Биламизки, ижодкорлардан яратган асарлари, қурувчилардан бунёд этган иморатлари, боғбонлардан ўстирган дарахти келажак авлодга ёдгорлик бўлиб қолади. Бошқалардан-чи? - деган саволга эса бир вақтлар Наманганнинг таниқли инсони Парпишер Саидазимовдан қуйидагича жавобни эшитган эдик: "Одам ким ва қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар элу юртига қилган яхши ишлари ҳақидаги эътирофлар оғиздан-оғизга ўтиб юради".
Буни қаранки, шу сўзлар Парпишер аканинг ўзларига ҳам тааллуқли экан. Орамиздан кетганларига бир неча йиллар бўлишига қарамай, кўпчилик "Яхши одам эди, жуда ишчан ва жонкуяр эди, ўзларидан эзгу ном қолдириб кетдилар" деган гапларни тез-тез такрорлаб юради.
Дарҳақиқат шундай. Давлатободдан ўтиб, Наманганга кираверишда ўнг тарафдаги баландликнинг ўзгача чирой кашф этганига анча йиллар ўтганини бугунги ёши улуғлар яхши эслашади, албатта. Шу ерни ободонлаштириш учун 1978 йилда Парпишер Саидазимов жамоага бош бўлиб чиққанида кўплар ҳаракат самарасига ишонишмаган эди. Инсоннинг қўли гул, деганлари рост экан. 400 газ чуқурликдан шифобахш сув чиқарилди. Юзлаб машина тупроқ тўкилди. Чим ётқизилди. 11 минг тупдан ортиқ гул, манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилди. Чойхоналар, умумий овқатланиш шоҳобчалари барпо этилди. "Темирйўлчилар оромгоҳи" деб ном олган маскан ўшанда Наманганнинг энг баҳаво гўшаларидан бирига айланган. П. Саидазимов халқ ноиби сифатида 1990 йил ушбу маскан четида бутун мамлакатимиз темир йўлчиларини соғломлаштиришга мўлжалланган санаторий-профилакторий қурилишига киришди. 100 ўринга мўлжалланган ушбу соғломлаштириш маркази учун милион-милион сўмлик хорижий тиббиёт воситалари сотиб олинди.
Мен шифокор сифатида Парпишер ака очган муассасада иш юритаётганимдан беҳад фахрланаман. 2019 йилдан лицензия олиб, "Темирйўлчилар шифо маскани" фаолиятини юритиб келмоқдаман. Амбулатор шароитида физиотерапевтик муолажалар олиб бориб, беморларга хизмат кўрсатяпмиз.
Парпишер акани бугун яна бир бор ёдга олишдан кўнглимга мунавварлик югурди. Қанийди, шундай элсевар кишилар Наманганимизда яна кўпаяверишса.
Шуҳрат ЭСАХОНОВ,
шифокор.