Мактабни тамомлаётган ёшларни энг кўп ўйлантирадиган савол - "Ким бўлсам экан?" Ҳамида бу саволга аллақачон жавоб топган эди. Қўшниси Иноят холанинг "Бўлажак докторим" дея эркалашлари боис унда тиббиёт ходими бўлиш иштиёқи барвақт уйғонган. Саломатлик посбонлари қаторидан ўрин олиш осон иш эмаслигини Андижон тиббиёт олийгоҳидаги кириш имтиҳонлари натижаси кўрсатиб қўйганида ҳам Ҳамида аҳдидан қайтмади. Қатъиятли инсон албатта мақсадига эришади.
Ўша йили туман шифохонасида кичик тиббиёт ходими бўлиб заҳматли соҳа машаққатларини ҳис этди. Шунда ҳам эзгу ният сари дадил борди.
Келгуси йили Наманган тиббиёт техникумининг талабалари сафига қўшилди. Ҳамширалик ишининг сир асрорларини қунт билан эгаллади. Назарий билимини ошириб, касбий кўникмасини бойитди.
Икки йиллик таълимдан сўнг қўлида диплом, кўнглида беғубор орзулар билан юртга қайтди. Ҳамидага ишонч билдиришиб, Уйчи тумани марказий поликлиникасига эмлаш ҳамширалигига ишга қабул қилишди.
Ўшанга ҳам яқинда 35 йил бўлади. Тиришқоқ, изланувчан ва меҳнатсевар ҳамшира тез орада ибратли фаолияти билан жамоада обрў қозонди. Тажрибали мутахассис Раҳимахон Набиеванинг этагидан маҳкам тутиб, қимматли ўгитларига амал қилиб бориши баробарида эмлаш ишларининг устасига айланди.
Тўққиз йиллик самарали фаолият натижаси ўлароқ унга катта ишонч билдиришди. Ҳамидани вилоят кўп қиррали шифохонасига ишга таклиф қилишганида ундан бахтли инсон йўқ эди, гўё.
Вилоят шифохонасида ишлаш ҳам осон бўлмади. Нуфузли маскан мақеи билим ва касбий кўникмани оширишни тақазо этарди, албатта. Ҳамида астойдил изланди, ўқиб-ўрганди. Устоз ҳамшираларга эргашди. Биринчи жарроҳлик пости катта ҳамшираси Сожида Ваққосова, ўз касбининг билимдони даражасига етган Юлдуз Алиева "мактаби"да астойдил "таҳсил" олди. Зоя опа, Соня опа каби "мутахассислар" маслаҳатига амал қилди.
Кейинчалик вилоят кўп қиррали шифохонаси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига айлантирилгач, амалиёт бўлими филиал таркибига киритилди. Барча ходимлар каби Ҳамида ҳам шу бўлимда меҳнат фаолиятини давом эттирди. Тўрт йилдирки, бўлим катта ҳамшираси.
- Амалиёт ҳамшираси бўлиш жуда ҳам қийин. Жарроҳнинг ёрдамчиси сифатида ҳамширанинг аниқ, тезкор, дадил ва мақсадли ҳаракат қилиши операция муваффақиятли ўтишини таъминлайди, - дейди Ҳамида Ғозиева.
Кечаги шогирд бугун ўнлаб ёшларнинг устозидир. У олган билимларини, тўплаган бой тажрибасини ҳамкасбларига ўргатмоқда. Республика фармацевтика ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш маркази вилоят филиали тингловчиларига ўтаётган амалий машғулотлари таъсирчан ва амалиётга ҳамоҳанглиги билан ажралиб туради.
Пенсияга чиқса ҳам халқ саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида фидойилик намунасини кўрсатаётган Ҳамида Ғозиеванинг умр йўли ҳам ибратлидир. Бахтли оила бекаси турмуш ўртоғи Ривожиддин билан уч нафар фарзандни комил инсон сифатида камолотга етказишди. Қизи Моҳида ва ўғли Баҳодир она изидан боришган. Ҳамида билан бирга элимизга сидқидил хизмат қилишяпти.
Танлаган йўлидан оғишмай интилган Ҳамида Ҳабибуллаевна касбига садоқати билан ҳурмат, саодат топмоқда. Унинг изчил фаолияти, фидойилиги ва талабчанлиги кўплаб ҳамкасблари учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди, десак асло муболаға эмас.
Абдулла ҒОЗИЕВ.