Қўғай-Ўлмас МФЙда яшовчи Соҳиба Мамадалиева бир неча йиллардан буён тугунли буқоқ хасталигидан азият чекиб келаётган эди. Нафас қисилиши, асабийлик, томоқ қисмидаги тугунча ютинганда халақит берар, бундан у жудаям тушкунликка тушиб қолганди. Эндокринологлар тугунни фақат жарроҳлик йўли билан бартараф этиш мумкинлигини айтганларида хафагарчилиги янада ортганди. Чунки, хасталик оқибатида ўзи бирор жойда ишлолмайди. Турмуш ўртоғининг топган пулини рўзғору, 2 нафар олий таълим муассасасида таҳсил олаётган фарзандларининг шартнома тўловига зўрма-зўр етказаётган эди. Уч кун илгари вужудини титроқ босиб, яна ҳаво етишмай азоб чекканлиги учун шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинганди.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассисларнинг туман тиббиёт бирлашмасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказиш ва мураккаб операцияларни шу ернинг ўзида амалга ошириш учун ташриф буюрганликлари Соҳиба опадек беморлар учун айни муддао бўлди.

- Ҳозир операцияга кириш арафасидаман, - дейди у мамнунлик билан. - Тиббиёт фанлари докторининг ўзи операция қилишини эшитиб, ҳотиржам тортдим, айниқса у киши билан суҳбатда маблағимиз йўқлигини айтганимизда, "Амалиётимиз сизларга рамазон туҳфаси", дея бизни жуда-жуда мамнун этдилар. Чунки бундай олийҳиммат шифокорларнинг олис ҳудудимизга келиши туфайли ортиқча харажатлардан қутилдик.

Дарҳақиқат, РИЭИАТМ Наманган филиалининг ўндан ортиқ мутахассислари туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида фаолият кўрсатишди. Улар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги меха­низм­ларни жорий қилиш ва соғ­лиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ўтказилган хатлов жараёнларида саралаб олинган эндокринологик хасталикларга чалинганлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Керакли маслаҳат ва тав­сия­лар берилди. Зарурларига эндокринология марказига диагностика ва даволаш учун йўлланмалар тақдим қилинди.

- Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 1 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган хизматни янада яқинлаштириш учун, беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатгани келдик, - дейди тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов. - Тиббий хатлов давомида 700 нафарга яқин хасталикка чалинганлар аниқланган. Ҳозирда мутахассислар саралаш мезонларини амалга ошир­яптилар. Яъни улар орасида республика, вилоят миқёсида юқори технологик операцияга муҳтож, кам таъминланган, "Темир дафтар" рўйхатида турувчиларни аниқлаб оляпмиз. Босқичма-босқич жарроҳлик амалиётларини ўтказишни режалаштиряпмиз. Бугуннинг ўзида тўрт нафар беморларда илк бор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида жарроҳлик амалиётларини ўтказдик.

Куннинг иккинчи ярмида эса кўп тармоқли марказий поликлиниканинг мажлислар залида "Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг қуйи тизимларида аҳолига эндокринологик тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш тўғрисида" семинар ташкилланди.

Семинарда оила шифокорлари, тор соҳа мутахассислари иштирок этишди. Тобора ёшариб бораётган эндокрин хасталикларини олдини олиш борасида фикрлашилди. Мутахассислардан саволларга керакли жавоблар олинди.

Маълумот ўрнида шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Учқўрғон туманидан бошланган ва бир ҳафта давом этган акция Мингбулоқ, Тўрақўрғон ва Поп туманларида давом этади.

Манзура ЭРГАШЕВА.