Абдулҳоди ИМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони яна орта бошлади. Афсуски, вилоятимизда ҳам бу хавфли касалликни юқтириб олганлар сони тобора кўпаймоқда. Улар орасида ёшлар ва болаларнинг борлиги эса ғоят ташвишлидир.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида ушбу ўта юқумли касалликнинг тез суръатларда тарқалиб кетишининг олди олинмоқда. Республика махсус комиссияси тавсиялари асосида инфекциянинг мазкур тури ёйилишига тўсиқ қўйиш чоралари кўриб қўйилган ва белгиланган тартибларга аҳоли томонидан қатъий амал қилиниши устидан назорат кучайтирилмоқда.
Эҳтиёт чораси сифатида юқумли касалликка ихтисослашган шифохоналарда беморларни қабул қилиш учун заҳира ўринлари тайёрлаб қўйилган. Улар зарур тиббий асбоб-ускуна ва дори-дармонлар билан тўла таъминланган.
Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси тизимида эса вилоятдаги эпидемиологик вазият барқарорлигига эришиш, коронавирус инфекциясини тезкор аниқлаш ва касалланган кишилар билан мулоқотда бўлган инсонларни карантинга олиш юзасидан муайян ишлар қилиняпти. Ўтган йили дастлабки пайтда саноқли тест марказлари ишлаган бўлса, бугунга келиб энг замонавий асбоб-ускуна ва воситалар билан жиҳозланган саккизта вирусология лабораториялари шай ҳолатга келтирилган.
Эҳтимолий хатарнинг тарқалиб кетмаслиги учун нимаики зарур бўлса, уларнинг барчаси муҳайё. Вилоят, шаҳар ҳамда туманларда махсус штаблар ташкил этилганки, улар мураккаб ҳолат юзага келмаслиги учун туну кун ва узвий равишда фаолият кўрсатмоқда. Аҳоли сўровларига тўла-тўкис жавоб бера оладиган Call-markaz қайтадан ишга туширилди. Эҳтиёж туғилганда бу ердан тегишли маълумотларни олиш мумкин. Қисқаси, вилоятдаги эпидемиологик ҳолат тўла назоратга олинган, дейишга асослар етарли.
Бироқ бу билан хотиржамликка берилиш мумкин, дегани эмас. Чунки, коронавирус инфекцияси ҳамон таҳдид солмоқда. Аммо одамлар бу кўзга кўринмас ёвнинг келтириши мумкин бўлган оғир ва талофатли оқибатларини гўёки унутиб қўйишгандек. Тўйлардаги дабдабабозликлар, кўчаларда тиббий ниқоб тақиш талабларига риоя этилмаётганлиги ва бошқа салбий муносабатлар касалликнинг "урчиши"га омил бўлаётгани айни ҳақиқатдир.
Азиз ҳамюртлар, қадрли наманганликлар! Наҳотки, ўтган йилги оғир давр қийинчиликлари, карантиндаги мураккабликлар, касаллик ортидаги жудоликлар, коронавируснинг иқтисодий зарарлари ёддан чиққан бўлса? Ахир жуда ҳам оғир дамларни бошдан кечирган эдик-ку! Очиғи, кейинги пайтда талабчанлик бўшаштирилгани, одамларни коронавирус балосининг аянчли оқибатлари ҳушёр торттирмаётгани, нафақат ёшлар, ҳаттоки катталар ҳам пандемия шароитидаги тартибларга итоат қилмай қўйганликлари ҳам инфекциянинг янги тўлқини учун "уруғ" сепган, десак янглишмаймиз.
Эндиликда, касаллик ўрта ва кекса ёшдагиларгина эмас, болалар саломатлигига ҳам таҳдид солмоқда. Касалликка қарши уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан курашиш муҳимлигини эса такрорлашга ҳожат йўқ. Бинобарин, юртдошларимизга бугунги куннинг ўта зарур ва бажарилиши шарт бўлган вазифаларни қайтадан эслатишни ўринли, деб ҳисоблайман. Зеро, аҳолининг эҳтиёткорлиги, тегишли тушунчага эгалиги ва белгиланган қоидаларга оғишмай амал қилиши хатарни енгишнинг асосий гаровидир.
Маълумки, ҳар қандай оғир дарднинг олдини олиш чораси бор. Гап коронавирусга қарши эмлаш жараёни ҳақида бораётганлигини англагандирсиз. Дарҳақиқат, юртимизда 65 ёшдан ошган инсонларни вакцинациялашга фаол киришилган. Шу кунга қадар 60 минг нафардан зиёд ҳамюртимиз эмлашга жалб қилинди.
Эмланиш касалликдан муҳофазаланишнинг энг ишончли ва ягона йўли эканлигини барчамиз яхши биламиз. Шундай экан, бу жараёнда янада фаол иштирок этайлик ва коронавирусдан сақланишнинг амалдаги тартибларига қатъий риоя қилайлик! Зеро, асранганни Аллоҳ ҳам асрашини унутмайлик.