Майрамхон Турғунова 1983 йили мактабни битириб, Наманган тиббиёт билим юртига кириш имтиҳонларни аълога топшириб, талабалик даврини бошлаганда ўзини бахтиёр инсонлардан бири ҳисобларди. Ўқиди, илм олди, амалиётларда фаол бўлди, булар ёнига кичик тиббиёт ходими - онасидан сабоқлари ҳам қўшилди. Аммо...
- Ўқишимиз осон кечмаган, - дейди суҳбатдошим, - чунки иккинчи даражали меҳнатга жалб этилишимиз, айниқса пахта мавсуми даврида ўзлаштиришимиз қийин кечарди. Тиббиёт ходими фанларни чуқур билмаса, инсон саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни қандай ечади? Ахир, бу соҳада шунчаки кун ўтсинга ишлаб бўлмайди-ку! Мен зиммамдаги катта масъулиятни ҳис қилган ҳолда тунги ҳаловатдан кечиб астойдил ўқидим, изландим.
Ҳа, М.Турғунова 1986 йили ўқишни тамомлаб, туман маказий шифохонасининг жаррохлик бўлимига ишга келди. Эгнига оқ халат кийиб ҳамшира вазифасида иш бошлаган куни ундан бахтли, бахтиёр инсон йўқ эди. У астойдил ишга киришди. Ширинзабонлиги, меҳнаткашлиги, касбига садоқати, беморларга эътибори ва меҳри туфайли жамоада ўз ўрнини топа бошлади. Соҳадаги илк устози Холмирза Раҳмоновдай (раҳматли) етук врачдан кўп нарсани ўрганди, билмаганларини сўраб ўрганишдан орланмади. 1987 йили ТошМИда икки ойлик "Амалиёт ҳамшираси" курсида билим ва маҳоратини ошириб қайтган Майрамхон дастлаб поликлиникада катта ҳамшира вазифасида фаолиятини давом эттирди. Сўнгра жарроҳлик бўлими ва "Дори-дармон" хусусий шифохонасида катта ҳамшира, шошилинч тиббий ёрдам бўлимида амалиёт ҳамшираси сифатида меҳнат қилди.
Унинг ташкилотчилиги, бироз жиззаки, аммо тўғрисўзлиги, бир гап билан айтганда, ўз ишининг фидойи устаси эканлиги раҳбарлар эътиборидан четда қолмади ва уни бўлимга катта ҳамшира этиб тайинладилар. Саккиз йилдирки, туман марказий шифохонаси таркибидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг катта ҳамшираси вазифасида ҳалол ва виждонан меҳнат қилиб келаётир. Ўтган йиллар мобайнида спортчининг иккинчи нафаси очилгандай катта ҳамширалик қобилиятининг бутун қирраси намоён бўлди. Аслида ҳам бўлимга Майрамхон Турғуновадай ишчан, жамоаси ва беморларга меҳрибон, шижоатли етакчи керак эди-да.
Унинг устозлар ҳақидаги эътирофи, шогирд сифатидаги илиқ гапларини ҳам каттаю кичикка намуна қилиб кўрсатиш мумкин.
- Ҳақгўйлик, ишчанлик, камтарлик, ўзаро ҳурмат каби инсоний фазилатлар, беморлар билан ишлаш ва умуман тиббиёт сир-асрорларини устозларим Холмирза Раҳмонов (раҳматли), Қосимжон Усмонов ва Абдувоҳид Иномов каби эл ардоғидаги етук врачлар ва катта фельдшер Ҳакимжон Сатторов, катта ҳамшира Рислиғой Турғуновалар ҳамда Ҳожибоева Шарофат аялардан ўргандим, - дейди Майрамхон. - Уларнинг кўмаклари камол топишимда катта рол ўйгани ҳақиқат. Улардан бир умр миннатдорман!
- Агар инсон вазифасига виждон амри билан ёндошса, ҳар қандай қийинчиликни мардона енгади - обрў-эътибор, ҳамкасблари ва беморларнинг ишончига эришади. Шундай эмасми?
- Жуда тўғри айтдингиз. Шу ўринда бир сирни айтгим келади: бир куни жарроҳлик амалиётига иккита тиғни вақтида қўймаганим учун Қосимжон Усмонов мени ҳайдаб чиқарганлар. Ёш эдим. Хатоимни англаб, жуда қаттиқ афсус чекканман. Устознинг панду насихатларидан тўғри хулоса чиқариб ҳушёр бўлишни, ишимга масъулият билан ёндошишни ўрганганман. Мудиримиз Раҳимжон Мадраҳимовнинг маслаҳатлари ҳамширалик тарихимда муҳим рол ўйнаган.
Майрамхоннинг оиласи ҳам ҳавас қилса арзийдиган: Исроилжон Жўрабоев билан уч ўғил ва бир қизни вояга етказишди. Илҳомжон билан Рустамжон тадбиркор, Юлдузхон бобоси каби ўқитувчи, Жаҳон Тиллар университетининг инглиз тили мутахассислигини тамомлаб, мактабда болаларга инглиз тилидан сабоқ беради. Кенжа Илёсбек тиббиёт институтида таҳсил олаётир. Яна бир йилдан сўнг пенсия ёшини қаршилайдиган Майрамхон Турғунова айни дамда икки келин ва беш нафар набиралар қуршовида бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Қамбар ҲАЙДАР.
Янгиқўрғон тумани.