Истиқлол шарофати билан Хўжаободда қишлоқ врачлик пункти очилди. Унга собиқ ширкат хўжалигининг бошқарув биноси ажратиб берилди. Хоналари кўп. Яхшилаб таъмирланган. Энг замонавий тиббий аппарат ва асбоблар келтирилган. Қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар етарли. Фақат юксак масъулият билан ишлаш талаб этилади. Буни врачларимиз ҳам, ҳамшираларимиз ҳам жуда яхши билишади.

"Кексаларни эъзозлаш йили"да ҳудудимиздаги қарияларни алоҳида ҳисобга олганмиз. Хўжаобод, Бойовул ҳамда С. Раҳимов номли маҳаллалардаги 16 нафар уруш, 10 нафар фронт орти фахрийларининг саломатлиги доимий эътиборимизда. Барчаларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказганмиз. Айни маҳалда патронаж ҳамшираларимиз билан бирга биз врачлар ҳам уларнинг хонадонларига бориб, дори-дармонлар беряпмиз. Фойдали маслаҳатларимизни аямаяпмиз.

Ходимларимиздан С. Қўзибоева, З. Тожибоева, О. Исматуллаева, М. Бегбоева, М. Зокирова, М. Назарова, М. Турсуновалар, айниқса, фаол иш олиб боришмоқда. Мақсадимиз, 8500 дан зиёд аҳолининг саломатлигини сақлаш, турли касалликлар тарқалишининг олдини олишдан иборатдир. Бу борада вилоят ва тумандан ташриф буюраётган юқори малакали врачлар яқиндан кўмаклашишяпти.

Ҳамқишлоқлар соғлиги - юртимиз ободлиги. Шундай экан, саломатлиги тиббиётчилар томонидан тўла муҳофазага олинган катта-ю, кичик хотиржам ва унумли меҳнат қилишга, мактаб ва коллежларда чуқур билим олишга интилаверади. Бу бизларда ҳамиша касбимиздан фахр­ланиш ҳиссини уйғотаверади.

Турғуной ТЎЙЧИЕВА,

Норин туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Хўжаобод қишлоқ врачлик пункти мудири.