Безгак - ўткир юқумли касаллик бўлиб, Анофлес (безгак чивинлари) чивини орқали юқиши, тана ҳарорати кўтарилиши, талоқ ва жигарни катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Унинг 4 та қўзғатувчиси мавжуд: - булар уч кунлик безгак қўзғатувчиси, уч кунликка ўхшаш овале безгак қўзғатувчиси, тўрт кунлик безгак қўзғатувчиси ҳамда тропик безгак қўзғатувчилари. Улар ўзининг клиникаси, эпидемиологияси ва лаборатория диагнос­тикаси билан бир-биридан фарқ қилади.

Инфекция манбаи шу касаллик билан оғриган бемор ва паразит ташувчи ҳисобланади. Қўзғатувчининг 2 та "хўжайин"и бўлиб, асосий "хўжайин"-анофлес чивини, оралиқ "хўжайин" одам ҳисобланади. Чивин безгакка чалинган инсонни чаққанда, унинг ошқозонига қон орқали паразитлар тушади ва бир неча кун мобайнида ривожланади. У юқумли паразит ташувчисига айланади. Соғлом одамни чаққанда чивиннинг сўлаги орқали инфекция одам танасига тушади ва маълум муддат ичида касаллик белгилари пайдо бўлади.

Безгак чивинлари сувда ва ҳавода ҳаёт кечиради. Шароит ва ҳарорат қулай бўлса, 10-20 кун ичида ривожланиб вояга етади. Сўнгра аҳоли яшайдиган ҳудудларга қон сўриш учун учиб боради. Танасида янги авлод етиштираётган урғочи чивинларгина қон билан озиқланади. Бунинг учун 3 км гача бўлган масофани босиб ўта олади. У икки ой давомида касаллик юқтириш қобилиятига эга бўлади. Безгак чивинлари асосан соҳили ботқоқлашган сув хавзалари, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўпланиб қолган, турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, ишдан чиққан сув қувурлари, ичимлик сувини беҳуда оқиб ётиши натижасида вужудга келган сув хавзалари- кўлмакларда кўпаяди.

Касалликни қисқа яширин даври 10-21 кун, узоқ яширин даври 8-14 ой, баъзи ҳолларда 3 йил ва ундан узоқроққа чўзилиши мумкин. Касалликни юқтирган беморда даст­лаб қалтираш кузатилади. Лоҳаслик, дармонсизлик, жунжикиш, бош ва бел оғриғи, кўнгил айниш, иштаҳа ёмонлашиш ҳоллари қайд қилинади. Биринчи хуруж жараёнида тана ҳароратининг 38-39 СО ва ундан ҳам ошиши юз беради. Бу бир неча кун давом этиши мумкин.

Биринчи ҳафтанинг охирига келиб кўп ҳолларда танада қалтираш, қизиш ва ўта терлаш такрорланиши кузатилади. Хуруж одатда кундуз кунлари, ҳар сафар бир вақтда бошланади, бу дифференциал ташхис белгиларининг биридир. Типик безгак хуружи қаттиқ қалтироқ тутиши билан бошланади, 15 дақиқадан 2-3 соатгача давом этади. Бу вақтда касал тўшак ичида ҳам қалтирайди. Тери ва кўринадиган шиллиқ пардалар оқаради. Тана ҳарорати тез кўтарилади, 40 СО га етади ва ундан ҳам ошади. Нафас олиш тезлашади, кўнгил айниш ва қусиш ҳоллари бўлиши мумкин. Қалтироқ иссиқлик билан алмашинади, касални чанқаш қийнайди, улар тинчлигини йўқотади, кўрпани устидан олиб ташлайди. Бош оғриғидан арз қилади, юрганда кўз косалари оғрийди, юрак уриши тезлашади. Артериал қон босими пасаяди. Иситмалаш даври 2-6 соат давом этади ва терлаш даврида бир неча марта кийимини алмаштиришга тўғри келади. Ва ниҳоят, тана ҳарорати меъёрлашади ва бемор енгиллик сезади.

Агар оила аъзоларингиз орасида шундай касаллик белгилари намоён бўлса, албатта, тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Тўғри ташхис қўйиш учун, қонни безгакка текшириб кўриш шарт. Бундан ташқари, сиз сўнгги уч йил ичида Осиё ва Африканинг иссиқ иқлимли мамлакатларидан сафардан қайтган бўлсангиз, бу ҳақида ҳудуддий шифокорингизга албатта хабар беринг. Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлашни унутманг.

Ҳар бир масъул шахслар безгак чивинлари кўпайишига йўл қўймаслик мақсадида шоли майдонларини аҳоли яшаш жойларидан 2-3 км узоқликда жойлаштирилиши мақсадга мувофиқлигини ёдидан чиқармасин. Ариқ-зовурларни ўз вақтида тозалаб, ободонлаштириш ишларини мунтазам олиб бориш керак. Ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, уни беҳуда оқиб кўлмаклар пайдо бўлишига йўл қўймаслик, қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда агротехника ва санитария-гидротехника қоидаларига амал қилиш лозим. Фуқароларга эса баҳор, ёз, куз фаслида чивинлардан ҳимояланиш мақсадида пашшахонадан фойдаланишни тавсия этамиз.

Дилдора МАТҚОСИМОВА,

Наманган СЭО ва ЖСБ

врач-паразитологи.