ёхуд эмлашдан мақсад мактаб жамоаси ўртасида коронавирус хавфини даф этишдир
Ҳозирда юртимизнинг барча жойларида биринчи галда ёши катта пенсионерларни, ўқитувчи-тарбиячиларни ва шифокорларни коронавирусга қарши эмлаш жадал олиб борилмоқда. Бу борада Тўрақўрғон туманидаги Файзиобод маҳалласида жойлашган 27-оилавий поликлиникада фаол иш юритилаётир.
Ҳудуддаги 24-умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ходимлари мазкур долзарб масалага жиддий эътибор беришгани учун дастлабки профилактика тадбири уюшқоқлик билан амалга оширилди. Муассаса ҳамшираси Раҳбарой Деҳқонованинг тиббий тарғиботи эмлашни қисқа фурсатда ўтказилишида муҳим омил бўлди.
Мактаб директори Анваржон Эгамбердиев аввало педагогларнинг пандемия шароитидаги масъулиятлари, давлат томонидан бепул вакцинациялар жорий қилингани ҳақида уларга зарур тушунчалар бериб, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ҳар бир устознинг фақат ўзи учун эмас, ўқувчилари, оила аъзолари ва ниҳоят жамият учун ғоят муҳимлигини алоҳида уқтирди. Мактаб ҳамшираси Раҳбарой Деҳқонова эса эмлашнинг хавфсиз ва самарали экани тўғрисида маълумотлар берди.
Мактаб жамоасининг якдил қарори қабул қилингач, унинг ижроси ҳам тўла таъминланди. ОПга бирин-кетин кириб-борган муассаса раҳбарлари, муаллиму муаллималарини у ерда вакцинациялашга мутасадди врач ва ҳамширалар ҳар жиҳатдан тўкис тараддудда кутиб олишди. Врач Муродилла Асқаров ҳар бирларини эмлаш олди талабларига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказди, керакли саволларга тутди.
Сўнгра эмлаш жараёнига йўллади. Ҳамшира Умида Аҳмедова таълим-тарбия ходимларининг хоҳишига, танловига кўра уларнинг танасига вакцинацияни беозор ҳолатда юборди.
- Биз давлатимизнинг халқимиз саломатлиги учун беҳад ғамхўрлик кўрсатаётганини қадрлашимиз, керак, - дейди мактаб директори Анваржон Эгамбердиев. - Ҳозир бутун жаҳонда яна бош кўтараётган, одамлар умрига зомин бўлаётган коронавирусдан сақланишнинг ягона йўли вакцинация қабул қилиш, ниқобда юриш ва тозалик талабларига қатъий риоя этишдир. Албатта, биз зиёлилар барчага намуна бўлсак, карантин қоидаси - умримиз фойдаси эканини катталарга ҳам, кичикларга ҳам уқтиришдан асло чарчамасак, амалдаги тартибларни изчил давом эттирсак, кутилган мақсадга эришамиз. Шифокорлар ҳамиша ҳамкоримиз ва нажоткоримиз бўлишаётганидан кўнгилларимиз хотиржам. Улардан бениҳоя миннатдормиз.
Бугунги эмлаш - эртанги соғлигимиз омили, эртанги ғам-ташвишларни бошимиздан аритади. Айниқса, ўқитувчилар соғ юрса, ўқувчилар бехатар ўқишади. Таълим-тарбия жараёнига путур етмайди, барча режалар натижага айланаверади...
Содиқ САЙҲУН.