2020 йил бутун дунё давлатлари қатори бизнинг мамлакатимиз учун ҳам оғир келди. Коронавирусдек кўринмас бало билан жангда кўпгина соҳа ходимлари сафида  тиббиётчилар жонбозлик кўрсатишди. Кураш жараёнида энг кўп қурбонлик берган ҳам соҳа ходимлари бўлди.

Ичган қасамига содиқ қолиб,  ширин жонини хатарга қўйганлардан бири Муҳаббат Худойбердиева вилоят силга қарши кураш диспансерида ишларди. 26 йиллик меҳнат фаолияти давомида оддий ҳамшираликдан катта ҳамширалик  лавозимигача кўтарилган Муҳаббат эл орасида ва меҳнат жамоасида ширин сўзи, фидойилиги, меҳнаткашлиги, ҳамиша ёрдамга шайлиги билан ҳурмат топганди. У Ковид-19  инфекциясига қарши кураш даврида ҳам жонбозлик кўрсатиб ишлади, ҳаёт бўлганида ҳамон ўзини унутиб одамларга ёрдам бераётган бўларди. Лекин... М. Худойбердиеванинг ўрни нафақат оиласидагиларга, балки ишхонасидаги устозлари-ю шогирдларигаям сезилмоқда.

Муҳаббат опам доим бировларнинг ғамида юрарди. Бизларга ҳам пандемия даврида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишни тайинларди. Биз улардан хавотир олиб, касаллик ўтиб кетгунча ишламанг, деб куйинсак, Гиппократ қасами ичганлигини, бунақа вазиятларда шифокорлар жангдаги аскарлар каби ўзини эмас, бошқаларни ўйлаши кераклигини уқтириб, хавотиримизни аритарди...

Бугун қасамига содиқ қолган опамдан фақат яхши хотиралар қолди. Устозлари, шогирдлари, Туркистон маҳалласи аҳли унинг фазилатлари ҳақида гапиради, ҳақига дуолар қилади.

Мен ҳам 44 йиллик умрини яхши амаллар билан безаган опам учун дуодаман. 4 фарзанди, 5 набирасига камол тилайман. Йўлбошчимиз, маслаҳатгўйимиз, бағримиз сизсиз тўлмаётган бўлса ҳам жаннатларда юрганингизни ўйлаб овунаяпмиз. Охиратингиз обод бўлсин...

Муаттар АБДУЛЛАЕВА,

34-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.