Мамлакатимизда, шу жумладан вилоятимизда ҳам 2021 йилнинг 19-24 апрелигача оммавий дегельминтизация кунлари бўлиб ўтди. Бу муҳим тадбирни амалга оширишдан мақсад нима эди, гельминтоз қандай касаллик, бу борада Наманганда вазият қандай, уни даволашнинг қандай йўллари бор? Ана шундай мазмундаги саволлар билан журналист Равшанбек Мирзаолимов Наманган вилоят СЭО ва ЖСБ паразитология бўлими ва лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари номзоди Зокиржон Абидовга мурожат этди ва қуйидаги жавобларни олди.
Ер юзида, шу жумладан республикамизда ҳам кенг тарқалган юқумли паразитар касалликлардан бири - гельминтоз, яъни гижжа касаллигидир. Вилоятда аҳолини гижжа касаллиги билан касалланиш даражасини аниқлаш мақсадида нафақат тиббиёт муассасаларига мурожаат этган беморлар, балки мактаб ўқувчилари, мактабгача тарбия муассасалари тарбияланувчилари, озиқ-овқат корхоналарида ишловчи ходимлар, чорвадорлар ва гижжа касаллигига чалинганлар билан мулоқотда бўлувчиларда лаборатория йўли билан доимий текширишлар ўтказиб борилади. Ҳар йили энг камида вилоят аҳолисининг 35-40 фоизи қамраб олинади. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг 3,0-3,1 фоизида гижжа касалликлари аниқланмоқда. Ёки бўлмаса, касалланганларни 90 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда. Уларда асосан 6 турдаги гижжа касалликлари - энтеробиоз, гименолепидоз, аскаридоз, тениаринхоз, трихоцефалёз, эхинококкозлар қайд этилган.
Гельминтозлар одамнинг амалда ҳамма органлари ва тўқималарига жойлашиб олади. Кўп ҳолатларда ичак, ўпка ва жигар тўқималарини зарарлантиради. Гельминтлар организмда сенсибилизация қўзғатиб, кейин аллергик реакцияларни ривожлантиради. Органлар ва унинг тўқималарини шикастлантиради ва фаолиятини бузади. Инсон танасида озиқ-овқат моддалари, витаминлар ва минерал моддаларнинг сўрилишини ёмонлаштиради, кам қонликнинг ривожланишига олиб келади. Юқумли касалликларнинг кечишини оғирлаштиради ва уларга қарши эмлашнинг самарадорлигини пасайтиради. Гижжалар болаларнинг жисмоний ривожланишини сусайтиради.
Беморларда иштаҳанинг пасайиши, қоринда табиатан ҳар хил оғриқ, ич бузилиши, кўнгил айниши, бош оғриши, тишларни ғижирлатиши, инжиқлик, тунда сийиб қўйиш (энурез), терининг баъзи жойларига витилигосимон оқ тошмалар тошиши учрайди. Экзема, дерматитлар ва нейродерматитларни келтириб чиқаради. Сочнинг озиқланишини бузади, учоқли соч, қош, соқол тўкилишига сабаб бўлади. Айниқса, болалар инжиқ табиат бўлиб қолади. Тенгдошларидан ақлий ва жисмоний равожланишда ортда қолади. Дарсларни яхши ўзлаштира олмай қийналади. Хотира ва эслашни сусайиши, эпилепсия ҳолатлари каби аломатлар кузатилади. Бошқа юқумли касалликлар билан касалланишга мойиллиги ортади, иммунитетни пасайтиради, соматик(юқумсиз) касалликларни кечишини оғирлаштиради. Бундан ташқари озиш, овқатга тўймаслик, дармонсизлик каби аломатлар кўзга ташланади.
Гижжа касалликларини олдини олишнинг асосий йўли унга қарши дорилар билан даволаш ишларини ташкил этишдир. Бу тез ва самарали усул бўлиб, провардида касалланишни камайишига олиб келади. Дегельминтизация тадбирлари соғлиқни мустаҳкамлайди ва озиқ-овқат моддаларини организмда сўрилишини яхшилайди.
Шунинг учун ҳам Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) болалар соғлигини мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат моддаларини организмда сўрилишини яхшилаш мақсадида оммавий дегельминтизация тадбирларини ўтказилишини бежиз таклиф этмаган. Мана бир неча йилдирки, ЖССТ томонидан оммавий дегельминтизация тадбирларини ўтказиш учун гижжаларга қарши дори воситалари билан бепул таъминлаб келинмоқда.
Мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрда қабул қилинган "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш, аҳоли орасида ичак гельминтози билан касалланишни камайтириш мақсадида кенг кўламда ишлар олиб бориляпти. Ана шунинг учун ҳам жорий йилнинг 19-24 апрель кунлари 2-10 ёшдаги болаларга ҳамда зарарланиши юқори бўлган мактабларда 15 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларга Альбендозол 400 мг, Мебендазол 500 мг дори воситасини тарқатиш, яъни дегельминтизациянинг 1-турини ўтказиш режалаштирилди. Дегельминтизациянинг 2-турини эса 2021 йилнинг куз ойларида ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Ушбу тадбирни ўтказиш учун вилоятимизга 777486 дона Альбендозол 400 мг, 353646 дона Мебендазол 500 мг дори воситалари келтирилиб, барча оилавий поликлиникаларга, қишлоқ врачлик пунктларига етказиб берилиши таъминланди.
Бу муҳим тадбирга ЖССТ, "AmeriCares" Халқаро ташкилоти орқали "Соғлом авлод учун" Халқаро нодавлат хайрия жамғармаси ҳомийлик қилмоқда. Биргина вилоятимизда 2-10 ёшгача бўлган 510475 нафар болалар ҳамда касалланиш даражаси юқори бўлган мактабларнинг 11-15 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари дегельминтизациядан ўтказилиши режалаштирилганди. Шунингдек, тадбирларга умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларининг масъуллари ҳам жалб этилди. Самарадорликка эришиш мақсадида акция аввалида ва якунида лаборатория текширув таҳлиллари ўтказилади.
Олдинги йилларда ўтказилган дегельминтизация тадбирлари натижаси шуни кўрсатмоқдаки, юқоридаги каби даволаш ва тарғибот ишларини олиб борилиши касалланиш даражасининг 3-4 мартага камайишига, қайта юқишининг олдини олишга муҳим асос бўлмоқда. Келажагимиз пойдевори бўлмиш фарзандларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга ҳамда уларнинг жисмонан бақувват ва ақлан етук бўлиб ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.