ОИВ инфекцияси - одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касалликдир. Уни вақтида аниқлаб, даволаш, бошқаларга юқишининг олдини олиш ғоят муҳимдир. Шунинг учун чет элга бориб ишлаб келган меҳнат мигрантларини даволаш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Тиббий кўрик вақтида улардан ОИВ, таносил ва бошқа касалликларга қон намунаси олиб текширилмоқда. Айрим фуқаролар ўзи билмаган ҳолда ушбу касалликларни турмуш ўртоғига юқтириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Агар улар ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишса, ўзини ва яқинларини ОИВ деган юқумли касалликлардан асраган бўладилар.
ОИВ инфекцияси қуйидаги йўллар билан юқади:
1. Жинсий мулоқот орқали - ҳимоясиз пала-партиш жинсий алоқа қилганда;
2. Қон орқали, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон махсулотлари, стерилланмаган тиббиёт асбоблари, соқол олувчи, таутировка ва косметик асбоблардан, айниқса битта шприц орқали бир неча киши гиёҳванд моддаларни қабул қилганда;
3. Онадан болага - ОИВ касаллиги ОИТС билан оғриган онадан болага ҳомила орқали, туғиш жараёнида ва эмизганда сут орқали ўтиши мумкин.
ОИВ инфекцияси қайси ҳолларда юқмайди?
Касаллик умумий идиш-товоқдан фойдаланганда, қўл бериб қучоқлашиб кўришганда, йўталганда ва аксирганда, бирга чўмилганда, ички ва сиртқи кийимлардан фойдаланганда юқмайди.
ОИВ касаллиги ОИТСга хос айрим белгилар бор, бу лимфа тугунларнинг катталашуви, бир ойдан ортиқ сабабсиз иситмалаш, сабабсиз тана вазнининг камайиб кетиши, юқори нафас йўллари касалликларининг тез-тез қайталаниши, терини ҳар-хил тошмали касалликлар қоплаши ва бошқалар. Агар ўзингизда ва яқинларингизда ушбу белгилар пайдо бўлса, яшаш жойидаги шифокорга мурожаат қилиб, керакли маслаҳат олишингиз, ўзингизни хоҳлаган тиббиёт муассасасида ОИВ касаллигига бепул текширтиришингиз шарт.
Ҳозирги вақтда ОИВ касаллигини даволайдиган махсус дори-дармон афсуски йўқ. Ишлаб чиқарилаётган ретровирусларга қарши дори-дармонлар ОИВ вирусини кўпайишини олдини олиб, бемор умрини узайтиради, холос.
Шунинг учун ҳар бир одам оилада, жамиятда соғлом турмуш тарзини ўтказиши, аҳлоқан ва маънавий пок бўлиши, гиёҳвандлик, майпарастлик, фоҳишабозлик ва бошқа иллатлардан йироқ юриши зарур.
М. АШИРМАТОВ,
У. АСҚАРОВ,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари.