"Икки нарса борки, одамлар унинг қадрига кўп ҳам етавермайдилар. Бири саломатлик бўлса, иккинчиси вақтдир".

Бугун инсоният ушбу таълимотнинг нақадар тўғри эканини дунё бўйлаб бир йилдан ортиқ вақт давом этаётган "COVID-19" пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли янада теран англамоқда.

 

Коронавирус дунёни қай кўйга солди?

2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Хубей провинцияси Ухан шаҳрида "уйғонган" коронавирус хасталиги қисқа вақт ичида ер юзининг деярли барча давлатларини "забт этди". Очиғи, ўша вақт­ларда кимдир "COVID-19" инфекциясига 3 миллион нафар одам чалинади, деса уни руҳий носоғломга чиқаришлари аниқ эди. Тўғри-да, касалликнинг бундай нуфусни зарарлаши ва шунча одам орасида тарқалиши осон эмас, ахир. Бугунга келиб эса ер юзининг 218 та давлатида 140 миллион нафардан ортиқ одам коронавирус хасталигига чалинди, 3 миллион нафардан зиёд инсон вафот этди. Дунёнинг барча қитъаларида, ҳатто, Антарк­тидада ҳам "COVID-19" инфек­цияси билан боғлиқ ҳолат қайд этилди.

Айни пайтда касаллик тасдиқланган ҳолатлар бўйича АҚШ етакчи ўринда бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, ҳозирда бу юртда 32 миллиондан ортиқ инсон коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Шунингдек, Ҳиндистон, Бразилия, Франция, Россия, Буюк Британия, Туркия давлатларидаги вазият ҳам ҳавас қилгулик эмас.

 

Ўзбекистон қандай барқарорликка эришган эди?

Айниқса, 2020 йил ёз ва куз ойлари мамлакатимизда касаллик энг авж нуқтасига етган пайтда юртдошларимиз ўзларининг фуқаролик позициясини чуқур англаб, Республика махсус комиссияси томонидан айтилган барча қоидаларга қатъий амал қилди. Бу билан эса ўзларини касалликдан ҳимоя қилиш билан бир қаторда яқинларини ҳам ушбу хавфли инфекциядан асради. Натижада юртимизда "COVID-19"нинг одамдан одамга юқиши олдини олиш борасидаги ҳолат ижобий томонга ўзгариб, эпидемик вазият бар­қарорлашди.

Жумладан, 2020 йил охири ва 2021 йил бошларида мамлакатимизда коронавирус билан касалланиш ҳолати анчайин яхшиланиб, кунига 25-30 нафар бемор қайд этилаётган эди, холос.

 

Нега ижобий тенденцияни ушлаб қололмадик?

Мамлакатимиз бўйлаб касалланиш, ўлим кўрсаткичи ва оғир аҳволдаги беморларга оид статис­тик маълумотларнинг охирги 1 ярим ойини таҳлил қилсак, 25 февралдан бугунга қадар хасталик 10 баробарга ошганини кўриш мумкин.

Ваҳоланки, жорий йил 25 февралда юртимизда коронавирус билан касалланган 31 нафар бемор аниқланиб, 153 нафар бемор оғир, 28 нафари ўта оғир аҳволда бўлган.

Афсуски, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, аниқроғи, 15 апрелга келиб, бу рақамлар бироз хавотирли тус ола бошлади. Яъни, шу куни юртимизда 292 нафар янги бемор аниқланди. Айниқса, бу борада пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги ҳолат ташвишли. Ваҳоланки, бугунги кунгача соҳа мутахассислари томонидан юртимиз аҳолиси хасталик хавфи, мамлакатимизда карантин қоидалари бекор қилинмагани, коронавирус буткул йўқолиб кетмагани, у ҳали ҳам орамизда экани ҳақида такрор ва такрор огоҳлантирилди. Ҳозирга келиб, Ўзбекистонда "COVID-19"нинг инсондан инсонга юқиши яна авж олмоқда.

Агар Республика бўйича рўйхатга олинган касалликларни ёшма-ёш таҳлил қилсак,

14 ёшгача бўлган болалар ўртача 13-15 фоиз;

15-19 ёшдагилар 4-6 фоиз;

20-29 ёшдагилар 11-14 фоиз;

30-39 ёшдагилар 17-20 фоиз;

40-49 ёшдагилар 10-15 фоиз;

50-59 ёшдагилар 12-16 фоиз;

60 ёш ва ундан катталар 22-26 фоизни ташкил этмоқда.

Аслида, коронавирус ўта юқумли бўлгани боис, хасталикнинг, энг аввало, олдини олиш зарур. Бунда касалликнинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик муҳим бўлиб, ПЗР тест синамаларини ўтказиш алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, ҳозирда мамлакатимизда ПЗР тест синамаларини мунтазам ўтказишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозирда кунига 40-42 мингта ана шундай махсус тест синамалари қилинмоқда. Бу эса беморларни эрта аниқлаш ва эрта даволаш имконини бериш билан бирга инфекция тар­қалишининг ҳам олдини олмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, юртимизда "COVID-19" хасталиги билан боғлиқ вазият анчайин барқарорлашган бир ҳолатда нега бу ижобий тенденцияни ушлаб қола олмадик?! Бунга сабаб нима?!

Албатта, бунинг бир нечта сабаблари бор. Энг аввало, шуни айтиш керакки, сўнг­ги вақтларда аксарият юртдошларимиз "бўлди, касаллик тугади", деган ўй билан карантин қоидаларига мутлақо риоя қилмай қўйди. Соҳа мутахассислари бот-бот таъкидлаётган - ниқоб тақиш, оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, масофа сақлаш, қўлларни тез-тез антисептик воситалар билан тозалаш каби оддий қоидалар унутилди. Масъулиятни ҳис қилмаган ҳолда кўча-кўйда, жамоат жойларида ҳаракатланиш одатга айланди. Ёпиқ ҳудудларда, одамлар кўп тўпланадиган жойларда карантин қоидаларига риоя қилиш қўпол равишда бузилди. Айримларда эса "касал бўлсам, шифокор даволайди", деган нотўғри тушунча шаклланиб қолди. Ваҳоланки, коронавирусни даволашда шифокорнинг ўрни 10 фоизни ташкил этади, холос.

Шу билан бирга, юртимизда касалликнинг "британча" штамми аниқлангани ва ушбу тур тез суръатларда тарқалиш хусусиятига эга экани вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ҳозирга қадар "COVID-19" бутун дунёда 5 минг мартадан ортиқ мутацияга учрагани аниқланди. Энг ачинарлиси, коронавирус вазиятдан келиб чиқиб, яшаб қолиш учун ўз ҳолатини ўзгартираётган бир пайтда одамларнинг карантин қоидаларига бўлган муносабати мутлақо ўзгармаётгани кишини хавотирга солади.

 

Оддий қоидалар ҳимояси...

Кези келганда яна бир мулоҳаза. Маълумки, коронавирус илк бор аниқланган Хитой, шунингдек, Жанубий Корея, Япония, Малайзия каби бир қанча давлатлар пандемик вазиятдан имкон қадар талафотларсиз чиқишга муваффақ бўлди. Ушбу мамлакатларда касалланиш статистикасига эътибор берсак, вазият анчайин бар­қарор эканини кўриш мумкин.

Хўш, улар бундай натижага қандай эришди? Ниманинг ҳисобига ушбу давлатларда эпидемик барқарор вазият кузатилмоқда?! Ваҳоланки, бугун Хитойда 1 миллиард 400 миллиондан зиёд, Жанубий Кореяда 50 миллиондан ортиқ, Японияда 125 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Аввало шуни айтиш лозимки, аксарият ҳудудларда касаллик кам миқдорда аниқланган пайтларда ҳам беморлар тўлиқ изоляцияга олинди. Кўча-кўйда ҳар бир фуқаро ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, ҳароратни ўлчаш каби карантин қоидаларига қатъий риоя қилди. Бу бироз жўн кўрингани билан асосли сабаб, албатта.

Шунингдек, жамоат транспортлари, савдо дўконлари, офислар, таълим муассасаларида одамлар ҳеч бир истисносиз ўрнатилган тартибларга бўйсунди. Ҳатто, энг яқин савдо дўконига борган фуқаронинг ҳам бинога киришдан аввал тана ҳарорати ўлчаниб, қўллар антисептик воситалар билан зарарсизлантирилди. Бир сўз билан айтганда, аҳоли ҳукумат томонидан киритилган барча карантин чекловларига амал қилди. Ҳеч ким вазият ёмонлашишини кутмади. Яъни, ҳамма фуқаролик масъулиятини ҳис этиб, пандемия шароитида яшашни ўрганди.

 

Вакцинация - энг самарали ечимми?

Аслида, бу касалликни енгиб чиқишда энг қулай усул хасталикни одамдан одамга ўтишини тўхтатишдир. Бўлмаса, "COVID-19"нинг тарқалиши кундан-кунга авж олиб, унинг янги штаммлари пайдо бўлишига сабаб бўлади ва коронавируснинг тарқалишини жиловлашда қийинчиликлар туғдиради. Ёки бўлмаса, маълум бир ҳудудда яшайдиган 60-70 фоиз аҳолининг иммунитетини шакллантириш орқали ҳам эпидемик вазият барқарорлашиши мумкин. Аммо бу йўл қанчалик хавотирли, саросимали эканига ўтган бир йил давомида барчамиз гувоҳ бўлдик. Афсуски, шу вақт оралиғида қанчадан-қанча инсонлар ўз яқинларини йўқотди. Шу боис, эмлаш орқали аҳолида коронавирусга қарши иммунитет шакллантириб олсак ва бу жараёнда тиббиётнинг фаоллиги, кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаб олсак, кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Шу мақсадда жорий йилнинг 17 март куни Ҳиндистон давлатида "COVAX" дастури асосида ишлаб чиқарилган 660 минг доза "Covishield" вакцинаси, 27 март куни Хитойнинг "Ayhui Zhifei Longcom" компанияси ва ўзбек олимлари билан биргаликда ишлаб чиқарилган бир миллион доза янги рекомбинант "ZF-UZ-VAС2001" коронавирус вакцинаси юртимизга олиб келинди ва тақсимот асосида ҳудудларга етказилди.

Республикамизда жорий йилнинг 1 апрелидан оммавий эмлаш ишлари бошланди. Бунда биринчи навбатда хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатлами эмланиши режалаштирилган. Жумладан, биринчи босқичда, жами 4 112 668 нафар хавф ости гуруҳидан 528 390 нафар аҳоли эмланади.

Ҳозирга келиб, хавф гуруҳидаги 65 ёш ва ундан катталар ҳамда тиббиёт ходимлари орасида эмланганлар сони 400 минг нафардан ошди. Оммавий эмлаш тадбирларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида COVAX доирасида жорий йилнинг май-июнь ойларида 1,6 миллион доза "Covishield", шунингдек, апрель-июнь ойларида 2,5 миллион доза "ZF-UZ-VAK 2001" вакциналарини юртимизга келтириш режалаштирилган. Шу билан бирга, Россия Федерациясидан 1 миллион доза "Спутник V" вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланди ва апрель ойи охиригача дастлабки ҳажмдаги вакцина олиб келиниши кутилмоқда. Шунингдек, Ҳиндис­тоннинг "Serum Institute of India" компанияси ишлаб чиқарган вакцинани республикага олиб келиш юзасидан музокаралар давом этмоқда.

Бебаҳо даво Албатта, вакцинация жараёнлари "COVID-19" хасталигини жиловлашда энг муҳим омил саналади. Бироқ бу билан касалликни буткул йўқ қилиб бўлмайди. Эътибор берсак, бугун, ҳаттоки, ривожланган давлатларда вакцинация жараёни жадал олиб борилишига қарамай, коронавируснинг тарқалиши кундан кунга ўсиб бормоқда. Европа, Жанубий Америка давлатлари, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатларида касалликни назоратга олиш мақсадида карантин қоидаларини кучайтиришга мажбур бўлинмоқда. Бу эса, ўз ўрнида, беморларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигига салбий таъсир этади. Шу боис, мамлакатимиз ҳудудида ҳам коронавирус пандемиясига қарши чораларни изчил давом эттириш ва коронавирус инфекция­сининг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш мақсадида бир неча чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур.

Энг аввало, барча жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептик воситалар билан зарарсизлантириш каби карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур. Ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаган фуқароларга нисбатан эса кескин чоралар кўриш лозим. Шу билан бирга, зарурат бўлмаганда мамлакатимиз фуқароларининг чет мамлакатларга чиқмаслиги, четдан кириб келаётганлар ПЗР текшируви "манфий" эканини тасдиқловчи маълумотномани тақдим қилишлари керак.

Бундан ташқари, оммавий ва бошқа турли йиғинларни иштирокчилар сонини чегаралаган ҳолда ташкил этиш, "COVID-19"нинг бугунги кунда тез ва кенг тарқалиб бораётган "британча" штамми айнан болалар ва ёшлар орасида кўп учраётгани боис, ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосасига кўра, коронавирус аниқланган ҳар бир таълим муассасасида ўқув ва тарбия тизимини "онлайн" тизимга ўтказиш ва карантин муддати тугагандан кейин қайтадан "офлайн" тизимга ўтиш амалиётини давом эттириш мақсадга мувофиқ.

Қолаверса, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилот, корхона, муассасаларда, савдо мажмуалари, кўнгил­очар муассасалар кириш қисмида тана ҳароратини ўлчаш, қўлларни антисептик воситалар билан зарарсизлантириш амалиётини мунтазам олиб бориш, жамоат транспортларидан фойдаланаётганда карантин қоидаларига амал қилиш, қўлларни тез-тез антисептик воситалар билан тозалаш лозим.

Шу билан бирга, турли хил шамоллаш аломатларида зудлик билан тиббиёт ходимига мурожаат этиш ва ўз вақтида шифокор назоратида даволаниш даркор.

Аслида, коронавирусга қарши энг яхши профилактика ҳам, вакцина ҳам соғ­лом турмуш тарзи ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилишдир. Буларга эътибор берадиган инсонга нафақат коронавирус, балки бошқа касалликлар хавф солиши ҳам бир неча баробарга камаяди. Бундай инсонлар касалликка чалинган тақдирда ҳам ундан тез халос бўладилар.

Фурқат САНАЕВ,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби.