Маълумки, вилоятимизда коронавирусга қарши эмлаш ишлари изчиллик билан давом этмоқда. Дастлаб, Наманган шаҳридан бошланган жараёнлар бугун вилоятнинг барча туманларини ҳам қамраб олди. Энг муҳими, вакцинациялаш тадбирларининг биринчи босқичига катта тайёргарлик, ғоят масъулият билан киришилган.

Давлатобод туманидаги 8-оила поликлиникаси 72 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Мазкур тиббиёт муассасасининг Ирвадон, Ғирвон, Ровустон филиаллари ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда ушбу масканларда ҳам эмлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб бориляпти.

- Бугунгача 1591 нафар фуқаро эмланди. Улар 65 ёшдан ошганлар ва ҳудудимиздаги тиб­биёт муассасасалари ходимларини ташкил этади, - дейди поликлиника мудири Абдумутал Акбалаев. - Шунингдек, масъул мутахассислар кекса ёшдагиларнинг талаб ва истакларига кўра улар хонадонларига бориб ҳам эмлаяптилар. Барча эмланганлар ҳолати оила шифокорлари ва патронаж ҳамширалар томонидан мунтазам назоратга олинмоқда.

Дарҳақиқат, поликлиникага вакцина олиш учун келган фуқаролар дастлаб, врач Рустамжон Мамадалиевнинг кўригидан ўтмоқда. Уларнинг юқори нафас йўллари текширилиб, қон босими, сатурацияси ўлчан­япти. Меъёрида бўлганларга вакцина учун рухсат берилмоқда.

Эмлаш ишларида шифокорлар Абдуқаҳҳор Исоқов, Музаффар Сафаров, Феруза Боязитова, катта ҳамшира Светлани Сивалобова, ҳамширалар Фазилат Тошпўлатова, Ноила Маматқулова, Нилуфар Пўлатова, Дилором Турсунова, Маҳбуба Исматуллаева, Дилфуза Турсуновалар ғоят фаол бўлишмоқда.

Маълумот ўрнида шуни алоҳида қайд этиш лозимки, айни вақтда вилоят бўйича жами 70 минг нафарга яқин киши эмланди. Шу кунгача вакцинанинг ножўя таъсири ҳақида шикоятлар келиб тушмади.

Манзура ЭРГАШЕВА.