамкасблари кўнглида ҳам янада астойдил ишлаш ниятини жўш урдиргани шак-шубҳасиз.
Байрамингиз муборак, азиз ва муҳтарам хамширалар!